2018 йил 2 мартда Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганига 26 йил тўлди. Ушбу кундан бошлаб Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тўла қонли аъзоси ҳисобланади.
Пойтахтимиз Тошкентда БМТ нинг ваколатхонаси очилди, Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартирасида эса – Ўзбекистоннинг ваколатхонаси очилди. Шу даврдан бошлаб республикамиз байроғи ташкилотнинг бошқа аъзолари байроқлари каби БМТнинг Бош биноси олдида хилпираб турибди. Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси сессияси инсоният олдида турган долзарб муаммоларни муҳокама этиш, уларга ечим қидириш масалаларига бағишланади. Бу борада давлатларнинг қарашлари ўртага ташланади, минтақалар ва халқлар манфаатидан келиб чиқиб хулосалар белгиланади. Ўзбекистон тинлик ва барқарорликни сақлаш, экологик муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш каби масалалар доирасида БМТ билан собитқадамлик асосида ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Айниқса фаол сиёсий мулоқотнинг ўрнатилиши Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Бу жараёнга 1993 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти асос солган эди. Ўзбекистоннинг БМТга аъзо бўлганининг биринчи кунлариданоқ ўзаро алоқаларнинг устувор йўналишлари белгиланди. Булар тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи омиллар, одам савдоси, гиёвандликга қарши кураш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишини олдини олиш, экологик муаммоларни ҳал этиш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалалардир.
Ўзбекистон БМТ доирасида халқаро ва регионал муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда фаол иштирок этади. Хусусан, Президент Ислом Каримов ўз нутқларида БМТ нинг 48-(1993 йил сентябрь), 50- (1995 йил октябрь), 55-сессияларда (2000 йил сентябрь) ва БМТ Бош Ассамблеясининг “Минг йилликни ривожлантириш мақсадлари” (2010 йил) саммитида эътиборини Марказий Осиёнинг долзарб масалаларига урғу берди. Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан БМТ томонидан Марказий Осиёда хавфсизлик масалаларини тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган қатор резолюциялар қабул қилинди.
Масалан, 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида нутқ сўзлаб, И.А. Каримов Марказий Осиёни ядро қуролидан ҳоли зона, деб эълон қилишни таклиф этди. Бу таклиф Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва БМТ нинг бошқа кўпгина аъзолари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари ва халқаро экспертларининг биргаликдаги кўп йиллик ишидан кейин 2006 йил сентябрда Семипалатинск шаҳрида (Қозоғистон) Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи-сиёсий идоралари бошлиқлари даражасида “Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли бўлган зона тўғрисидаги Шартнома” нинг имзоланиши бўлиб ўтди.
Афғонистондаги вазият Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлигининг муҳим аспекти ҳисобланади. Ўзбекистон ташаббуси ва БМТ нинг қўллаб-қувватлаши билан, афғон муаммосини муҳокама қилишга ва регионал хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган “6+2” гуруҳи (қўшни мамлакатлар: Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Хитой, ҳамда Россия ва АҚШ) ташкил қилинган эди. Гуруҳнинг биринчи учрашуви 1997 йилда Нью-Йоркда, иккинчиси – 1999 йил июлда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. 2008 йил апрелда Бухарестда НАТО саммитида Ўзбекистон раҳбари И.А. Каримов “6+2” тинчлик ташаббусининг яна давом эттирилиши ва кенгайтирилиши ва бу гуруҳга НАТО нинг киритилиши билан унинг “6+3” га айлантирилишининг мақсадга мувофиқ эканлиги тўғрисида таклиф киритди, қайсики, у Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни аниқлашда кучларни бирлаштиришга ёрдам бериши мумкин эди. Ушбу форматда Афғонистонни реконструкция қилишнинг йирик донорлари – Ҳиндистон, Япония ва бошқа манфаатдор мамлакатларнинг иштироки – янада самаралироқ халқаро диалогга ёрдам бериши мумкин эди.
Ўзбекистон Республикаси БМТ нинг турли ихтисослаштирилган муассасалари ва комитетлари фаолиятида, БМТ нинг Афғонистондаги гуманитар акцияларида фаол иштирок этмоқда. 2002 йил октябрда БМТ нинг Бош котиби Кофи Аннаннинг ва 2010 йилда БМТ нинг ҳозирги Бош котиби Пан Ги Муннинг Ўзбекистонга қилган ташрифлари БМТ билан ҳамкорликнинг муҳим босқичи сифатида намоён бўлдилар. Мулоқотда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, демократик ислоҳотлар, ҳамда БМТ ни ислоҳ қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Бугунги кунда Орол муаммоси чинакам умумсайёравий миқёсга эга бўлди, ва шунинг учун Марказий Осиё давлатларининг бу масала бўйича БМТ билан ҳамкорлиги халқаро аҳамиятга эга. 2013 йил 16 сентябрда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 68-сессиясида “Орол қуришининг оқибатларини тугатиш ва Оролбўйидаги экотизимлар ҳалокати олдини олиш бўйича чоралар Дастури” мавзусидаги Ўзбекистоннинг ташаббуси маъқулланди. Дастур БМТ нинг Бош котиби Пан Ги Мун томонидан бутунича қўллаб-қувватланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 2017 сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу тарихий ташриф мамлакатимиз билан БМТ ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб берди. Айтиш жоизки, Президентимиз ўз нутқида уч йўналишдаги – Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақаси ва БМТ даражасидаги фикрларини ўртага ташлади, умуминсоний манфаатлар кўзланган таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Президентимизнинг дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, БМТнинг халқаро муносабатлардаги ролини ошириш борасидаги фикрлари ҳам долзарб аҳамиятга моликдир. БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббуслар, айниқса, тарихий воқеадир.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг БМТ минбаридан туриб илгари сурган ташаббуслари замонавий дунёнинг бугунги реалликларига тўла жавоб беради. Шу боисдан ҳам улар жаҳонда ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессияси кун тартибига асосий бандлардан бири сифатида киритилгани Ислом Каримов нафақат мамлакатимизда, балки минтақамиз ҳамда жаҳонда тинчлик ва барқарорликнинг таъминланишига улкан ҳисса қўшганининг тасдиғи бўлди.
Шавкат Рахматуллаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий Ёдгорлик мажмуаси
Бош илмий ходими, тарих фанлари номзоди