Халқни бирлаштирган, юртга мухаббатимиз ва садоқатимизни ўзида мужассам этган бетакрор қўшиқ
Дунёдаги барча халқнинг ўз қўшиғи бор. Фақат озод ва ҳур мамлакатдагина ҳаммага бирдек таъсир этадиган, барча биргаликда куйлайдиган қўшиқ бўлади. Бу – ана шу мамлакатнинг давлат мадҳиясидир.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида 1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи экани, унга ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчи эканлиги белгиланган.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, “Серқуёш” сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.
Давлатимиз мадҳияси Президентимизнинг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, юртимизга келган хорижий давлатлар раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, умумхалқ байрамларида, спорт мусобақаларида баралла янграмоқда.
Беназир ва бетакрор қўшиқ ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мадҳияси озод халқимизнинг ҳур овози бўлиб, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик таронаси сифатида бутун жаҳонга таралмоқда.
Ҳар тонг янги кунни давлатимиз мадҳияси садолари остида кутиб олар эканмиз, унинг чуқур маънога эга ҳар бир сатри, мардонавор ва соҳир оҳанги бизни сеҳрлаб қўяди, қалбимизда Ватанимиздан фахрланиш, бугунимиздан шукроналик ва эртамизга улкан ишонч ҳиссини жўш урдиради.