25 март куни Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар давлат вазири Мобашар Жавад Акбар бошчилигидаги делегация аъзолари Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуага ташриф буюрдилар.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг ҳайкали пойига гул қуйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамроҳлигида юқори мартабали меҳмонлар «Бутун оламни жо этган юрак» кўргазмаси билан танишдилар.
Мобашар Жавад Акбар Татьяна Акбаровна билан суҳбат давомида Ислом Абдуғаниевич юксак маълумотга эга, дунёқараши кенг, тараққийпарвар инсон эди, дея эътироф этди.
У ўз мамлакатини ХХI асрга шу қадар моҳирона бошлаб келдики, ўзбек халқи ўз тарихи, аждодларини улуғлаган ҳолда замон билан ҳамнафас бўлиб яшамоқда.
– Бу кун мен учун чексиз ҳурмат ва имконият тақдим этилган кун бўлди - дея сўзини давом эттирди Давлат вазири. - Мен ўз давлати учун янги даврни бошлаб берган миллий қаҳрамон – Ислом Каримовнинг мардлиги, ҳаётий қарашлари, инсоний тамойилларини нигоҳим билан қамраб олгандек бўлдим.
Мен учун унутилмас дамлар. Татьяна Каримова билан учрашувим ҳам хотирамда узоқ сақланади. Мен бу аёлнинг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги ҳамда ўз турмуш ўртоғи ҳамда Ватанига нисбатан муҳаббатини ҳеч қачон унутмайман.
Бу каби самимий фикрларнинг давоми фахрий меҳмонлар китобида қолдирилган дастхатда ўз ифодасини топди.
«Ижозатингиз билан мазкур китобда мамлакатим ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовга нисбатан юксак ҳурмати ифода этилган дастхат қолдираман» - деб ёзади Мобашар Жавад Акбар.
Юқори мартабали меҳмонга Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Винод Кумар, Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги масъул ходими Вишвеш Неги ҳамроҳлик қилмоқда.
Ҳиндистон делегацияси 2018 йил 26-27 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли халқаро анжуманда иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган.