ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Самарқандда Ислом Каримов ҳайкали очилди


04.09.2017

 

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг барҳаёт сиймоси ёд этилмоқда. 2017 йил 31 август куни пойтахтимизда мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг улуғвор ҳайкали очилган эди. Шундай маросим 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирда иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрди. 

Давлатимиз раҳбари дастлаб Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди. 

Самарқанд рамзи бўлган Регистон майдони ёнидаги хиёбонда, Ислом Каримов туғилиб ўсган хонадон яқинида Биринчи Президентимизга ҳайкал ўрнатилган. Бу ерга ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят фаоллари, нуронийлар, ёшлар жам бўлди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Азиз ватандошлар! 

Ҳурматли Татьяна Акбаровна! 

Муҳтарам Самарқанд аҳли! 

Бугун – 2 сентябрь, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафот этганига бир йил тўлди. 

Шу муносабат билан кенг жамоатчилик, жумладан, жонажон Самарқанд аҳли вакиллари билан Ислом акани ёд этиб, у кишининг ёрқин хотирасини абадийлаштириш учун бугунги тадбирда йиғилиб турибмиз. 

Барчамиз яхши биламиз, йил давомида бутун халқимиз, шунингдек, кўплаб хорижий давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва чет эллик фуқаролар Биринчи Президентимизнинг ўчмас хотирасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатдилар. 

Хабарларингиз бор, куни кеча, Мустақиллик байрами арафасида, азим пойтахтимиз – Тошкент шаҳрида, Ислом Абдуғаниевич узоқ йиллар фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳи олдида у кишининг ҳайкали очилди. 

Бугун эса Биринчи Президентимиз туғилиб ўсган, камолга етган ва мангу ором топган Самарқанд шаҳрида Ислом аканинг сиймоси акс этган ҳайкални очаётганимиз эл-юртимизнинг ушбу улуғ инсонга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромининг яна бир амалий ифодасидир. 

Ислом Абдуғаниевичнинг улуғвор қиёфаси ёрқин намоён бўлган ушбу ёдгорликда у киши ўзининг донишманд нигоҳи ва меҳр тўла кўзлари билан барчамизга боқиб турибди. 

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич бамисоли ўзи учун беҳад қадрли бўлган шу диёр аҳлини, азиз юртдошларини Мустақиллик ва Ҳайит байрами билан табриклаб, барчамизга самимий тилаклар билдираётгандек. 

Ишончим комил, Ислом Абдуғаниевичнинг ҳайкали қад кўтарган мана шу табаррук маскан халқимиз учун, юртимизга келадиган минг-минглаб азиз меҳмонлар учун муқаддас зиёратгоҳга айланади. 

“Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар кун қилиш керак” деган даъватга бир умр амал қилиб яшаган бу улуғ инсоннинг хотираси, айни пайтда Ҳазрати Хизр мажмуасида барпо этилаётган табаррук зиёратгоҳлари барчамизни эзгу ва хайрли ишларга чорлаб туради. 

Қадрли анжуман иштирокчилари! 

Ислом Абдуғаниевичнинг тарих ва келажак олдидаги буюк хизматларини таърифлаб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. 

Нега деганда, бугунги Самарқанд, бугунги Ўзбекистоннинг гўзал ва обод қиёфаси, халқимиз эришаётган барча-барча ютуқлар у кишининг ана шундай тарихий хизматларини бамисоли кўзгудек яққол намойиш этиб турибди. 

Биринчи Президентимиз ўтган асрнинг 90-йилларида кескин муаммолар, миллатлараро можаролар гирдобига тушиб қолган юртимизни ўзининг юксак раҳбарлик салоҳияти, жасорат ва матонати билан мудҳиш фожиалардан омон сақлаб қолди, Ватанимизни катта тараққиёт йўлига олиб чиқди. Бу йўлда ўзининг куч-ғайрати, ақл-заковати, билим ва тажрибасини аямади. 

Бу, ҳеч шубҳасиз, том маънода қаҳрамонлик ва фидойилик намунаси бўлиб, тарихимизда мангу муҳрланиб қолади. 

Биз барчамиз, бутун халқимиз ҳақли равишда Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом ака билан фахрланамиз, у киши бошлаган ишларни мутлақо янгича миқёс ва талаблар асосида давом эттиришни ўзимиз учун юксак бурч ва масъулият деб биламиз. 

Ҳурматли дўстлар! 

Биринчи Президентимиз бутун Ўзбекистонимиз каби, унинг бебаҳо гавҳари бўлган Самарқанд заминини ҳам фарзандлик меҳри билан чин дилдан севар эдилар. 

Самарқандни дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бирига, ҳақиқатан ҳам ер юзининг сайқалига айлантириш Ислом аканинг юксак орзуси эди. 

У киши шу йўлда қисқа муддатда улкан ишларни амалга оширганларини сиз, муҳтарам Самарқанд аҳли яхши биласиз, албатта. 

Ислом ака дунё миқёсида “Римнинг тенгдоши” деб тан олинган Самарқанддек буюк шаҳарнинг шаъну шавкатига, ўзига туз-насиба берган бу замин аҳлига, унинг ишончига доимо муносиб бўлиб яшади. 

Биз эл-юртга садоқат, чинакам ватанпарварликнинг олий намунасини ҳурматли Йўлбошчимизнинг ўз она шаҳрига чексиз муҳаббатида, бунинг амалий намоёни бўлган катта-катта ишларида кўрамиз. 

Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистонимизни, мустақиллигимизни, тинч ва обод ҳаётимизни севиш ва қадрлашни, ўз юртимизга меҳр-муҳаббатни биз улуғ Юртбошимиздан ўрганганмиз. 

Биринчи Президентимиз мустақиллик йилларида Самарқанд шаҳрини тубдан обод қилиш, унинг тарихий ва замонавий қиёфасини уйғунлаштиришга қаратилган улкан ишларга бевосита раҳбарлик қилди. 

Имом Бухорий, Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш, Шоҳи Зинда зиёратгоҳи, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Ҳазрати Хизр масжидини таъмирлаш, обод қилиш, янги уй-жойлар, майдон ва хиёбонлар, ижтимоий ва маданий объектлар қуриш ишларида Ислом аканинг беқиёс ҳиссаси борлигини, ишонаман, Самарқанд аҳли ҳеч қачон унутмайди. 

Ислом Абдуғаниевичнинг ташаббуслари билан 2007 йили Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик қутлуғ санаси ЮНЕСКО иштирокида кенг нишонлангани тарихимизда ёрқин саҳифа бўлиб қолади. 

Куни кеча мана шу муаззам Регистон майдонида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўз ишини катта муваффақият билан якунлади. 

Дунёнинг турли қитъа ва минтақаларидаги 60 га яқин мамлакатдан келиб, ушбу анжуманда иштирок этган атоқли сиёсат ва маданият арбоблари, машҳур санъат намояндалари бундан йигирма йил олдин бу фестивалга асос солган Биринчи Президентимиз хотирасига чуқур ҳурмат билдириб, у кишининг хизматларини миннатдорлик билан таъкидлаганлари, ҳеч шубҳасиз, барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. 

Қадрли ватандошлар! 

Роппа-роса бир йил аввал бошимизга оғир қайғу ва мусибат тушган ташвишли кунларда дунё аҳли биз билан ҳамдард бўлиб, Биринчи Президентимизнинг хотирасига юксак эҳтиром кўрсатгани ғоят мушкул дамларда бизга катта мадад берди. 

Насиб этса, келгуси йил январь ойида Ислом Абдуғаниевич таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаймиз. 

Ана шу қутлуғ сана муносабати билан Самарқанд шаҳрида, Биринчи Президентимиз абадий ором топган масканда у кишининг шон-шуҳратига муносиб тарзда бунёд этилаётган улуғвор ва муҳташам мақбара мажмуаси ҳам очилади. Шунингдек, Қарши шаҳрида ҳам муҳташам ҳайкал барпо этилади. 

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич “Бу ҳаёт, бу умр Амударё сувидек тез ва шиддат билан ўтиб кетади, лекин инсоннинг эзгу ишлари, эзгу хотираси боқий яшайди” деган чуқур маъноли сўзларни такрор ва такрор айтар эдилар. 

Бугун Ислом аканинг босиб ўтган ибратли ҳаёт йўли, амалга оширган хайрли ишларини эслар эканмиз, бу фикрлар аввало у кишининг ўзларига тўла дахлдор эканини таъкидламоқчиман. 

Миллий мустақиллигимизнинг асосчиси муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг сўнмас хотирасига қўйилган энг буюк ҳайкал – бу мустақил ва суверен, эркин ва озод Ўзбекистон давлатидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Бугун, мана шу муборак Ҳайит айёмида барчамиз Оллоҳ таолодан азиз Ислом акамиз, меҳрибон устозимизнинг охиратларини обод этишни сўраймиз. 

Мен аминман – биз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизни янада обод ва фаровон қилиш учун қанчалик фидойилик ва қанчалик садоқат кўрсатиб меҳнат қилсак, у кишининг руҳлари шунчалик шод бўлади. 

Бугун азим Самарқанд шаҳрида Биринчи Президентимизнинг улуғвор ҳайкалини очаётган эканмиз, бир фикрни таъкидлаб айтмоқчиман: биз – ҳаммамиз, эгаллаб турган вазифамиз, касбимиздан қатъи назар, ўзимиз фаолият кўрсатаётган соҳада Ватанимизга, халқимизга, Биринчи Президентимизга доимо муносиб бўлишимиз керак. 

Бу борада сиз, азиз Самарқанд аҳли доимо ибрат ва намуна бўласиз, деб ишонаман. 

Мана шу эзгу мақсад йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, куч ва ғайрат, оилавий бахт тилайман. 

Эътиборингиз учун раҳмат.

Манба

Ислом Каримов мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигининг асосчиси, буюк сиёсатчи, доно ислоҳотчи, тинчликпарвар ва халқпарвар давлат раҳбари сифатида халқимиз орасида, бутун дунёда катта ҳурмат қозонган эди. 

Биринчи Президентимизга хос бўлган букилмас ирода, ватанпарварлик, мардлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барча учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди. 

Ислом Каримов Ўзбекистон манфаатини ҳамма нарсадан устун қўяр, унинг тараққиёти учун жонини ҳам аямасди. 

Шавкат Мирзиёев ва Биринчи Президентимизнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова Ислом Каримов ҳайкалини очди. Буюк Йўлбошчимиз ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ислом Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танловда ғолиб деб топилган ҳайкалларни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўрнатиш белгиланган эди. 

Самарқанд шаҳрида очилган ҳайкал элу юртимизнинг Ислом Каримовга юксак ҳурмати ва меҳр-муҳаббатининг яна бир ифодаси бўлди. 

Маросимда “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Ҳ.Нормуродов, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев, Самарқанд шаҳридаги 43-ихтисослашган мактаб директори Е.Компольшик, Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Д.Олимова, Биринчи Президентимизнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова Ислом Каримов билан боғлиқ хотираларини ёдга олди. Буюк Йўлбошчимизнинг турли синов ва қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтгани, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, турмуш шароитини янада яхшилаш йўлида тинимсиз меҳнат қилганини таъкидлади. 

Биринчи Президентимиз ҳайкали пойи гулларга бурканди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов туғилиб ўсган хонадонга ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, элга эҳсон дастурхони ёзилди. 

Манба