Маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир.
Инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади.
***
Виждони уйғоқ одам ён-атрофида бўлаётган воқеаларга, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммоларига, адолатнинг топталишига бефарқ қарай олмайди. Айниқса, эл-юрт манфаатига зарар етказадиган ёвуз хатти-ҳаракатларга ҳеч қачон четдан жим қараб туролмайди, ўз юрти ва халқига нисбатан хиёнат ва сотқинликни асло қабул қилолмайди. Бундай ҳолатларни кўрганда виждони қийналади, доимо ёниб-куйиб яшайди, қандай қилиб бўлмасин, уларни бартараф этишга интилади, керак бўлса, бу йўлда ҳатто жонини ҳам фидо қилади.
***
Бу ҳаётнинг шафқатсиз бир қонунияти бор. Яъни, тарихнинг мураккаб ва ҳал қилувчи бурилиш палласида ҳар қандай миллат ва элат ўз аҳиллиги ва бирдамлигини сақлаб, ўз миллий манфаатлари йўлида қатъият билан турмаса, масъулият ва ҳушёрлигини йўқотадиган бўлса, охир-оқибатда ўзининг энг катта, тенгсиз бойлиги бўлмиш мустақиллиги ва озодлигидан жудо бўлиши шубҳасиз.
***
Ақли расо ҳар қайси инсон яхши англайдики, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.
***
Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир.
***
Қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча – қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади.
***
Ўзбек халқи дунё майдонида куни кеча тасодифан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Биз – бой тарих, юксак маданият, буюк маънавият ворисларимиз. Қадимий тарихимизни ҳар томонлама ўрганиб, шундай хулосага келиш мумкинки, энг қалтис ва таҳликали даврларда миллатимизга умид ва ишонч берган, уни ёвларга қарши курашга ундаган, аждодларимизни илмий кашфиётлар, ҳарбий зафарларга, маърифат машъалини баланд кўтариб, жаҳолатга қарши чиқишга чорлаган беқиёс куч ҳам айнан маънавий жасорат туйғусидир.
***
Халқ – бамисоли улуғ ва шарафли йўлдан илгарилаб бораётган улкан карвон. Уни йўлдан чалғитишга уринувчилар, пайт пойлаб, орқасидан ҳамла қилувчилар ҳамиша бўлган, бундан кейин ҳам бўлиши мумкин. Карвон бехатар бўлмас, деган гап бежиз айтилмаган. Аммо халқ карвонини ҳеч қандай куч ортга қайтаролмайди. Нега деганда, халқнинг қалбида не-не авлодлардан мерос енгилмас куч – маънавият бор.
Ислом Каримовнинг
"Юксак маънавият – енгилмас куч" асаридан.