ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Тарихий бурилиш палласида халқ дарди, миллат қайғуси билан яшаган эди


14.11.2017

Дунёдаги халқлар ва миллатларнинг озодлик йўлидаги курашлар тарихи шундан далолат берадики, жамият ҳаётидаги туб бурилишлар даврида ижтимоий-сиёсий вазиятнинг ўзи буюк йўлбошчиларни майдонга чиқаради.

Ҳиндистон тарихида Махатма Ганди, Америка Қўшма Штатлари тарихида Жорж Вашингтон, Франция тарихида Шарль де-Голь, Туркия тарихида Мустафо Камол Отатурк ана шундай тарихий миссияни ўз зиммасига олиб, она халқининг миллий озодлик курашига бошчилик қилганини яхши биламиз.

Бу ҳақда гап кетганда, Соҳиб­қирон Амир Темур бобомиз ХIV асрда Туркистон заминини мўғуллар зулмидан озод этиб, ўзига юклатилган буюк миссияни адо этганини ҳамиша ғурур-ифтихор билан эсга оламиз. XX асрнинг 90-йилларига келиб эса Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ана шундай ўта оғир ва масъулиятли вазифани ўз зиммасига олди.

1989 йил 24 июнда, республика раҳбари сифатида иш бошлаганининг иккинчи куни Фарғона водийси вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган кенгашда сўзлаган нутқи Ислом Каримовдаги ҳақиқий йўлбошчиларга хос фазилатларни ёрқин намоён қилди.

Қонида бор деб шунга айтадилар-да! Ислом Каримов Давлат режа қўмитасининг раиси бўлиб ишлаган вақтида бир муҳим хулосани, яъни Ўзбекистон иқтисодиёти шу тариқа бирёқлама ривожланишда давом этадиган бўлса, бу хатарли жараён охир-оқибатда ҳалокатли натижаларга олиб келиши муқаррар, деган, чуқур илмий асосланган фикрларни республика раҳбариятига ёзма равишда маълум қилгани ҳам тасодифий ҳол эмасди. Давлат ва халқ манфаатини ўйлаб, келажак ҳақида қайғуриб билдирилган бундай таклифларга эътибор қаратиш ўрнига, Марказ ва унинг республикадаги гумашталари уни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан энг оғир аҳволда қолган минтақага раҳбар қилиб, аслида эса жазолаш учун юборишни маъқул кўришди.

Тақдирнинг қалтис ўйин ва синовларидан ўтган, қисқа давр ичида Қашқадарёдек катта бир вилоятдаги аҳволни тубдан ўзгартиришга эришган Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлиб сайланганининг эртасига, яъни 1989 йилнинг 24 июн куни республика ҳукуматининг мажлисида «Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди» деб, қатъий баёнот бериши унинг қандай азму шижоат билан янги вазифага киришганидан далолат беради.

Республика раҳбари сифатида иштирок этган биринчи мажлисидаёқ Ислом Каримов ўн йиллар давомида тўпланиб қолган ва кўпчилик бундан буён ҳам шундай давом этаверади, деган кайфият билан лоқайд­ларча ёндашаётган масалаларга ойдинлик киритди. Бошқача айтганда, ўзининг раҳбарлик позициясини очиқ баён этди.

Собиқ мустабид тузум давридаги пахта яккаҳокимлиги, мустамлака тузумига хос, бирёқлама ривожланган иқтисодиётнинг ҳалокатли оқибатлари, аввало, одамларнинг турмуш тарзида, энг ёмони, уларнинг жон бошига тўғри келадиган даромад даражасининг ўта пастлигида, томорқа ерларининг кескин камайиб боришида, миллатнинг саломатлиги, унинг генофондига салбий таъсирларнинг кучайишида, болалар ва оналар ўлимининг авж олишида, ўлкамизнинг экологик ночор ҳолатида ва бошқа кўплаб масалаларда яққол кўзга ташланаётган эди.

Бунинг устига, атайин ўйлаб топилган бузғунчилик ва ўзаро нифоқ солишлардан халқнинг сабр косаси тўлиб кетди. Улкан масъулият ва жавобгарликни юрак-юрагидан ҳис қилган

Ислом Каримов буюк бир вазифани — Ўзбекис­тонни, унинг жафокаш халқини қарийб 130 йилдан буён давом этиб келаётган мустамлакачилик зулмидан озод этиш вазифасини ўз зиммасига олди. Ҳар лаҳза, ҳар дақиқада она халқининг тақдири ва келажагини ўйлаб яшади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.

Ислом Каримов нафақат ишга, айни пайтда минг-минглаб одамлар такдирига беписандларча муносабатда бўлишга мутлақо тоқат қилолмади.

Ислом Каримов буюк бир вазифани — Ўзбекистонни, унинг жафокаш халқини қарийб 130 йилдан буён давом этиб келаётган мустамлакачилик зулмидан озод этиш вазифасини ўз зиммасига олди. Ҳар лаҳза, ҳар дақиқада она халқининг тақдири ва келажагини ўйлаб яшади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.

Тарих гувоҳ — халқ дарди билан ёниб, нафас олган, ўзини буюк ишларга бағишлаган мард ва жасур инсонлар ҳеч қандай хавфу хатардан қўрқмайди. Бамисоли бутун халқнинг эзгу ниятлари кўринмас қудратли кучга айланиб, уларни қўллаб-қувватлаб туради.

Ҳайратли жиҳати шундаки, 70 йилдан зиёд вақт мобайнида фақат мақталган, таърифлаб кўкка кўтарилган собиқ мустабид тузумнинг бутун кирдикорларини Ислом Каримов аниқ далил ва рақамлар билан очиб ташлади. Дунёда энг адолатли, инсонпарвар жамият деб тасвирланган мустабид тузум аслида зулм ва зўравонликка асосланган энг ғайриинсоний жамият эканини очиқ баён этди. Ислом Каримовга қадар ҳеч ким Ўзбекистондаги чуқур ижтимоий-иқтисодий инқироз ҳақида, унинг туб илдизлари тўғрисида шу қадар катта жасорат билан гапирмаган эди.

Республикада жамиятни демократлаштириш, Ўзбекистоннинг ҳақиқий суверенитетини ўрнатиш, мамлакатда яшаётган кўп сонли миллатларнинг тотувлиги ва тенглигини таъминлаш Ислом Каримов бошлиқ сиёсий раҳбариятнинг асосий вазифаларидан бирига айланди. Муҳими, Ўзбекистон халқи юзага келган вазиятни барқарорлаштириш, иқтисодий ва сиёсий мустақилликни таъминлаш йўлидаги бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлади.

Мустақилликка эришиш арафасида вужудга келган ўта оғир шароит,  турли тўсиқларга қарамасдан, ­халқимиз Ислом Каримов бошчилигида ўзининг асрий орзуси — Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва мустақиллиги сари дадил ва қатъият билан ҳаракат қилишда давом этди. Ниҳоят, 1991 йилнинг 31 август­ида Ислом Каримов тантанали равишда Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эълон қилди.

Ватанимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган ўша унутилмас кунларга назар ташлайдиган бўлсак,  ёш, мустақил Ўзбекистон давлати раҳбари томонидан мамлакатимиз тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган кўплаб муҳим ҳужжатлар қабул қилинганини кўрамиз. Мисол учун, 31 август куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида»ги Қарор ва «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги Баёнот ҳамда «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир.

1991 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисидаги масала бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилди. Ўзбекистондаги президентлик ҳокимиятини мустаҳкамлашда 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонун ва унинг асосида ўтказилган умумхалқ сайлови катта аҳамият касб этди. Мустақиллик йилларида президентлик ­институти тўла шаклланди.

Биринчи Президент Ислом ­Каримов «Мустақилликни эркинлик тўғрисидаги шиорлар билан эмас, балки сиёсий, иқтисодий, маънавий мазмун билан тўлдириш керак» деб таъкидлаб, бундай қарашни ўз фаолиятининг бош мезони деб билди. Шу сабабли Ўзбекистоннинг ҳаётига дахлдор бўлган ҳар бир масалага комплекс ёндашиб, уларнинг ягона тўғри ва муқаррар ечими — бу мустақиллик ва фақат мустақиллик, деган мантиқий хулосага келди. Бундай дадил фикрни катта-катта минбарларидан туриб баён этишдан чўчиб ҳам, тортиниб ҳам ўтирмади.

Биринчи Президентимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий соҳаларга — Ўзбекистон ҳаётининг деярли барча жабҳаларига тааллуқли бўлган муаммоларни аниқ рақам ва кўрсаткичлар асосида билиши ва уларнинг ечимини аниқ кўрсатиб бериши унинг қалбида ислоҳот ғоялари, мустақиллик ғояси узоқ йиллар давомида шаклланиб борганини кўрсатади.

Ўзбекистон мустақиллиги ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган қандайдир тақдир эҳсони эмас, балки реал тарихий заминда, реал тарихий шарт-шароитда халқимиз ва унга етакчи бўлиб майдонга чиққан жасур Ислом Каримовнинг тинимсиз курашлари асосида амалга оширилган, эл-юртимизнинг туб манфаатларидан ўсиб чиққан, не-не аждодларимизнинг асрий орзу-интилишларини ифода этадиган конкрет тарихий жараён, амалий воқелик эканини ҳаётий мисоллар, аниқ далиллар исботлаб турибди.

Биринчи Президентимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий соҳаларга — Ўзбекис­тон ҳаётининг деярли барча жабҳаларига тааллуқли бўлган муаммоларни аниқ рақам ва кўрсаткичлар асосида билиши ва уларнинг ечимини аниқ кўрсатиб бериши унинг қалбида ислоҳот ғоялари, мустақиллик ғояси узоқ йиллар давомида шаклланиб борганини кўрсатади.

Буюк шахсларнинг бир пайтнинг ўзида ҳам улкан назариётчи, ҳам моҳир ташкилотчи ва амалиётчи сифатида халқ ва миллат олдида кўндаланг турган кўпдан-кўп саволларга пухта илмий-назарий асосда жавоб топиши ва уларнинг энг мақбул ечимини кўрсатиб бериши дунё тарихида камдан-кам учрайдиган феноменал ҳодисадир. Ислом Каримов тимсолида Тарихий бурилиш палласида халқ дарди, миллат қайғуси буюк шахсларни яратишини янада чуқурроқ англаймиз. Ўзбекистон ­мустақилликка эришиш остонасида  халқимиз бахтига шундай улуғ инсонни раҳбар қилиб бергани учун шукроналар айтамиз.

 

 

 

Н.ОБЛОМУРАДОВ,

тарих фанлари доктори,

Ш.ШАЯКУБОВ,

тарих фанлари номзоди