ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“АМИР ТЕМУР МЕРОСИ – МИЛЛИЙ ҒУРУР ВА МАЪНАВИЙ КУЧ МАНБАИ”


10.04.2026

     Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Навоий давлат университетида бўлиб ўтган минтақавий илмий-амалий конференция шундай номланди. Унда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси музейи директори, тарих фанлари доктори (DSc) Ойбек Абдимўминов иштирок этди.

     Нотиқ ўзининг “Мустақиллик, миллий ўзликни англаш ва Амир Темур омили” дея номланган маърузасида – миллий давлатчилигимизнинг асосчиси бўлмиш буюк бобокалонимиз сиймоси ва мероси айнан мустақиллик йилларида кенг ва ҳар томонлама ўрганилиб, тадқиқ этилаётгани, миллий тарихга бундай юксак эътибор берилишининг замирида давлат суверенитетини мафкуравий мустаҳкамлаш масаласи ётиши, бу эса Ўзбекистоннинг ўз йўли, ўз тарихи, ўз мафкурасига эга бўлиб, ҳеч қандай ташқи “маданий империализм”га муҳтож эмаслигини англатиши ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

 

     Ойбек Абдимўминов, шунингдек, Президент Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигида – Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда ҳам қатнашиб, “Мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида Амир Темур омили” мавзусида маъруза қилди.

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ апрель ойи – “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинган бўлиб, мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган маданий-маърифий тадбирларда Мажмуа ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.