“Тилга ихтиёрсиз-элга эътиборсиз”.
Алишер Навоий
Тил ва нутқ масаласи қадимдан миллат маънавияти ва маданияти такомилининг бош омилларидан бири бўлиб келган. Тил-миллатнинг руҳи, тил ўлса, миллат ҳам тамом бўлади. Шундай бир буюк эҳтиром ва эъзозга сазовор бўлган тилларнинг кечмиши бир хил эмас, албатта. Тарих саҳнасида ўзбек тили не машаққатлар билан омон қолганига гувоҳлик берувчи далиллар кўп. Бугун уларни тилга олиш истагидан йироқмиз. Бугун Она тилимизнинг қадри, қиммати тикланган, мақомига яраша даражага эга бўлган кун. Тилимизнинг бугунга қадар омон-эсон келишининг асосий боиси халқимизнинг ўз она тилини жонидан севиши, ардоқлашидадир.
ЮНЕСКО маълумотига кўра, хозирги кунда дунёда 6 минг 909 тил мавжуд бўлиб, улардан 200 га яқини давлат тили мақомига эга. Улар орасида она тилимиз-ўзбек тилининг ҳам борлиги қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Бундай шарафга эришиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ албатта. Бунинг замирида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг жасорати, шижоати ва катъияти мужассамдир.
1989 йил 23 июнь куни Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб сайланди. Ўша пайтда кескин ижтимоий-сиёсий муаммолар юзага чиққан, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраб, республика жар ёқасига келиб қолганди. Шундай мураккаб ва таҳликали шароитда мамлакатга раҳбарлик қилиш Ислом Каримов зиммасига тушди. У Ватанининг жонкуяр фарзанди сифатида халқи бахтли ва фаровон турмуш кечириши учун фидойилик билан билим, тажриба, куч-қувватини сафарбар қилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи кун тартибига қўйилди ва 1989 йил 21 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги алоҳида қонуни қабул қилинди.
Қонунга асосан энг муҳим қадриятлардан бири ҳисобланган, узоқ йиллар иккинчи даражали бўлган ўзбек тили қонун даражасида ҳуқуқий асосга эга бўлди. Бу қонун билан ўзбек миллатининг маънавиятини, руҳиятини, қадрини кўрсатадиган муҳим омил, яъни тилнинг мақоми ҳуқуқий мустаҳкамланди. Мазкур ҳуқуқий асос орқали янги шаклланаётган давлатнинг, ҳукуматнинг, унинг янги раҳбарининг элга, юртга нисбатан эътибори, эҳтироми намоён этилди.
Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши қанчалик муҳим бўлган бўлса, 2016 йилнинг 13 майида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан имзоланган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон ҳам XXI аср ўзбек халқи маданий ҳаётида оламшумул аҳамиятга эга бўлди. Демакки, биз тарихан тилимиз шайдосимиз. Шундай бўлиши ҳам керак. Ўзбек тилининг юрти, ватани-Ўзбекистон. Давлат сифатида уни ҳимоя қиладиган, тараққиётини, қонуний асосларини тўлиқ таъминлайдиган ҳам шу юртдир. Эндиги вазифамиз, асрлар давомида халқимиз томонидан кўз қорачуғидек асраб келинган тилимизни бутун борлиғи билан келажак авлодга етказишдир.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда: “Ҳозирги кунда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади”.
Ф.Курбанбаев суратлари.