ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

УЛУҒБЕК РУҲИ БАРҲАЁТ


28.10.2024

“Улуғбекни эсламоқ – асрлар тарихий

адолатини ва буюк қадриятларимизни қайтадан

тикламоқ, кўнгилларни ифтихорга тўлдирмоқдир”.

Ислом Каримов

Мирзо Улуғбек ўз даврининг етук олими

Тўлиқ исми Мирзо Муҳаммад ибн Шоҳрух ибн Темур Улуғбек Қўрағоний  бўлиб 1394 йил 22 март куни ҳозирги Озарбайжон ҳудудидаги Султония шаҳрида, Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух Мирзо оиласида дунёга келган.

Маълумотларга кўра, 1394 йилда Амир Темур Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилади. Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида ёзилишича, Амир Темурга набираси туғилгани ҳақида хабар келтирилади ва мунажжимлар унинг ҳукмдор ва олим бўлишини башорат қилади. Темур ушбу хушхабар туфайли Мордин қалъаси қамалини тўхтатади ва унинг халқига юкланган товонни бекор қилади. Янги туғилган набирага Муҳаммад Тарағай исми берилади.

Муҳаммад Тарағай болалик йиллари бувиси Бибихонимнинг тарбиясида бўлган. 1405 йил Хитойга қилинаётган юриш бошида Темур вафот этгач, икки йил давомида унинг авлодлари ўртасида тахт учун кураш давом этади. Курашда Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрухнинг қўли баланд келади. У ўз давлати пойтахти сифатида Ҳиротни танлайди, Мовароуннаҳр пойтахти бўлган Самарқандни эса ўғли Улуғбекка топширади.

1411 йилда 17 ёшли Улуғбек Мовароуннаҳр ва Туркистоннинг ҳокими этиб тайинланади. У ёшлигида фан ва санъат турларига, айниқса, математика ва астрономияга катта қизиқиш билдиради. Улуғбек яхши таълим олган. Ажойиб хотира эгаси бўлиб, араб ва форс тилларини яхши билган, турк шеъриятидан яхши хабардор бўлган. Ўзи ҳам шеърлар ёзгани ҳақида маълумотлар бор.

Улуғбек 1447 йилда отасининг вафотидан хабар топгач, Балхга жўнайди. Бу ерда у марҳум акаси Бойсунғурнинг ўғли Аловуддавланинг Ҳиротда Темурийлар салтанати ҳукмронлигини даъво қилганидан хабар топади. Улуғбек Алоуддавлага қарши юриш қилади ва Мурғобда бўлиб ўтган жангда у билан учрашади. Ўз жияни устидан ғалаба қозониб, 1448 йилда Ҳиротга қараб юради. Бироқ Алоуддавланинг укаси Абулқосим Бобур Мирзо унга ёрдамга келиб, биргаликда Улуғбекни мағлуб этишади.

Улуғбек Балхга чекинади ва у ерда тўнғич ўғли Абдуллатиф Мирзо исён кўтарганидан хабар топади. Ички низолар бошланади. Абдуллатиф Амударё бўйида отасининг қўшинини кутиб олиш мақсадида қўшин тўплади. Бироқ шаҳардаги нотинчлик хабарини эшитиб, Улуғбек ҳеч қандай жанг бўлмасдан, Самарқандга чекинишга мажбур бўлади. Абдуллатиф тез орада Самарқандга етиб боради ва Улуғбек беихтиёр ўғлига таслим бўлади. Абдуллатиф отасини ҳибсдан озод қилиб, Маккага ҳаж қилишига рухсат беради. Бироқ манзилига етиб бормасдан туриб отаси ва укаси Абдулазизни ҳам 1449 йилда қатл қилдирди.

Улуғбек даврида Самарқанд илм-фан ўчоқлардан бирига айланган. У ерда XV асрнинг биринчи ярмида Улуғбекнинг атрофида Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи каби таниқли астроном ва математикларни бирлаштирган катта илмий мактаб вужудга келади. У вақтлар Самарқандда Ўрта Осиё ҳақида ажойиб асар ёзган тарихшунос Ҳофизий Абрў, таниқли шифокор Мавлоно Нафис, шоирлар Сирожиддин Самарқандий, Саккокий, Лутфий, Бадахший ва бошқалар яшаган. Улар ўз даврининг энг илғор фикрли ва илмли кишилари бўлган.

 

Мустақиллик йилларида Улуғбек илмий меросига муносабат

Мустақиллик йилларида Мирзо Улуғбек илмий меросини ўрганиш, буюк олим, маданият ҳомийсига эҳтиром кўрсатиш давлат сиёсати мақомига кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, маданияти,  илмий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилди. Шу мақсадда 1994 йилда республика ва халқаро миқёсда бир қатор нуфузли тадбирлар амалга оширилди. Республикада Мирзо Улуғбек номини абадийлаштириш ва илмий меросини кенгроқ ўрганишга қаратилган қатор Қарор ва Фармонлар қабул қилинди.

1994 йил 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1994 йилни Ўзбекистон Республикасида Мирзо Улуғбек йили деб эълон қилиш тўғрисида” фармони эълон қилинди.

Мазкур фармонда йилнинг номланиши хусусида – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият соҳасидаги ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференциясининг 27-сессияси қарорига кўра, Мирзо Улуғбек юбилейи жаҳон қадриятлари рўйхатига – 1994 йилда дунё миқёсида нишонланадиган байрамлар қаторига киритилгани ва шу муносабат билан ташкил этиладиган халқаро тадбирларни ҳамда республикада олиб борилаётган улкан хайрли ишларни инобатга олиб;

ёш авлод қалбида миллий ифтихор ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, уларнинг илм-маърифатга интилишини рағбатлантириш ҳамда мустақил Ўзбекистон илм-фани ривожига кўмаклашиш мақсадида;

1994 йил “Мирзо Улуғбек йили” деб эълон қилинди, дея белгилаб қўйилди.

Ўзбекистонда ЮНЕСКО доирасида тарихий шахслар юбилей саналарини халқаро миқёсда ўтказиш тадбирлари дастлаб шоҳ ва олим, темурийлар сулоласи вакили Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллигини нишонлаш билан бошланди[1]. Бу борада БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва ЮНЕСКО билан алоҳида қўшма тадбирлар тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, Мирзо Улуғбек юбилей санаси халқаро миқёсда нишонланди.

Парижда ЮНЕСКО қароргоҳида “Улуғбек ва буюк темурийлар даври” мавзусида халқаро конференция ва “Улуғбек ва анъанавий санъат” мавзусидаги кўргазма бўлиб ўтди.

1994 йили ЮНЕСКОнинг қарори билан Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллик юбилей йили деб эълон қилинди. Республикадаги қатор муассаса, ташкилот, майдон, кўчаларга Мирзо Улуғбек номи берилди. Хусусан, Тошкентдаги туманлардан бири, Астрономия институти, Ядро физикаси институти жойлашган посёлка, Ўзбекистон Миллий университети ва бошқалар шулар жумласидандир. Тошкентда ва Самарқандда Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ ёдгорликлар қайта таъмирланди, Улуғбек музейи буткул янги қиёфага эришди. Буюк аждодимизга ўз юртида кўрсатилган эҳтиром авлодларининг улкан эътиборидан дарак бериши 2009 йили Самарқандда ушбу зотга бағишлаб ўтказилган халқаро илмий анжуманда ҳам алоҳида қайд этилди2.

1994 йилнинг июнь ойида Истанбулда Улуғбекнинг 600 йиллиги ҳамда Кандил расадхонасининг 125 йиллигига бағишлаб, Туркияда ва ислом оламида фан ва технология бўйича Халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Симпозиум ишида Ўзбекистон олимлари ҳам иштирок этди.

1994 йилнинг 6 октябрь куни Нукусда буюк олим, атоқли астроном Муҳаммад Тарағай Улуғбек ҳайкали очилди. 

1994 йилнинг 13 октярь куни Тошкентда Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллигига бағишланган "Мирзо Улуғбек ва унинг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси" мавзуида Халқаро илмий конференция очилди. Конференция иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов табрик йўллади. 

1994 йилнинг 15 октябрида Самарқандда Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллик юбилейи тантаналари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди. У ўзининг “Улуғбек руҳи барҳаёт” номли маърузасида Мирзо Улуғбек тўғрисида “Мирзо Улуғбек ўз умрини келажак учун, бугунги ҳаёт учун фидо этди. Ўша узоқ замонларда башарият тараққиётини ўйлаб яшади, ўз авлодлари асрлар оша тартиб этажак маърифатли бир жамиятни орзу қилди. Ҳар бир миллат ҳам Улуғбекдай фарзандини тарбия этгани учун ғурурланиши табиий ҳолдир. Чунки бундай инсонлар фақат ўз халқига эмас, балки умумбашарий цивилизация учун хизмат қилади ва жаҳоннинг эътиборини қозонади”3 дея таъкидлаб ўтган эди.

1994 йилнинг 24 октябрь куни Парижда ЮНЕСКОнинг мажлислар залида “Улуғбек ва буюк Темурийлар даври” мавзуида Халқаро конференция бўлиб ўтди ҳамда “Улуғбек ва анъанавий санъат” кўргазмаси очилди. 

Мирзо Улуғбекнинг илмий мероси жаҳон илм-фан оламида ҳамиша юқори баҳоланганлигини, ҳозирда ҳам унинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисобкитоблари компьютер ёрдамида текшириб кўрилганда атиги бир неча сония фарқ қилинганлигини 1996 йили ЮНЕСКОнинг Бош котиби Федерико Майор Биринчи Президентимиз И.Каримов билан бўлган мулоқотда фахр билан таъкидлаганини «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида алоҳида қайд этилиб, буюк ватандошимиз меросига юксак баҳо берилган эди.

Мирзо Улуғбек расадхонаси ёдгорлиги мустақиллик йилларида қайта таъмирланди, расадхона атрофи ободонлаштирилиб, буюк олим ҳурматига бағишланган монументал композиция барпо этилди.

Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Темурийлар салтанатининг ушбу ёрқин вакили ҳақида сўз юритар экан унинг ҳукмронлиги хусусида қуйидагиларни таъкидлаб ўтган эди: “Тақдир бу улуғ зотнинг зиммасига беҳад улкан ва машаққатли вазифалар юклади. Буюк саркарда Амир Темур бунёд этган салтанатнинг вориси бўлишдек ўта маъсулиятли вазифа айнан унга насиб этди. Мирзо Улуғбек қарийб қирқ йил мобайнида Мовароуннаҳр диёрининг донишманд ҳукмдори сифатида халқнинг азалий орзуси-тинчлик, тотувлик, илм-фан ва маданиятни тараққий топтириш йўлида улкан шижоат ва матонат кўрсатди”.

2009 йил Парижда Мирзо Улуғбек таваллудининг 615 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуман ўтказилган. Анжуманда 130 дан зиёд олимлар ва турли халқаро ташкилот вакиллари иштирок этган.

Мазкур тадбирлардан – бутун дунёда Мирзо Улуғбекнинг илмий ва маънавий меросига бўлган қизиқиш нақадар улканлиги яққол кўриниб турибди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан, Ўзбекистон Миллий университети ушбу атоқли олим шарафига номланганлиги – Республиканинг бугунги юқори илмий-маънавий қудратини тасдиқлайди.

 

Ойбек Абдимўминов,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент

 

[1] ЎзР МДА М-37-фонд, 1-рўйхат, 824-йиғма жилд, 2-варақ.

2 Атаджанова С.М.    Мирзо Улуғбек - илм фан ва маданият ҳомийси .   "Mirzo Ulug’bek – buyuk mutafakkir olim va davlat arbobi" mavzusidagi xalqaro ilmiy-amaliy anjuman тўплами. 2024 yil 14-15 may.  –Б.282.

3 Каримов И. Биздан озод ва обод Ватан қолсин. (маъруза номи Улуғбек руҳи барҳаёт)                                                                     2 жилд. Т. “Ўзбекистон”.1996. –Б.320.йил