ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“АМИР ТЕМУРНИ АНГЛАШ – ЎЗЛИГИМИЗНИ АНГЛАШДИР”


05.04.2024

Сарлавҳага чиқарилган ибора – айнан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга тегишли. Масаланинг яна бир томони борки, шиорга айланиб кетган бу фикр – фақат фикрлигича, шиорлигича қолиб кетгани йўқ. У ўзлигини англаб ета бошлаган халқнинг бош аъмолига, маслагига айланиб улгурди.

Сир эмас, юз йиллар мустамлака занжирига ўралган халқимиз ўзининг буюк ватандошини қадрлаш, унинг тарихий мавқеини муносиб ўринга қўйиш имконидан маҳрум бўлди. Амир Темур номи тарихимиз саҳифаларидан қора бўёқ билан ўчирилди, унутишга маҳкум этилди. Мақсад – халқ юрагидан миллий онг, ғурур туйғусини йўқотиш, қарамликка, тобеликка кўндириш эди.

Кўҳна тарих саҳифалари – буюк бобомизнинг миллат ва эл-улус манфаати борасида чеккан мислсиз заҳмат ҳамда шижоатларига гувоҳ. Инсоф-иймон туйғуси, диёнат мезони Амир Темур ҳаётининг мазмунини ташкил қилди. Оламнинг қарийб ярмига ҳукмронлик қилган жаҳонгир бўлса-да, у куч-қудрат – зўрлик-зўравонликда эмас, аксинча, куч – адолатда эканини тийран англади. Амир Темурнинг кучли, марказлашган давлатида амалга оширилган ислоҳотлар, адолат ғояси – ҳукмдорнинг нечоғлиқ узоқни кўрувчи стратег бўлганига далил.

Шунинг учун ҳам Ислом Каримов “Амир Темур шахсини идрок этиш–тарихни идрок этиш. Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш”, дея, ёш давлатнинг йўлчи юлдузи сифатида айнан шу буюк сиймони танлади. Эндигина мустақилликка эришган мамлакат куч-қудратга эга бўлиши, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий юксалишида Соҳибқироннинг тарихий мероси, шубҳасиз, улкан аҳамият касб этди. Қарангки, Амир Темур сиймоси замонавий Ўзбекистон давлати учун ҳам эрк ва мустақиллик рамзига айланди.

Бу фикрларга – истиқлолнинг илк йиллари, яъни 1993 йилда Тошкентда, 1996 йили Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида буюк аждодимизга ўрнатилган ҳайкаллар, пойтахтда барпо этилган Темурийлар тарихи давлат музейи фаолияти каби мисоллар далил бўла олади.

Дарвоқе, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги нишонланган ўша 1996 йил – Ўзбекистонда “Амир Темур йили” дея эълон қилинган. Айнан Ўзбекистон раҳбарияти саъй-ҳаракати натижасида, ЮНЕСКО Бош конференцияси қарори билан, мазкур сана жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам кенг нишонланган.

Соҳибқирон сиймосига билдирилган буюк ҳурмат йиллар оша ҳам Ислом Каримов фаолияти давомида сира пасайгани йўқ. 2011 йилда, Амир Темур таваллудининг 675 йиллиги муносабати билан Биринчи Президент таклифига биноан, “Темур тузуклари” асари қайта чоп этилди. Мазкур китобга И.Каримовнинг шахсан ўзи сўзбоши ёзди. Унда, жумладан, шундай фикрлар бор: “Бугунги мураккаб ва таҳликали даврда бу китобни қайта-қайта мутолаа қилиш, унинг мағзини чақиш биринчи галда раҳбар, етакчи бўлишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган одамлар учун, қолаверса, ҳар қайси зиёли инсон учун бағоят фойдали экани ҳақида ортиқча гапириб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман”.

Мазкур мушоҳадалар башорат экан. Чунки буюк саркарда Амир Темур ва сиёсий ислоҳотчи Ислом Каримовдек сиймолар қолдирган бой тажриба, мерос, давлатчилик ғоялари бугунги даврда олдимизда турган масалалар ечимига ҳам хизмат қилмоқда. Пировардида бугун ифтихор ва масъулият билан асос солинаётган “Учинчи Ренессанс”нинг теран томирлари Темур ва темурийлар даврига ҳам бориб тақалади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Буюк саркарда Амир Темур бобомиз: “Аскарлари ботир эл қудратли бўлур”, деганлар. Мен ҳар бир аскар, Ватаннинг ҳар бир посбони Амир Темур ва улуғ лашкарбошиларимиз ўгитларини, уларнинг ҳарбий меросини чуқур билиши керак, деб қайта-қайта таъкидлаб келаман. Бу ўлмас ва бебаҳо мерос ҳозирги кунда ҳам қалбимизга чексиз ғурур бахш этади, муқаддас тупроғимизга садоқат туйғуларини кучайтиради”.

Дарҳақиқат, бу гапларни биргина амалий саъй-ҳаракат билан ҳам қувватлаш мумкинки, яқин-яқингача ёш ҳарбийлар тайёрлашга ихтисослашган – “Суворовлар мактаби” деб келинган муассасалар “Темурбеклар мактаби” деб қайта номланди. Бу каби мисоллар кўп...

Демак, нафақат етти иқлим султони, балки юрт ободончилиги ва халқ фаровонлиги йўлида бор умрини бахш этган буюк давлат арбоби сифатида тарихда қолган бобомизнинг улуғ мероси бундан буёнги тамаддунимизда ҳам йўлчи юлдуз бўлиб қолажак!

 

Ф.Қурбонбоев фотолари