“ИСЛОМ КАРИМОВ: ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ – НОЁБ МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТ”
30 август куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Биринчи Президент Ислом Каримов хотира ҳафталиги доирасида “Ислом Каримов: Ўзбекистон маҳалласи – ноёб миллий қадрият” деб номланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатини мажмуа раҳбари Темур Ширинов очар экан, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг миллий давлатчилигимизга қўшган ҳиссаси, хусусан, маҳалла институти фаолиятини қайта тикланиши, ривожланиши ҳамда ҳуқуқий асосларининг мустаҳкамланишидаги ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг мустақилликка эришишдаги улкан тарихий хизматлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги таъминлаш, маҳалла институти фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш йўлида олиб борган сиёсий фаолияти хусусида сўз борди.
Давра суҳбатида Ислом Каримовнинг Ўзбекистон маҳаллаларини ривожлантиришга доир фаолиятини очиб берувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тадбирда республиканинг етук олимлари, жамоат арбоблари – Ёдгорлик мажмуаси раҳбари, профессор Темур Ширинов, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессор ўқитувчилари, Тошкент давлат педагогика университети профессор ўқитувчилари, Ислом Каримов номли Тошкент халқаро аэропорти ходимлари, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти доценти Ирода Шамсиева, Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур тумани Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Равшан Абидов, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Янги обод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Манзура Валиева, Ёдгорлик мажмуаси бош илмий ходимлар Ойбек Абдимўминов, Азиз Муллаев, етакчи илмий ходим Шохжахон Рашидов, Ички ишлар вазирлиги ахборот ресурс маркази бошлиғи Наргиза Муллажонова, Жамоат хавфсизлиги университети доценти Нодира Расулова, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энг янги тарих маркази илмий ходимлари ва бошқалар иштирок этдилар.
Давра суҳбатида сўзга чиққан Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти доценти Шамсиева Ирода Махмудовнанинг “Маҳалла - XXI аср феномени”, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Янги обод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Валиева Манзура Мўминовнанинг “Озод юртнинг обод маҳаллалари”, Тошкент шаҳар Учтепа тумани “Чўпон ота” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Соатов Зоирбек Рахмоновнинг “Инсон қадрини улуғлаш маҳалладан бошланади” номли маърузалари иштирокларда қизиқиш уйғотди.
Маърузачилар томонидан дунёда ўхшаши йўқ бўлган маҳалланинг миллий қадриятимиз сифатида ҳам тарихан ҳам бугунги мураккаб замонда Ўзбекистон ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти тарихий жиҳатдан маҳалланинг ривожланиш босқичлари, совет бошқаруви даврида маҳалланинг ваколатлари чекланиши, мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан маҳалла институтини фаолиятини такомиллаштириш, ваколат ва вазифаларини кенгайтириш, халқнинг муаммолари билан шуғилланадиган халқчил ташкилотга айлантиришдаги хизматлари эътироф этилди. Шу билан бирга дунёнинг кўплаб мамлакатларида маҳалла институти фаолиятига қизиқишнинг ортиб бораётгани, халқаро илмий марказларда маҳалла фаолиятини ўрганишга доир тадқиқотлар олиб бораётгани, халқаро экспертларнинг эътирофи алоҳида таъкидлаб ўтилди. Давра суҳбатида қатнашган, Тошкент шаҳрининг турли маҳалларидан келган ёши улуғ кексалар, маҳалла фаолларининг Биринчи Президент билан боғлиқ хотиралари тенгланди. Соҳани ривожлантириш борасидаги Ислом Каримов томонидан амалга оширилган ислоҳотлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан изчил давом эттирилаётгани, тизимдаги ижобий ўзгаришлар маҳалла раислари, фаоллари томонидан эътироф этилди.
Давра суҳбатида қизиқарли маърузалари билан қатнашган фаол иштирокчиларга ташаккурномалар берилди.
Ф.Курбанбаев суратлари