ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“БУЮК ИНСОН ҚАЛБИМИЗДА”


29.04.2024

Бу – мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 85 йиллигига бағишлаб, ижтимоий тармоқларда турли қатлам вакиллари бўлмиш ижодкор ёшлар ўртасида ўтказилган танлов номи. Унда эса халқимизнинг улуғ сиймога нисбатан меҳри акс этган.

Танловда турли ҳудудлардан келган – боғча тарбияланувчиларидан тортиб, мактаб ўқувчиларича, талабалардан тортиб, педагоглар, ҳатто кекса авлод вакилларига қадар иштирок этишди. Иштирокчиларни бирлаштирган маслак ягона, у ҳам бўлса – пойдевори мустаҳкам давлатга асос солган, ҳар бир ватандошимиз тақдирида из қолдирган тарихий лаҳзаларнинг том маънодаги сабабчиси бўлмиш буюк инсон хотирасини муносиб эъзозлаш, унга ҳурмат бажо келтириш.

Танлов қатнашчилари Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуада илиқ қарши олинди. Улар Биринчи Президент ҳаёти ва фаолиятининг жўшқин ва тарихий лаҳзаларидан ҳикоя қилувчи “Бутун оламни жо қилган юрак” фотокўргазмаси билан танишишди.

Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими эса мажмуанинг Ислом Каримов номидаги кутубхонасида бўлиб ўтди.

Мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова ўз табрик сўзида “Улуғ инсон хотирасига бағишланган танловни ўтказиш меъморий мажмуамиз учун ўзига хос анъанага айланиб қолди. Ҳар гал қатнашчилар сони ошиб бораётгани эса – алоҳида қувончли. Шахсан мен учун ҳар бирингиз ғолибсиз. Барчангизга – меҳнатингиз, истеъдодингиз ва маҳоратингиз, энг асосийси, Ислом Каримов хотирасига бўлган меҳр-муҳаббатингиз учун ташаккур билдираман”, – дея таъкидлади.

Мажмуа раҳбари Темир Ширинов, айни пайтда тарихчи олим сифатида, Ўзбекистоннинг буюк кечмишига мурожаат қиларкан, мозийда из қолдирган улуғ аждодларимиз ҳақида сўз юритди. Шунингдек, И.Каримовнинг ўзбек халқи тарихидаги буюк хизматларини санаб, унинг генетик конституцияси куч-қудрати эвазига амалга ошган воқеалар – тарихимизда камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса эканини мисоллар билан баён этди.

Кутубхона мудири Дилором Шукурова эса бу галги танловнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида тўхталди. Бу гал ғолиблар “Энг яхши китобхон”, “Энг яхши видеоролик” ва “Фотографига энг яхши изоҳ” номинациялари бўйича тақдирланишди.

Маросимда иштирокчилар суратга олган видеороликлар намойиш этилди, наср ва назм йўналишидаги муаллифлар ўз асарларидан намуналар ўқишди, мўйқалам усталари эса турли услубда ижод этган асарларини тақдим қилишди.

Танлов иштирокчиси Ҳусан Мирзаҳабибов маҳорати кўпчилик эътиборини қозонди. Бу ёш рассом йигит 700 дан зиёд кубик-рубиклар воситасида Ислом Каримов портретини яратган.

Татьяна Каримова ғолибларга – Биринчи Президент ҳаёти ва фаолияти акс этган ноёб нашрлар, китоб-альбомлардан иборат совғаларни тантанали равишда тақдим қилди.

Тадбир ниҳоясидаги фотосессия ҳар бир иштирокчи учун – ғоят самимий ва илиқ хотиралар ила эсланадиган унутилмас лаҳзаларни ўзида муҳрлади.

Ф.Қурбонбоев,

Т.Қурбонбоев фотолари