ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Энг муносиблар сардорлар сафида


06.02.2018

Самарқанд шаҳридаги Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган майдонда Самарқанд вилояти умумтаълим мактабларининг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи сардорлари ва «Камалак» сардорларига кўкрак нишонлари топшириш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбир аввалида Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гул қўйилиб, буюк сиймо хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши томонидан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари О.Тожиев ва вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов ўқувчи-ёшларни ташкилотга аъзоликка қабул қилингани билан табриклади. Кўкрак нишонини тантанали равишда топширди. 

— Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўкрак нишони бизга ўқиш ва сардорлик фаолиятимизни самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга, — дейди Самарқанд шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби сардори Шаҳриёр Тўхтамуродов. — Бу нишон энг аввало, унга ҳар томонлама муносиб ва бошқаларга ўрнак бўладиган хулқ ва ўқишни талаб қилади. Шунингдек, ўқувчиларнинг фанларни пухта ўзлаштириши ва жамоат ишларида фаол иштирокини таъминлашда сардорнинг масъулиятини оширади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида мактабимизнинг 8 нафар паст ўзлаштирувчи ўқувчисини алоҳида эътиборга олиб, фаол ўқувчиларга бириктирдик. Бу каби ишларни мунтазам ташкил этиш орқали мактабимизда таълим сифатини оширишга ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилганмиз. 

Тадбирда ҳар бир туман ва шаҳардан 18 нафардан ўқувчи-ёшларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва «Камалак» сардорлиги кўкрак нишони топширилди. 

 

Алишер Исроилов (сурат), ЎзА