ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ИСТИҚЛОЛ ЁҒДУСИ ПОРЛАГАН ҚАЛБЛАР 31 август – қатағон қурбонларини ёд этиш куни


31.08.2023

2001 йил 1 майда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида” ги Фармони эълон қилиниб, унга мувофиқ 31 август мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни деб белгиланган.

         Ислом Абдуғаниевич: “Тарихсиз келажак йўқ, адолатни тикламасдан туриб адолатли жамият қуриб бўлмайди”, дея ҳамиша таъкидлаб келган. Шу маънода мазкур Фармон, истиқлолга эришган юртимизда тарихий адолатни, халқимизнинг қадимий миллий қадриятларини тиклаш йўлида Биринчи Президент томонидан  олиб борилган сиёсатнинг амалдаги тасдиғи бўлди.

Мустабид тузум даврида халқимизнинг кўзга кўринган вакиллари – давлат арбоблари, адабиёт, маданият ва санъат намоёндалари, зиёли кишилар қаторида кўплаб оддий фуқаролар ҳам “халқ душмани” тамғаси билан жазоланган, қатағон қилинган. Уларнинг ортидан қолган яқинлари, оила аъзолари хўрланган, азоб уқубатларга гирифтор бўлган. Эрк ва адолат учун курашган кўплаб ватандошларимиз Сибир сургунларида, Сталиннинг авахталарида ном-нишонсиз кетган. Мустамлакачилар уларнинг шарафли номларига қўшиб қабрларини, “ватан хоинлари”нинг хайрихохлари сифатида қариндош-уруғларининг кўпчилигини йўқ қилиб юборган.

         Ҳар йили пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида қатағон қилинганларнинг хотирасига бағишлаб эҳсон дастурхони ёзилади, қурбон бўлганларнинг руҳи покига бағишлаб Қуръон тиловат қилинади.

Ислом Каримов ушбу мажмуа аҳамиятини шундай таърифлаган: “Бу ёдгорликни барпо этишдан мақсад – биринчидан бугунги ёруғ кунлар учун курашиб, шаҳид бўлганлар руҳини ёд этиш; иккинчидан – адолат бор экан, бари бир у юзага чиқар экан, деган қатъий ишончни одамлар руҳига сингдириш; учинчидан – бу дунё ўткинчи, аммо инсон хотираси абадий эканлигини ҳар бир киши, айниқса, ўсиб келаётган ёшларимизга англатишдан иборатдир”

2021 йили «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи реконструкция қилинган эди. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда унинг филиаллари очилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳали бу тарих охиригача ўрганилмагани, қатағон қурбонларини аниқлаш ва хотирасини тиклаш бўйича изланишларни давом эттириш кераклигини бежиз таъкидламаган.: «Охирги йилларда яна қанча қатағон қурбонлари аниқланди. Адолат нуқтаи назаридан қаҳрамон боболаримизнинг номларини тиклаяпмиз. Ўтган бир йил ичида Ўзбекистон Олий суди томонидан 235 нафар ана шундай ватандошимиз оқланди. Жадид боболаримиз номида музейлар, мактаблар ташкил қиляпмиз. Бундай хайрли ишларни тўхтатмаслик керак. Янги китоблар, фильмлар чиқариш зарур».

Давлатимиз раҳбари бу йўлда изланаётган заҳматкаш олимларга, зиёлиларга ҳамиша миннатдорлик билдириб келади.

 

 

Ф.Қурбанбаев суратлари