1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимиз парламенти томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда миллий байроғимиз давлатимиз суверенитети рамзи эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси байроғи ва ундаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги мамлакатимизнинг миллий-маданий анъаналари ва табиий иқлим шароитларини ўзида мужассам этади.
Байроқ учта тенг горизонтал чизиқ: мовий, оқ ва яшил ранглардан иборат матони ифодалайди. Оқ ранг тепа ва паст қисмидан қизил чизиқлар билан ажратилган.
Байроқдаги мовий ранг – мусаффо осмон ва обиҳаёт рамзи бўлиб, ҳаво ва сув ҳаётнинг икки асосий манбаидир. Оқ ранг тинчлик, поклик, фикр ва ҳаракатларнинг маънавий тиниқлиги, софлигига ишорадир. Яшил ранг эса табиат ва ҳосилдорлик тимсоли.
Қизил чизиқлар – ҳар бир тирик вужудда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини ифодалайди. Бундан ташқари, халқимиз бу икки чизиқни Ўзбекистон заминини обиҳаёт билан таъминловчи Амударё ва Сирдарёни ифодаловчи "қон томирлари" деб ҳам атайди. Байроқдаги ярим ой мустақил давлатнинг туғилиши, 12 юлдуз эса мусаффо осмон рамзидир. Тиниқ осмон – бу тинчлик, ёруғлиқ, фаровонлик белгисидир.
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи мамлакатимиз довруғини бутун дунёга таратиш, юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий мемориал мажмуада Ислом Каримовнинг Ўзбекистоннинг давлат байроғи эскизини ишлаб чиқиш жараёнидаги шахсан иштироки ҳақида сўзловчи кўплаб тарихий ҳужжат ва материаллар сақланмоқда.
Мустақил Ўзбекистоннинг байроғи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти штаб-квартираси пештоқида 1992 йил 2 мартдан буён юзлаб бошқа байроқлар қаторида ҳилпираб турибди. Бу барча юртдошларимиз кўнглини фахр ва ифтихор туйғуларига тўлдирмоқда. Биз Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканимиздан фахрланамиз.
Давлатимиз байроғи Президент девони, Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси, ҳукумат, маҳаллий бошқарув органлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ва савдо ваколатхоналари, консуллик муассасалари бинолари пештоқида ҳилпираб турибди. Ўзбекистон Президентининг хорижга сафарлари давомида байроғимиз ўша мамлакат кўчаларини безаб, ўзгача файз бағишлайди. 1993 йилнинг октябрида Президент Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлат байроғи остида БМТ минбарида илк бор нутқ сўзлаган.
Ўзбекистон делегацияси иштирокидаги турли байрам тантаналари, халқаро тадбирлар чоғида, йирик спорт мусобақаларида давлатимиз байроғи Ватанимиз шарафини ифода этади.
Ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи олдида тиз чўкиб, Ватанни фидокорона ва садоқат билан ҳимоя қилишга қасамёд қилади. Халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган спортчилар миллий байроғимизни сарбаланд кўтаради.
Тарихий қадриятларимиз асосида ишлаб чиқилган, ўтмиш, бугунги кун ва келажакни акс эттирувчи давлатимиз байроғига эҳтиром ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, миллий рамзларнинг ҳар бири миллий ғурур туйғусини оширишга хизмат қилиб, ёшларни тарбия қилишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи буюк ўтмишимиз, шарафли бугунимиз ва ёрқин келажагимиз тимсолидир.
Равшан Назаров,
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти
Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий
мемориал мажмуанинг бош илмий ходими.