ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун


03.07.2023

1992 йил 2 июлда  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов  “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунини имзолади.

Шу боис, мустақилликнинг илк йиллариданоқ 2 июль – Ўзбекистон фуқаролари учун байрам сифатида қадрли ва унутилмас кунлардан бири бўлиб қолди.

Мамлакатимиз ҳаётига оид ҳар бир янгилик ва ўзгаришлар, ислоҳотлар шиддати, биз учун азиз ва муқаддас мазкур рамз билан узвий боғлиқдир. Халқимизнинг қувончи, тақдири, бугуни ва  келажаги, истиқболимиз айнан Ўзбекистон Республикаси Давлат герби билан уйғун. Бугун жаҳонда янги Ўзбекистон номи билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ватанимиздаги ўзгаришлар юртимиз давлат гербига вобаста экани билан диққатга сазовордир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби гуллаган водий узра чарақлаб турган қуёш тасвиридан ҳамда сўл томонида буғдой бошоқлари, ўнг томонида очилган пахта чаноқлари суврати туширилган чамбардан иборат.

Гербнинг юқори қисмида республика жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган.

Гербнинг марказида ҳиммат, олижаноблик ва фидоийлик тимсоли бўлган афсонавий Хумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди.

Гербнинг пастки қисмида республика Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бандига "Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат гербини яратилишида ва қабул қилинишида алоҳида жонбозлик кўрсатганини эслашимиз ўринлидир.

Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.

Шу рамзлардан бири Давлат гербидир. Герб - бу бир давлатни бошқалардан ажратиб турадиган нишони, рамзи ва тимсолидир. Герб қайси давлатга тегишли бўлса, ўша давлатнинг тарихий анъаналарини ифодаловчи рамзий аҳамиятга эга бўлган тасвирлар йиғиндисидан иборатдир.

Шу маънода, Ўзбекистон халқларининг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассамлаштирган гербимиз Ўзбекистонимиз каби бетакрордир. Ундаги ҳар бир тасвир, хатто ҳар бир чизиқда ҳам мамлакатимиз салоҳияти, халқимизнинг эзгу орзу-умидлари мужассам.

Ўзини мана шу юрт фуқароси, олижаноб ва бағрикенг халқнинг муносиб фарзанди деб билган ҳар бир инсон гербимизни, шу сингари бошқа бебаҳо ижтимоий-сиёсий қадриятларимиз бўлган давлат рамзларимизни Ватанимиз каби азиз ва муқаддас деб эътироф этиши, эъзозлаши ҳам фарз, ҳам қарздир.