ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ассалом Наврўз!


19.03.2019

19 март куни Ислом Каримов номидаги мажмуада Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

  

Меҳмонлар даставвал «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси экспозицияси билан танишдилар.

 

«Ислом Каримов, Мустақиллик ва Наврўз» деб номланган тадбирда Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Республика Ёзувчилар уюшмаси, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Республика Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, Камолиддин Беҳзод номидаги Рассомчилик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари, ёзувчи ва шоирлар, Ислом Каримов фонди ходимлари, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси ҳамда «Зулфия» номидаги давлат мукофоти совриндорлари, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

 

Профессор Муҳаммаджон Қуронов, профессор Усмон Қорабоевнинг «Биринчи Президентнинг биринчи Наврўзи», «Наврўз-миллий анъана, урф-одат ва қадриятларимиз негизи» мавзуидаги маърузаларида энг азиз ва севимли айём-Наврўзнинг тарихи, Мустақиллик йиллари байрамни нишонлаш билан боғлиқ ўзгариш ва янгиликлар, Наврўзни тиклаб халқимизга қайтариб беришда Ислом Каримовнинг роли тўлиқ ёритиб берилди.

 

Қадр топган қадриятлар юртида эмин-эркин ҳаёт кечираётган халқимизнинг миллий анъана ва удумларга, ўтмишига ва эртанги кунига чуқур ҳурмати ҳақида самимий фикрлар билдирилди.

 

Тадбирда «Ассалом Наврўз» номли қисқа метражли видеофильм намойиш этилди.

 

Татьяна Акбаровна томонидан меҳмонларга «Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистон асосчиси» китоб альбоми ҳамда Ислом Каримов фонди билан Ёдгорлик мажмуаси ҳамкорлигида ташкил этилган хотира кечалари ҳақидаги видеофильмлар тўплами совға қилинди. 

Фарход Курбонбоев олган суратлар