Ўтаётган кунлар бизни – шунчаки тақвимда қизил рангга бўялиб, расман байрам дея эълон қилинган кунга эмас, жонажон Ватанимизнинг бош ҳуқуқий айёми томон, жондай азиз мустақилликнинг қонуний пойдевори қўйилган, Ўзбекистонни суверен демократик республика сифатида қонунан муҳрлаган, қолаверса, каттаю кичик ҳар биримизнинг эл ичида бош кўтариб, ҳуқуқимизни таъминлайдиган, “конституцион ҳимоядаман”, дея мағрур юришимиз учун асос бўладиган Конституциямиз қабул қилинган кун томон бошлаб бормоқда.
32 йил. Кўҳна тарих олдида бу йиллар балки арзимас бир даврдир. Лекин биз – ўтган ва ҳозирги тузумларни солиштириш имконига эга, юрт тақдири олдида ўзни дахлдор билгувчи одамлар учун, киндик қони томган гўшанинг дунёдаги тенглар ичра тенглигини белгилаб, кафолатлаб турган бош ҳужжат қабул қилинган кунни алоҳида байрам қилиш – мудом шараф.
“Конституциянинг яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилишида замонамизнинг буюк давлат арбоби, улуғ йўлбошчимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизмати беқиёс эканини барчамиз яхши биламиз. Халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва бутун ҳаётини тубдан ўзгартирган ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичнинг концептуал аҳамиятга эга, теран фикрлари мустаҳкам замин бўлди”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мазкур фикрларини келтирар эканмиз, бевосита яқин тарихга мурожаат қилишга тўғри келади.
Конституцияни яратиш йўлидаги муҳим ҳуқуқий қадам – Конституциявий комиссиянинг ташкил этилишига бориб тақалади. Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.
Биринчи Президент мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятини акс эттириб, шунингдек, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, жаҳон тажрибаси, демократия ва энг ривожланган мамлакатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни инобатга оладиган Асосий Қонун лойиҳасини тайёрлашга бевосита раҳбарлик қилди.
Шу тариқа, икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар эътиборга олиниб, 1992 йил 8 декабрь куни, Олий Кенгашнинг ўн биринчи сессиясида Бош қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.
Ислом Каримов ўша сессияда сўзлаган нутқида шундай деган эди: “Ҳур Ўзбекистонимизнинг тарихида биринчи Конституцияни қабул қилиш жумҳуриятимизнинг янгидан туғилишидир, ҳуқуқий мустақиллигимизга мустаҳкам пойдевор қуришдир. Конституциямиз асосий қонунимиз сифатида давлатни давлат қиладиган, миллатни миллат қиладиган конунларга асос бўлиши муқаррар”.
Шундай бўлди ҳам. Бош қомус мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келди. Очиғи, у ҳар куни ўзгартириладиган, бугун ёқмай қолса, эртага алмаштириб қўйиладиган ҳужжат эмас. Ўзгартириш, таҳрир қилиш учун маълум бир давр етилиб келмоғи лозим эди.
Шиддатли тараққиёт, ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият, жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси тубдан ўзгаргани – Ватан тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этди.
Шунинг учун ҳам “Инсон қадри учун” ғоясини Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига янада чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантириш мақсадида, конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди.
2023 йил 30 апрелда умумхалқ овоз бериш орқали референдумда янги таҳрирда қабул қилинган Конституция орқали инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият деб эълон қилинди.
Ўзгаришларнинг асосий моҳиятини давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мана бу фикрлари билан яққол ифодалаш мумкин: “Конституция тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат бўлиши шарт. Давлат органлари, айниқса, судлар ўз фаолиятида Конституцияга тўғридан-тўғри мурожаат қилиши, унинг нормаларига асосланиб иш кўриши зарур”.
Конституциянинг янги таҳририга асосан, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этиладиган бўлди. Эндиликда, мабодо қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала – давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.
Булар ҳаммаси яхши. Лекин бу дунёда ҳуқуқ билан бирга, бурч деган тушунчалар ҳам бор. Яъни бу ўринда биз ҳар бир фуқаронинг жамият ва давлат олдидаги бурчини назарда тутаяпмиз. Бунда эса таяниладиган асосий мезон – одамларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўлиб қолаверади. Янги Конституциямизда буларнинг ҳаммаси аниқ-тиниқ битиб қўйилган. Чунки у ўз номи билан, мамлакатнинг бош, муқаддас ҳужжатидир.