ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ 30 ЁШДА...


07.12.2022

1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конститутицяси қабул қилинган. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами сифатида мамлакатимизда кенг нишонлаб келинмоқда.

Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди. Бу пайтда Конституциявий комиссия томонидан 25 дан ортиқ мамлакатларнинг конституциялари таҳлил қилинди. Конституция 97 та мамлакатнинг илғор конституциявий тажрибасини ҳисобга олиб яратилди.

Биринчи Президентимиз Конституциявий комиссия иш бошлаши билан мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатларини ва хусусиятини муносиб равишда акс эттирадиган, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, жаҳон тажрибасини, демократия ва энг ривожланган мамлакатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни инобатга оладиган Асосий Қонун лойиҳасини тайёрлашга бевосита раҳбарлик қилди.

Биринчи Президентимиз ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида сўзга чиқиб Конституцияни “халқчил қомус” деб атади ва унинг лойиҳаси устида тахминан икки йил давомида ишлангани, икки ярим ой мобайнида умумхалқ муҳокамасидан ўтганлиги ва шу вақт мобайнида у халқнинг фикр хазинаси дурдоналари билан бойтилганини, сайқал топганини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу хусусида “Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида 1990 йил июнь ойида тузилган Комиссиянинг икки йиллик машаққатли меҳнати натижасида Конституциянинг биринчи, иккинчи ва сўнгра учинчи лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ушбу Комиссия аъзоси сифатида мен ана шу тарихий жараёнда бевосита иштирок этганимни доимо фахр билан эслайман. Конституциянинг яратилиши билан боғлиқ қизғин баҳс-мунозаралар, турли ғоя ва фикрлар ҳали ҳам хотирамда”, деб таъкидлаган эди. 

Шундай қилиб, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди. Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Кўкрак нишони билан меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини, мудофаа қудратини, миллатлараро дўстлик ва тотувликни юксалтириш, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш шунингдек, мамлакатимизнинг барча соҳалари вакилларига муносиб ҳисса қўшгаётган барча соҳа вакиллари тақдирланади.

Ушбу юксак давлат мукофоти билан тақдирланганлар қаторида Биринчи Президентимизнинг рафиқаси, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Васийлик кенгаши аъзоси Татяна Акбаровна Каримова ва мажмуа жамоаси аъзолари ҳам бор.

Барча ҳамюртларимизни Ватанимизнинг Бош Қомуси қабул килинган кун билан самимий муборакбод этамиз!

 

Мажмуа фотоархиви ва Ф. Курбанбаев суратлари