Кўҳна Регистон. Не-не воқеаларнинг гувоҳи. Бағрида не-не сиру синоатлар мазмуни яширин. Баъзан майдонда сайр қиларканман, йўлкалар ва саҳн устидаги терилган тошларда буюк алломалар изини кўргандек бўламан.
Амир Темур, Улуғбек, Ялангтўш Баҳодирхон, Бобурмирзо, Абулайсий, Навоий, қолаверса, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Йўлдош Охунбобоев, Шароф Рашидов... Барча-барчалари ана шу майдондан пиёда ўтишган. Бу ердаги синоатдан, руҳдан мадад олишган.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Регистоннинг шундоқ ёнидаги Даҳбеди маҳалласида ўсиб улғайган. Демак, у ҳам буюк алломалар изини босган. Улуғлар мадади эса ҳамиша инсон тақдирига ёрқинлик бағишлайди. Самарқанддаги учрашувда Ислом ака ўз қалбидаги сўзларни лўнда қилиб айтди.
– Мен Самарқанддай мўътабар юртда туғилганман ва шу ерда вояга етганимдан фахрланаман. Бошимга мушкул иш тушганда албатта, она шаҳримга ташриф буюраман, унинг донишманд, саховатпеша одамлари маслаҳатидан мадад оламан. Зеро, ўз она юртини севолган кишигина бутун Ўзбекистоннинг қадрига етади.
Биз кўпинча раҳбар кишиларнинг ёшлиги ҳақида гапиришга одатланганмиз. Шундай бўлса-да, биз Ислом Каримов болалигига айрим чизгилар бермоқчимиз. Ниятимиз бу кишининг шаънига ҳамду сано ўқиш эмас, балки болалигидаги фазилатлари камолотга етишида нечоғли аҳамият касб этганини кўрсатишдир.
Ислом Каримовнинг бахти шундаки, у ажойиб кишилар муҳитида ўқиб-улғайди. Марварид ҳам шода ичидагина кўркини топади, деганлари рост экан. У яшаган маҳаллада ҳозир ҳам илму маърифат ҳукмрон.
Биз Ислом Каримов ўқиган 21-ўрта мактабга узоқ вақт директорлик қилган ва кейинчалик партия ва совет ишларида фаолият кўрсатган халқ таълими аълочиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Ҳалим Абдураҳмонов билан суҳбатлашдик. Муаллим бизга аввалига бир ривоят айтиб бердилар.
Айтишларича, шаҳар ҳокими донишмандга ўз фарзандини шогирдликка берибди. Маълум муддат ўтгач, болани имтиҳон қилишибди. Донишманд узугини кафти орасига олиб сўрабди:
– Қани, ўғлим, айтинг-чи, қўлимдаги нима?
– Устоз, кечирасиз, аввал шакл-шамойилини билай, кейин нелигини айтаман, – дебди шогирди.
Донишманд айтибди:
– Ўзи думалоқ, ичи тешик.
– Тегирмон тоши-да, устоз, – дебди болакай ҳовлиқиб. Шунда донишманд ҳокимга ва ўтирганларга юзланиб дебди:
– Фаросат тафаккурнинг шамчироғи, у бировга берилмайди, бировдан олинмайди. Бироқ инсон савиясини белгилайди. Болакай тегирмон тошининг думалоқ ва ичи тешик бўлишини яхши билади. Аммо бу тошнинг кафтга сиғмаслигига фаросати етмади. Фаросат ҳар битта одамнинг ўзида бўлиши керак. Фаросати кучли киши келажакда албатта, эзгу ишнинг этагидан ушлайди.
– Ислом фаросати кучли шогирдларимдан эди, – суҳбатни давом эттирди муаллим. – Ундаги энг яхши фазилатлардан бири жасорат ва дадиллик эди. Ана шу фазилатлари туфайли ҳам у марказдан ўтказилаётган сиқувларга дош беряпти, пўписалардан қўрқмаяпти, Ўзбекистон мустақиллиги йўлида ҳақиқий жасорат кўрсатяпти.
Шу билан бирга, Ислом агар бирор айб қилиб қўйгудай бўлса ёки топширилган бирор ишни ўз вақтида бажаролмаса, албатта, кечирим сўрарди.
Ҳалим аканинг бу сўзларини эшитяпман-у, Ўзбекистон Олий Кенгашининг сессияси кўз ўнгимга келди. Каримов минбарга чиқиб, ҳар кимда ҳам хато бўлишини айтди ва депутатлардан узр сўради... Самарқанддаги учрашувда у киши Қашқадарёда ишлаган пайтида марказга сифатсиз маҳсулот жўнатилгани учун иккита хўжалик директорини ишдан бўшатганлигига ҳали ҳам пушаймон эканликларини айтдилар.
Ўшандаги битта гап ҳеч ҳам эсимдан чиқмайди.
– Танқид ҳар қанча фойдали бўлмасин, ҳар кимга ҳам ёқавермайди. Айниқса, ғурури баланд кишиларга. Жумҳуриятнинг бош раҳбариман. Хусусан, сессиядаги танқидлар мени қанчалик ҳаяжонлантирган бўлса-да, уларни босиқлик билан қабул қилишга ҳаракат қилдим. Дарҳақиқат, раҳбар кишининг ўта қизиққонлик қилишга, жиззакиликка ҳақи йўқ.
Муаллимнинг суҳбатини мириқиб эшитамиз.
– Биласизми, у пайтлар электр чироғи йўқ эди. Фонусда ёки шамчироқда дарс қилишарди болалар. Исломнинг озода, камтарин кийинишига ҳамма ҳавас қиларди. Ўқитувчилар билан агар фикри тўғри бўлса, баравар тортишарди. Шу ўринда бир нарсани айтмоқчиман.
Ҳозир жумҳуриятимизда биринчи марта Президент сайловига тайёргарлик кўряпмиз. Менимча, Ислом Каримов жуда катта жасорат билан ишлаяпти. Бугунги кунда унинг ўзини сайлаш жуда ҳам зарур.
Иккинчи суҳбатдошим иқтисод фанлари номзоди, Самарқанд савдо институти доценти Султон Одиловнинг эҳтиросли гаплари ҳам маъқул бўлди.
Султон ака Ислом Каримовдан икки синф кичик бўлган. Математика ва физикага қизиқиш уларни бирлаштириб турган, бунинг устига иккови ҳам битта маҳаллада яшаган.
– Ислом ака биздан ҳеч ёрдамини аямасди. Фан тўгарагида унинг ёнидан жилмасдик. У киши болалигидан жуда ўктам эди. Ҳозир ҳам йиғилишлардаги гапларини эшитиб, ўша даврларни эслаб қоламан. Спорт билан бирга шуғулланардик. Энг муҳими, маҳалладаги болаларни ҳурмат қиларди. Жисмонан чиниққан, зўр бўлишига қарамасдан ҳеч кимга озор бермади. Назаримда ана шу фазилати туфайли ҳам у ҳозирги кунда кўпчилик ҳурматига сазовор. Мен четдан Ислом ака ҳақида ҳар хил миш-мишларни ҳам эшитиб қоламан. Уларга қатъий айтмоқчиманки, Ислом аканинг кимлигини биз, урушдан кейинги болалар, жуда яхши биламиз ва унинг ҳалол, покиза хизмат қилишига чин дилдан ишонамиз.
Даҳбеди маҳалласидаги қариялар, хотин-қизлар бир сўзни такрорлашди:
– Биз маҳалламиздан Ислом Каримовдай инсон етишиб чиққанлигидан фахрланамиз ва бутун жумҳуриятимиз меҳнаткашлари ана шу туйғумизга шерик бўлишини истаймиз.
Фармон ТОШЕВ.
("Ўзбекистон овози" газетаси,
1991 йил, 18 декабрь, 244-сони).