Жорий йил 28 октябрдан 13 ноябргача Самарқанд шаҳрида ўтадиган БМТ Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКОнинг 43-сессияси нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим халқаро воқелик саналади. Бу тарихий воқеа ҳисобланиб, сўнгги 40 йил ичида мазкур форум илк бор ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳидан ташқарида ўтказилмоқда. Тадбирда 194 та давлатдан 5 мингдан ортиқ делегатлар иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади”.
Бугунги халқаро майдонда тинчлик, ўзаро ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш ғоялари устувор аҳамият касб этаётган шароитда, давлатлар – маданият, фан ва таълим соҳаларидаги мулоқотни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада ЮНЕСКО билан ҳамкорлик барча мамлакатлар учун стратегик аҳамиятга эга бўлмоқда. Ушбу ҳамкорлик таълим ва илм-фан соҳаларида инновацион тажрибаларни жорий этиш, маданий меросни муҳофаза қилиш ва унинг орқали халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш имконини ҳам яратади.
Маълумки, ушбу халқаро ташкилот 1945 йил 16 ноябрда ташкил этилган бўлиб, ташкилот давлатлар ва халқлар ўртасида таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда моддий ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш масалалари билан шуғулланади. ЮНЕСКОнинг бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири халқаро ташкилотлар билан кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқишдан иборат ҳисобланилади. Бу борада ЮНЕСКО билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. 1993 йил 26 октябрда Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг тўлақонли аъзоси бўлди. 1994 йилда ташкилот билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш мақсадида Миллий комиссия тузиди.
|  |  | 
Шу вақтдан бошлаб мамлакатимиз ва мазкур ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда. 1996 йилда Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг ваколатхонаси очилди. Ҳозирги вақтда мазкур ваколатхона раҳбарлиги остида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ҳамкорлик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов маънавий тикланиш, миллий ўзликни англашни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тарихий хотирасини тиклаш, унинг улкан илмий ва маданий салоҳиятини авайлашга катта эътибор қаратганини эслашга тўғри келади. Биринчи Президент маънавий қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни, муқаддас динимиз, анъаналаримиз ва урф-одатларимизни сақлаш ва ривожлантиришни – давлат сиёсати даражасига олиб чиқди. Унинг ислом маданияти ва жаҳон фанига бебаҳо ҳисса қўшган буюк алломалар хотирасини тиклашдаги ташаббуслари натижасида улуғ аждодларимиз жаҳон миқёсида яна бир бор эътироф этилди.
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан қадимий Самарқандда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, 2007 йилда ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги кенг нишонганлиги, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий қадамжолар обод қилинганлиги юқоридаги фикримизнинг ёрқин исботидир.
Ўзбек миллий мусиқа санъатини оммавийлаштириш ва сақлаб қолиш мақсадида Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ЮНЕСКО халқаро ташкилоти қарамоғи остида илк бор 1997 йилда ўтказилган. Ислом Каримовнинг эзгу ишлари ЮНЕСКО ташкилоти томонидан юксак эътирофга сазовор бўлди. Халқаро ташкилотнинг қатор нуфузли мукофотлари билан тақдирланди.
|  |  | 
Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатнинг таълим, фан, маданият ҳамда маданий меросни асраш соҳаларида ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳамкорлик республикага таълим ва илмий тизимларни такомиллаштириш, бой маданий меросини муҳофаза қилиш ҳамда бутун дунёдан сайёҳларни жалб этиш имконини бермоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Ушбу халқаро тузилма мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, икки томонлама ва кўп томонлама шерикликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун муҳим халқаро майдон вазифасини бажаради.
Сўнгги саккиз йил ичида мамлакатнинг 16 та номоддий маданий мерос элементи ЮНЕСКО рўйхатларига киритилди. Жумладан, “Шашмақом”, Бойсун маданий анъаналари, Катта ашула, Аския санъати, Палов билан боғлиқ маданият ва анъаналар, Наврўз байрамини нишонлаш анъаналари, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш, “Лазги”, Миниатюра санъати, Бахшичилик, Ипакчилик ва анъанавий ипак тайёрлаш санъати каби ва бошқаларни санаш мумкин.
Халқимизнинг ноёб маданий ва тарихий меросини асраш, уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш масаласи – Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу соҳадаги фаол ҳамкорлик Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрнини янада ёрқин намоён этишга хизмат қилмоқда. Ҳамкорлик доирасида мамлакатимизда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ва илмий асосда ўрганиш бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди.
Жаҳоннинг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш ва жалб этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО кафедралари тармоғи кенгаймоқда. Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида "Дунё динларини қиёслама тадқиқ этиш", "Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит муҳофазаси", "Маданият туризми" каби кафедралар очилмоқда.
ЮНЕСКО кўмагида мамлакатимизда "Шарқ тароналари", бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, Мақом санъати анжумани каби қатор йирик халқаро тадбирлар ўтказилмоқда.
Умуман, ўтган 30 йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги муносабатлар барқарор ривожланиш ва амалий мазмун билан бойиди. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг тарихий ёдгорликларини муҳофаза қилиш, номоддий маданий меросни сақлаш, замонавий таълим ва илм-фан тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш масалалари алоҳида ўрин тутди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, 30 йиллик ҳамкорлик давомида Ўзбекистон ва ЮНЕСКО муносабатлари янги сифат босқичига кўтарилди. Бу давр мобайнида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, хусусан таълим, фан, маданият соҳаларида изчил ривожланишга эришилди, тарихий ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, миллий таълим тизимини ривожлантириш, инновация ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли натижаларга эришилди.
Феруза МУҲИДДИНОВА,
Тошкент давлат юридик университети профессори,
юридик фанлари доктори