ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЎЗБЕКИСТОН КОНСТИТУЦИЯСИНИНГ ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ


09.12.2025

“Ҳар қандай давлатнинг юзи ва обрў-эътибори –

унинг Конституциясидир. Зотан, Конституция

давлатни давлат, миллатни эса миллат сифатида

дунёга танитадиган Қобусномадир”.

Ислом Каримов

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганига 33 йил тўлди. Мазкур сана муносабати билан республикамизнинг барча ҳудудлари, таълим муассасалари, давлат ташкилотларида байрам тантаналари, илмий-маърифий учрашувлар, анжуманлар бўлиб ўтмоқда.

Мустақилликни ифодаловчи асосий ҳужжатлардан бири – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси учун (“Конституция” сўзи лот. “cонститутио” сўзидан олинган бўлиб, “ўрнатиш, тузилиш” маъноларини билдиради)  “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисида”ги Қонуни асос бўлиб хизмат қилган. Такидлаш лозимки, Ўзбекистон ҳудудида 1918 ва 1920 йиллари Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (Туркистон АССР)нинг, 1920-21 йилларда Хоразм ва Бухоро Халқ Республикаларининг, 1927, 1937 ва 1978 йилларда Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (Ўзбекистон ССР)нинг Конституциялари қабул қилинган. Лекин бу Конституциялар мамлакатимиз халқини ўз ҳудудини ўзи эркин ва демократик тамойиллар асосида бошқариш, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқларини бермаган эди. Улар Совет Иттифоқи марказининг кўрсатмаси билан ёзилган ва Иттифоқ Конституциясидан кўчириб олинган эди.

1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Советининг иккинчи сессиясида “Мустақиллик декларацияси” қабул қилинган. Худди ўша сессияда илк маротаба Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш ғояси илгари сурилган ва Биринчи Президент Ислом Каримов раислигида 64 кишидан иборат конституциявий комиссияни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган. Ушбу комиссия бир неча ой давомида жаҳондаги энг ривожланган давлатлар конституцияларини ўрганиб, мустақил Ўзбекистоннинг янги Конституцияси лойиҳасини яратди. Комиссия томонидан ишлаб чиқилган Конституция лойиҳаси биринчи маротаба 1992 йил 26 сентябрда, иккинчи маротаба 21 ноябрда умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди. Конституция лойиҳаси юзасидан тушган ва билдирилган барча таклиф, мулоҳаза ва истаклар ўрганиб чиқилди, улардаги ижобий таклифлар инобатга олинди.

Шу тариқа янги Конституция устида махсус комиссия томонидан деярли икки йил иш олиб борилди. Унгача 1991 йил 31 августда қабул қилинган, 17 моддадан иборат “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида” Қонунга 1991 йил 30 сентябрда конституциявий мақом берилган эди. Ва у вақтинча Конституция вазифасини ўтаган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи бўйича Президентимиз Ш.М.Мирзиёев қуйидагиларни эслаб, фикр билдиради: “Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида 1990 йил июн ойида тузилган Комиссиянинг икки йиллик машаққатли меҳнати натижасида Конституциянинг биринчи, иккинчи ва сўнгра учинчи лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ушбу Комиссия азоси сифатида мен ана шу тарихий жараёнда бевосита иштирок этганимни доимо фахр билан эслайман. Конституциянинг яратилиши билан боғлиқ қизғин баҳс-мунозаралар, турли ғоя ва фикрлар ҳали ҳам хотирамда”.

Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг Биринчи раҳбари Конституциявий комиссия иш бошлаши билан мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатларини, хусусиятини муносиб равишда акс эттирадиган, жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган демократия ривожланган давлатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни, халқаро тажрибаларни инобатга оладиган Асосий Қонун лойиҳасини тайёрлашга бевосита раҳбарлик қилди. Ушбу улкан, тарихий вазифаларни амалга оширишда Биринчи Президентимиз – буюк давлат ва жамоат арбоби, истеъдодли сиёсий етакчи сифатида ўзини намоён қилди. Шу маънода, Ўзбекистон Конституциясининг ташаббускори, илҳомлантирувчиси ва асосий муаллифи – мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримов дейишга ҳақлимиз.

Ислом Каримов Конституция матнини тайёрлаш жараёнида АҚШ, Германия, Япония, Канада, Франция, Италия, Португалия, Швеция, Испания, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Миср каби 13 дан ортиқ давлатларнинг  асосий қонунларини шахсан ўрганиб чиққан.  Конституцияни тайёрлаш жараёнларида,  муҳокамаларида Ислом Каримовнинг ўнлаб моддаларга шахсан ишлов берган, 77 та принципиал ўзгартиш ва қўшимчалар киритган.

Комиссия раҳбари сифатида Ислом Каримов виждон эркинлиги масаласига жуда катта эътибор берди. Лойиҳада бу ҳақдаги «Ҳар бир киши виждон-эркинлиги ҳуқуқига эгадир, ҳар ким хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига, диний ва атеистик эътиқодга эга бўлиши ва бундай эътиқодни тарқатиш ҳуқуқига эгадир» деган жумлани Ислом Каримов тузатиб, «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», - деб ўзгартириш киритади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси моддаларига у қабул қилиниши арафасида Ислом Каримов томонидан бу каби тузатишлар, қўшимчалар кўплаб киритилган. Бугунги кунда бу маълумотлар Ўзбекистон Миллий архивида – бош қомус тарихига оид ҳужжатларнинг асл нусхалари, Конституция лойиҳасини тайёрлаш жараёнига оид тарихий ҳужжатлар, Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан Конституция лойиҳаси матнларига қўлёзма тарзида киритган тузатишлари жой олган. Ушбу ҳужжатлар М-69-фонд Рўйхат-1, Йиғма жилд–151 рақам билан сақланмоқда.

       

1992 йил 8 декабрь “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунни умумхалқ байрами деб эълон қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ислом Каримов томонидан имзоланган. Мазкур сана Конститутция қабул қилинган ва умумхалқ байрами деб эълон қилинган кун сифатида тарихга муҳрланди.

Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланадиган бўлди.

Маълумки, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан 2022 йил 20 июнда бўлиб ўтган учрашувда инсон қадрини конституциявий мустаҳкамлашнинг тўққизта асосий йўналиши бўйича Конституцияга киритиладиган аниқ таклифларини жамоатчилик эътиборига ҳавола этди. Шу муҳим таклиф ва ташаббусларнинг барчаси янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз аксини топди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга илк бор “фуқаролик жамияти институтлари” ибораси киритилди. Шу билан бирга Конституцияда “Ўзбекистон – дунёвий давлат”, деб белгиланди. Дунёвий давлат – давлат бошқаруви Конституция ва қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган давлат, деганидир.

Умуман олганда, Асосий Қонунимиз умуминсоний ғоялар – тинчлик, тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир”. 

                            Ҳамро Раҳмонов,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент