Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси йиғилишининг баёнига мувофиқ 1 июлдан 1 августгача мамлакат бўйлаб ўтказилаётган анъанавий ёнғин хавфсизлиги ойлиги худди шундай номланган. Боиси – одатда йилнинг шу даври энг юқори қуёш фаоллиги билан тавсифланади. Жорий йилда эса, иқлимшуносларлар бот-бот таъкидлаганидек, табиатда аномал иссиқлик кузатилмоқда. Шунга кўра, ёнғинларнинг олдини олиш, одамлар хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш чора-тадбирлари кучайтирилмоғи табиий.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари ёз мавсумидаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, заҳарланиш ҳолатларидан сақланиш ҳақида маълумот беришди. Мажмуа ходимларига қуёшнинг жазирама нурлари остида очиқ жойда ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлувчи омиллар, у содир бўлганда эса, қандай чоралар кўрилиши бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, таъқиқланган жойлардаги сузишнинг зарари, қуёш уриши, қолаверса, заҳарланишнинг олдини олиш ҳақида сўз юритилди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Тадбирнинг амалий қисмида – мажмуа ҳудудида очиқ ҳавода овқат пишириш чоғида, қозонда ўсимлик мойини қиздириш пайтида содир бўлган ёнғин ҳодисаси мисол тарзида кўрсатилди. ФВВ ходимларининг ёнғин ўчириш мосламасидан фойдаланиб, тезкор ҳаракатлари натижасида аланга тарқалишининг олди олинди, атроф-муҳит ва одамларга таҳдид саноқли сониялар ичида бартараф этилди.
Мутахассисларнинг фикрича, амалда кўрсатиб берилган бундай тарғибот ва тушунтириш тадбирлари ғоят самарали. “Яратган ҳам ўзни асраганни асрайди” деган гап эса шунчаки ўйлаб топилмаган. Замирида энг қимматли бойлик – одамлар саломатлиги ва ҳаёти деган тушунчалар ётганда, бу масалага жиддий ёндашув лозим.
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари