ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

30 январь Москва


01.02.2019

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 81 йиллиги кенг нишонланаётган кунларда Россия Федерациясининг пойтахтидан қувончли хабар олдик.

 

30 январь куни Москва шаҳрида Биринчи Президентимизнинг таваллуд куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.  Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси ходимлари, бу ерда яшаётган ҳамюртларимиз, таҳсил олаётган ёшларимиз, шаҳар аҳолиси Москванинг марказий райони Якиманкада жойлашган Ислом Каримов номидаги хиёбонда ҳозир бўлдилар.

Шаҳарнинг мазкур ҳудудини безаб турган бетакрор меъморий композиция – Ислом Каримовнинг ҳайкали пойи секин-аста анвойи гулларга буркана бошлади.

Буюк шахснинг номи ёдга олиниб, хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Ўзбекистон-Россия алоқаларини янги поғонага олиб чиқиш, тенг ҳуқуқли, икки томонлама манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш ва кенгайтиришда Ислом Каримовнинг роли ва хизматлари эътирофга лойиқ. Бунинг бош омили, икки давлат раҳбарлари Ислом Каримов билан Владимир Путин ўртасида ўрнатилган ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган кўп йиллик самимий дўстона муносабатдир. Ҳозирги кунда ҳам, ўзаро ҳамкорлигимиз изчил ривожланиб бораётгани боис, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига нисбатан Россияликлар томонидан кўрсатилаётган юксак ҳурмат ва эҳтиромнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.