ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Латвия университетининг Академик кутубхонасида Ўзбек ахборот маркази фаолият юритмоқда


10.08.2018

Марказнинг норасмий тарзда ўтказилган тақдимот маросими Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасига бағишланди. Тадбирда Латвиянинг сиёсат ва жамоат арбоблари, ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этдилар.

 

«Итера Латвия» компанияси Президенти Юрис Савицкиснинг эътироф этишича, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов буюк инсон бўлган: «У нафақат ўз мамлакатини юқори иқтисодий тараққиёт даражасига кўтара олди, балки бутун минтақада Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорлик кафолатига айланишига эришди. Бизлар Латвияда, Мустақил давлатингизда рўй бераётган иқтисодий ўзгариш ва янгиланишларни ҳайрат билан кузатиб борамиз. Ислом Каримов сиёсатининг бардавомлиги бизни қувонтиради. Латвияда кўпчилик Ўзбекистон ва унинг халқини ҳурмат қилади ва яхши кўради»-дея таъкидлади жаноб Савицкис. 

Фанлар Академияси Президенти Оярс Спаритис, ўзбек халқи ўзининг Биринчи Президентини бу қадар самимий яхши кўргани ва ҳурмат қилгани учун хурсандман, деди.

«Ислом Абдуғаниевич бундай садоқат ва ҳурматга лойиқ эди. У ҳамиша ўз халқининг фаровонлиги ҳақида қайғурган ва мана шу мақсадга эришишда ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишга тайёр турган. Кучли иқтисодчи сифатида, мамлакат иқтисодиётини юксак даражага кўтаришда ўз билимидан самарали фойдаланган. Шу боис, истардимки, барча давлатларнинг етакчилари Ўзбекистоннинг Биринчи Президентидек иқтисодий маданиятга эга бўлсинлар».

Латвия Президенти Г. Улманис (1993-1999 йиллар), Латвияга 1995 йил июнь ойида Давлат ташрифи билан келган Ислом Каримов билан учрашувимизни доимо илиқлик билан эслайман, деди. Ўзаро ишончга асосланган мулоқот давомида, мустақил республикалар қандай ва қайси йўналишда ривожланиши кераклиги хусусида фикр алмашинувлар кўп бўлган. 

«Шунда Ислом Каримов, ҳар бир мамлакат ўз тараққиёт йўлига эга бўлиши керак деган эди. Бир вақтлар аграр республика бўлган Ўзбекистонни ривожланган иқтисодиётга эга, индустрияси тараққий этган, замонавий давлатга айлантириш учун у ўзининг бор кучи ва имкониятини ишга солишини алоҳида таъкидлади.

Бугун биз Ислом Каримовнинг  интилишлари, орзу-умидалари хаётга тадбиқ этилиб, ўз натижасини бераётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Аҳоли турмуши фаровонлиги ўсмоқда, тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларида юқори кўрсаткичларга эришилди, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи юксалмоқда».

Латвиянинг Президенти Андрис Берзиньш (2011-2015 йиллар) таъкидлаганидек, 25 йил давомида давлат раҳбари сифатида  Ислом Каримов Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг изчил ривожланишига мислсиз ҳисса қўшган:

«Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти жаноб Каримов билан муносабатларимиз чин инсоний ва ўта самарали бўлган. 2013 ва 2014 йилларда ўзаро давлат ташрифлари бўлиб ўтган. Ушбу муддат ичида алоқаларимиз мустаҳкамланиб, дўстона муносабатларимиз  янада самимий тус олган.

Мен жаноб Каримовнинг мамлакатларимиз ўртасидаги долзарб лойиҳалар бўйича қарашларини, шунингдек, минтақалардаги бизларнинг манфаатларимизга тегишли бўлган жараёнларга берган баҳосини ҳамиша юқори баҳолардим.

Доимо Ислом Абдуғаниевични Латвиянинг ҳақиқий дўсти деб билганман, чунки у  Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга шахсан улкан ҳисса қўшган.

Бунинг учун мен ҳамиша ундан миннатдорман!  

Ҳозиргача ёдимда, ўз мамлакатига оид билимларидан ташқари, бу инсон бизнинг тарихимизни ҳам жуда яхши билган. 2013 й. жаноб Каримовнинг Латвияга ташрифи давомида биз биргаликда «Меланхолик вальс»ни тинглаганмиз, ва мусиқанинг таъсиридан, унинг туб моҳиятини чуқур англаганимиздан кўзларимиз ёшга тўлган. Бу эса, биз кўплаб масалаларда яқин бўлганимизни англатади».

«Тақдир мени Ислом Каримов билан икки марта юзлаштирди. Биринчи бор саксонинчи йилларда, биз Политбюрода ишлаётган вақтда. Ислом Каримов ҳамиша ўз халқи манфаатлари нуктаи-назарини ҳимоя қилиб сўзга чиқарди. Ҳар қандай шароитда ҳақиқатни ҳимоя қилар, ҳеч қачон Кремлнинг провакацион ҳаракатлари домига тушмаган.  

Мамлакатларимиз Мустақилликка эришгач мен Европарламент депутати ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича депутатлар гуруҳи раҳбарининг ўринбосари этиб сайланганман. Бу муддат ичида бир неча марта Ўзбекистонга ташриф буюрганман. Ҳурматли Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакатнинг қандай ривожланаётганини кузатганман.

Европарламент депутатлари ва шахсан мен Ўзбекистоннинг Биринчи Президентини минтақадаги барқарорлик кафолати деб ҳисоблардик.

У нафакат кучли Президент, балки жуда доно инсон ҳам эди. Бизларда, Болтиқбўйида бундай инсонлар ҳақида-шарқона доно дейдилар. Мен вафот этган Ўзбекистоннинг Биринчи Президентига бош эгиб таъзим қиламан». 

Латвия университетининг Академик кутубхонаси директори Вента Коцере йиғилганлар эътиборини қуйидаги масалага қаратди: Ислом Каримов ўзбек халқининг маънавий қадриятларига, мусулмон динини сақлаш ва тараққий топтиришга, анъана ва удумларга, Ўзбекистоннинг беназир тарихий меросига ҳурмат билан қарашни давлат сиёсати даражасига кўтарди.

«Ислом Каримов шунингдек, мамлакатнинг бугуни ва эртанги кунида ҳал қилувчи  куч бўлмиш Ўзбекистон ёшларининг дунёқарашини тубдан ўзгартирган, принципиал жиҳатдан мутлақо янги таълим ҳамда ёш авлодни тарбиялаш тизимини яратиб, ҳаётга татбиқ этишга улкан ҳисса қўшган шахс.

Буюк давлат арбоби Ислом Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллигига асос солиш, тинчлик, барқарорлик ва бағрикенглик ҳукм сураётган, изчил ривожланаётган ҳуқуқий, демократик давлат барпо этиш борасидаги  улкан ролини инобатга олиб, Латвия университетининг Академик кутубхонаси қошидаги Ўзбек ахборот марказини Ислом Абдуғаниевич Каримов номи билан аташни таклиф қиламан. 

«Открытый город» журнали Бош муҳаррири Татьяна Фастнинг эътироф этишича, Ислом Каримов Ўзбекистон халқига улкан мерос қолдирди:

«Мустақил, ҳар қандай сиёсий блоклардан холи, ўз тараққиёт йўлига эга мамлакат босқичма-босқич демократик ўзгаришларни амалга оширмоқда. Фуқаролик жамияти институтларининг роли ортиб, хусусан, маҳалланинг обрўйи мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон иқтисодиёти аввало, аҳоли турмуш даражасини кўтаришга қаратилган, бу ерда жаҳон стандартларига жавоб берадиган ўз таълим ва кадрлар тайёрлаш тизими мавжуд. Энг муҳими, мамлакатда тинчлик ва хотиржамлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик, жамиятда ўзаро ҳурмат ва меҳр ҳукмрон».