ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Самарқандда Ислом Каримов ўқишлари бошланди


29.04.2019

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги республика хайрия жамоат фонди томонидан ҳар йили “Ислом Каримов ўқишлари”ни ўтказиш анъанага айланган.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги фармойиши асосида жорий йилнинг 29-30 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Ислом Каримов ўқишлари: Ислом Каримов – давлат мустақиллигининг асосчиси” мавзуидаги республика илмий анжумани ўтказилмоқда.
 
Мазкур тадбирда иштирок этиш учун бугун Самарқандга Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва республика хайрия жамоат фонди масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари, таниқли олимлар келди.
 
Конференция қатнашчилари Ислом Каримов мақбара мажмуаси ва ҳайкалини зиёрат қилиб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
 
Шундан сўнг Самарқанд давлат университетида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотоасарлар кўргазмаси очилди.
 
Анжуманнинг асосий тадбирлари 30 апрелга мўлжалланган.