ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

СИЗДАН ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН ҚОЛДИ


31.08.2023

Бугун Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигига 32 йил тўлди. Мустақилликни моҳияти аввало инсон ўз тақдирига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқидир. Шунинг учун Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг чиқишларидан бирида «Мустақиллик – бу ҳуқуқ» деб таъкидлаган эди.

Ўзбекистон мустақиллик томон йўл тутар экан, 1989 йилнинг ёз ойлари ва 1990 йил баҳорида Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон халқи тақдирини ҳал қиладиган тараққиёт йўллари ишлаб чиқилди. Ана шу йўлнинг бошида 1989 йил июнь ойидан Ўзбекистон раҳбари, 1990 йилнинг мартидан Ўзбекистон Республикасининг Президенти сифатида Ислом Абдуғаниевич Каримов турди. Ислом Каримов  ўз ақл- заковати, лидерлик қобилияти билан ўзбек халқини талофатсиз мустақиллик сари етаклади, суверен Ўзбекистон Республикасига асос солди.

1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон ССРнинг Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Олий Советининг сессиясида Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилган эди. 1 сентябрь санаси ўша шонли 1991 йилдан эътиборан байрам – Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик Куни сифатида кенг нишонланиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эълон қилишнинг расмий санаси билан боғлиқ бўлган тарихий жараёнларга назар ташласак, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1991 йил 26 август куни Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги тўғрисида қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳамда 31-августда Олий Кенгаш сессиясини чақиришга қарор қилди. Ана шундай вазиятда  Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XII чақириқ навбатдан ташқари VI сессияси 1991 йил 31 августда ўз ишини бошлади. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат  мустақиллигини  эълон  қилди. Шу куни “Ўзбекистон мустақиллиги асослари тўғрисида” ги Конституциявий қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон ўша кезлар СССР таркибида бўлиб, ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишида барча жавобгарликни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби, Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов республика раҳбари сифатида тўлиқ ўз зиммасига олган. Сабаби ўша кезларда собиқ СССР дан ажралиб мустақил давлат сифатида сиёсат юритишга Олий Кенгаш таркибидаги кўплаб депутатлар ҳам, ҳукумат аъзолари ҳам тайёр эмас эди.

Янги қабул қилинган “Ўзбекистон мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан Ўзбекистон тарихида янги давр–миллий истиқлол даври бошланди.Ўзбекистон учун мустақил ички ва ташқи сиёсат юритиш, халқимиз учун ўз тақдирини ўзи белгилаш имконияти вужудга келди.

Бунда аввало, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс. Ислом Каримов сиёсий фаолияти давомида миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, республиканинг халқаро имиджини кўтариш, халқ фаровонлигини оширишга бор куч ғайратини, билим ва салоҳиятини сафарбар этди.

         Истиқлол шарофати билан мустақил тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичига қадам қўйган Ўзбекистон янада равнақ топмоқда.  Бугун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар Янги Ўзбекистонда мамлакат тараққиёти, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигига хизмат қилмоқда.

 

Ф. Қурбанбаев суратлари