ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Хотира Хафталиги


01.02.2024

1-февраль куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 86 йиллигига бағишланган Хотира Хафталигининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мажмуа ходимлари Оқсарой қароргоҳида ўрнатилган Ислом Каримовнинг хайкали пойига гул қўйиб атоқли давлат арбоби, давримизнинг буюк сиёсатчиси, Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, миллатимизнинг муносиб ўғлони хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирдилар.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев беназир қадриятларимизни, кўҳна тарихимиз ва аждодларимизнинг номини улуғлашни, ардоқлашни  ўзининг ватанпарварлик бурчи деб билади. Биринчи Президентнинг хотирасини абадийлаштиришга қаратилган хайрли ишлар ҳам айнан Шавкат Миромоновичнинг ғоя ва ташаббуси асосида амалга оширилаётгани эътирофга лойиқдир”,-деди Мажмуа раҳбари Темур Ширинов ўзининг кириш сўзида. Тарихчи олим Ислом Каримовнинг мамлакатни ҳурликка олиб чиқиш йўлида кўрсатган жасорати, букилмас иродаси, юксак сиёсий иқтидори, давлат бошқарувидаги билим ва тажрибаси хусусида батафсил тўхталди. Ислом Каримовнинг маънавий меросини ўрганиш борасида илмий изланишлар олиб бориш, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга дахлдорлигимизни чуқур ҳис этган холда хайрли ишларга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшиш Мажмуа фаолиятининг бош йўналиши бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади Темур Ширинов.

Сўзга чиққанлар Биринчи Президентнинг таваллуд куни мамлакатимиз ва хорижда кўтаринкилик билан нишонланаётгани кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшиб, фаолиятимизнинг самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди.

“Яхшидан боғ қолади”,-деган нақлнинг амалдаги ифодасини атрофимизда рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиланишларда кўриб турибмиз. Мустақиллик пойдевори устида Янги Ўзбекистон бунёд этилмоқда. Тарихимизнинг янги саҳифасини яратишда ёшларимизнинг ўрни ва ҳиссаси беқиёсдир.

Ёш авлод вакиллари қалбига, онгу-шуурига Ватанга садоқат, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва миллатпарварлик, тинчликсеварлик тобора чуқур сингиб бораётгани айни хақиқатдир. Зеро Ислом Каримовнинг беназир меросидан баҳраманд бўлаётган авлод учун ана шу тамойилларга амал қилиб яшаш ҳам фарз, ҳам қарздир.

Т.Қурбанбаев суратлари