ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Оқсарой: ўтмиш ва бугун


06.02.2018

Ўзбекистон миллий давлатчилиги тарихида мустақилликка эришиш, хусусан, давлат ва жамоат арбоби Ислом Каримов раҳбарлик қилган давр муҳим аҳамиятга эга.

Ўтмишдан маълумки, буюк шахсларнинг тарих саҳнасига келиши тасодифий эмас. Зеро, улар жараёнларни тезлаштириши ёки аксинча, таназзулга олиб келиши мумкин. Шу маънода Ислом Каримовдек сиёсий етакчининг давлат бошқаруви тепасига келиши ўзбек халқининг бахту иқболидир. 

Тарихи ва географик жойлашуви 

Биринчи Президентимиз узоқ йиллар Оқсаройни қароргоҳ тутиб, мамлакат ҳаёти, истиқлолнинг ижтимоий-иқтисодий асосларини шакллантиришга дахлдор қарорларни шу ерда қабул қилди; тараққиётнинг миллий модели, кўплаб стратегик лойиҳалар шу табаррук масканда ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. 

Оқсарой шунчаки муҳташам бино, архитектура ёдгорлиги, мамлакат раҳбарининг қароргоҳи бўлибгина қолмай, давлат аҳамиятига молик иншоот сифатида бунёд этилган. Тарихий манбаларга кўра, Оқсарой номи қадимги ва ўрта асрларда Марказий Осиёда тарқалган туркий қабилалар ўртасида “оқ” ва “кўк” ранглар муқаддас саналгани, халқлар мақсад-муддаосининг рамзи бўлганлиги билан боғлиқдир. “Оқ уй”, “Қора уй”, “Оқ қўйли”, “Қора қўйли”, “Кўк тангри”, “Кўк бўри”, “Оқ ўрда” тушунчалари кенг тарқалган бўлиб, “оқ” атамаси тинчлик, тенглик, яратувчанлик ва яна йўлбарс, бой, зодагон, ҳукмдор тушунчаларини ҳам беради. 

1371 йили Балхда бутун Мовароуннаҳр беклари Амир Темурни оқ кигизга ўтқазиб, боши узра кўтаради ва шу тариқа ўз йўлбошчисини сайлайди, уни “Буюк бек” деб эълон қилади. Ушбу анъанага манғитлардан бўлган барча Бухоро амирлари содиқ қолишган. “Сарой” сўзи қароргоҳ, ҳукмдорлар, подшоҳлар фаолият юритадиган қаср тушунчасини беради. Шу сабабдан Амир Темур Шаҳрисабздаги қароргоҳига Оқсарой деб ном берган. Абу Саид Мирзо ҳамда султон Аҳмад Мирзо ҳукмронлиги даврида Самарқанд, Хива ва Қўқонда қурилган Оқсаройларнинг номи ҳам айни маънони англатади. Президент қароргоҳларини Оқсарой, Оқ уй, Оқ ўрда деб номлаш анъанаси янги замонда ҳам давом этди. Бундай иншоотлар Тошкент, Вашингтон, Остона ва бошқа пойтахт шаҳарларда мавжуд. 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти номидаги Оқсарой мажмуаси 9,6 гектарга яқин майдонни эгаллайди. Майдонда тўртта бино — “Оқсарой”, “Кўргазмалар зали”, “Кутубхона”, “Мажмуа офислари” ва битта кафетерий жойлашган. 

Оқсарой қароргоҳи учун айнан шу майдон танлангани бежиз эмас. Чунки Тепақўрғон, Ўрда бир-бирига туташиб кетган жойлар бўлиб, бу қадимдан халқ хотирасида муқаддас ер, бошқарув жойи сифатида муҳрланган. У анҳорнинг чап қирғоғида жойлашган бўлиб, яшаш, хўжалик юритиш, деҳқончилик учун қулай ҳисобланган. Археологларнинг маълумотларига қараганда, V–XII асрларда бу майдонда аҳоли умргузаронлик қилган. 

Анҳорнинг ўнг соҳилида эски шаҳарнинг Бешёғоч, Ўқчи, Ўрда, Олмазор, Қоратош ва бошқа маҳаллалари ҳамда ҳарбий қалъа жойлашган. Шаҳар қалъа деворининг Қўймас (Қатағон) дарвозаси (ҳозирги Ислом Каримов кўчаси ўрнида) илк ўрта асрларда қурилган Қўймас истеҳкоми ўрнида бўлган, унинг қолдиқлари кейинчалик Тали Қўймас, яъни Қўймастепа деб аталган. 

Вақт ўтиши билан тураржойлар мустаҳкамланди, ўзгарди. 1865 йилнинг июнь ойида Чор Россияси генерали Черняев томонидан шаҳар забт этилгач, рус ҳарбий қалъасининг қурилиши учун шу жой танланди. Ҳарбий қалъанинг мудофаа деворлари ташиб келинган тупроқ билан тепалик қилиб кўтарилди. Шу сабабдан бўлса керак, эски ном унутилиб, “тепа қўрғон”, “тупроқ қўрғон”, деб номлана бошланди. Қалъа олти бурчакли бўлиб, бурчакларида мустаҳкам бастион- (бурж)лари бўлган. Кўтармаларнинг айрим жойларига ғиштдан девор қурилиб, ўт очиш учун шинаклар қилинган. 

Қалъа ичида 6 та пиёдалар ротаси учун казарма, офицерлар учун бино, шифохона, ўқ-дори, кийим-бош ва озиқ-овқат омборхонаси ҳамда порох сақлайдиган ертўла қурилган. Асосий кириш йўли (шарқий дарвоза) ғиштдан ҳашамдор қилиб ишланган. 

Руслар учун янги шаҳарнинг қурилиши Тупроққўрғон қалъасини бунёд этишдан бошланди. Тепаликда жойлашган ҳарбий қалъа эски шаҳарни назорат қилиш ва айни вақтда мустамлакачилар яшайдиган Янги шаҳарни қўриқлаб туриш имконини берган. 1867—1883 йилларда ҳар куни соат 12:00 да Тупроққўрғонда замбаракдан ўқ отилган, шу тариқа ҳам вақтни, ҳам ўзларини эслатиб туришган... 

ХХ асрнинг 60-йилларида Тепақўрғон, ҳарбий қалъа текисланиб, ўрнида Коммунистик партия марказий қўмитасининг биноси, кейинчалик бу ҳудудда болалар истироҳат боғи ва Қўғирчоқ театри қад ростлади. 1996 йилда объектив эҳтиёж туфайли, республика раҳбарининг доимий иш жойи, хорижий меҳмонлар муносиб қабул қилинадиган, халқаро маросимлар ўтказиладиган Президент қароргоҳини бунёд этишга қарор қилинди. 

Замонавий Оқсарой 

Оқсарой бу — Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қароргоҳидир. Қурилиш ишлари 1997 йилда бошланиб, 1999 йили тугатилган. Иншоот лойиҳаси Ислом Каримовнинг кўрсатмалари, тавсиялари асосида меъморлар Азамат Тўхтаев ва Рустам Шокиров томонидан тайёрланди. 

Сарой оқ мармардан замонавий услубда қурилган. Бино уч қаватли бўлиб, баландлиги 29,5 метр, майдони 4522 квадрат метрни ташкил этади. Қурилиш жараёнида ғишт, бетон, витраж, гипсокартондан тайёрланган материаллардан фойдаланилган. Асосий ишлар маҳаллий қурилиш компанияси томонидан бажарилган. Ички безаклар Европанинг етакчи дизайнерлари иштирокида Европанинг етакчи қурилиш компаниялари томонидан яратилган. Оқсарой меъморчилик услуби ўзига хос миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштирган. 

Сарой боғи 

Оқсарой майдонида боғ ташкил қилинган. Боғда жами 1789 туп дарахт мавжуд. Улар игнабаргли (932 туп), баргли-манзарали (354 туп), бутали, майда баргли (218), мевали (179) дарахтлар ва турфа гуллар(106)дан иборат. Оқсарой боғи бошқа боғлардан фарқ қилади. Бу ерда манзарали ва мевали дарахтлар ёнма-ён ўтқазилган. Ландшафт дизайни асосида буталар, гуллар экилган. Манзарали дарахтлар дунёнинг тўрт томонидан келтирилган. Қрим қарағайи, Тяньшань арчаси, шимол арчаси ва қарағайлари, дуб, каштан, липа, япон сакураси, шамшод, кедр, қайин, эман, терак, каштан дарахтлари боққа ўзгача манзара бағишлайди. 

Мевали дарахтлардан гилос, олча, олма, ўрик, ёнғоқ, анор, беҳи, нок, ток, жийда мавжуд. Боққа олмахон, лочин олиб келинган, булбул ва яна ўнлаб қушлар бу ерни макон тутган. Булбул эрта тонгда сайрайди. Сурхондарёдан келтирилган тошбақа ва типратиканлар боғнинг табиий муҳитида ўзига хос ўринга эга. 

Агроном, биология фанлари номзоди, Президент девонида 22 йил ишлаган Клара Вилданованинг таъкидлашича, Ислом Каримов табиат ва ўсимликлар дунёсини жуда яхши кўрар эди. У билан қизиқиб турли саволлар берар, муайян масалалар бўйича маълумот сўрарди. Масалан, “Барглар нега сарғаяди ва ерга тушади?” деган саволга дарҳол жавоб бера олмайсиз, шунчаки “Куз бўлганлиги учун”, деб айтиш ҳам ноқулай. Буларнинг барчасига илмий нуқтаи назардан жавоб бериш керак эди. Бирор-бир дарахтнинг гулламаслиги ёки нима сабабдан касалликка чалингани ҳақида ва умуман, ҳамма нарса ҳақида сўрар, қизиқар эди. Баъзида “Нега каштан дарахти остида майса ўсмайди?” дея савол бериб қолса, нима учун ўсмаётгани илмий жиҳатдан асослаб берилар эди. Каштан барглари катта ва тиғиз бўлганлигидан қуюқ соя пайдо қилади, натижада қуёш нури ерга тушмайди. Демак, бу жойда майса ҳам кўкармайди, қайси дарахтнинг барги камроқ ва сийрак бўлса, ўша ерда майса бор. Бу каби савол-жавоблардан мамлакатимизнинг Биринчи Президенти жуда қизиқувчан, синчков ва талабчан бўлганлигини англаш мумкин. 

У киши ўсимликларни парвариш қилувчи ходимларга жуда катта эътибор берар эди. Ислом Абдуғаниевич гулларни севарди, шу боис дам олиш хонасининг деразаси гулзор томон қараган эди. Ҳовлидаги гулзор кўпроқ манзарали, ранг-баранг гуллар ва ўсимликлардан иборат эди. 

Ислом Каримовнинг иш хонасидаги ўсимлик ва гуллар эътибор билан парвариш қилинар, гулларнинг доимо чиройли ва гўзал бўлиши таъминланарди. Унинг севимли гулларидан бири — райҳондир. Клара Вилданованинг фикрича, бу унинг буюк севгисидир. Балки у кишида бу туйғу болаликдан бўлган. Аслида райҳон экилмайдиган ўзбек ҳовлиси бўлмаса керак. Шаҳримиз кўчаларида гуркираб ўсаётган райҳонлар ҳар бир инсонни ўзига мафтун этади, ҳиди кишига ҳузур бағишлайди. Оқсарой йўлаклари, дарахтлар атрофи, бўш майдончаларга уч турдаги райҳон кўрк бериб туради. 

Ислом Каримов атроф-муҳит, ҳаво тозалигини таъминлаш мақсадида кичик бир қарағайзор ташкил қилдирди. Дарахтларнинг бир нечтасини шахсан ўзи эккан. У ерда олмахонлар ҳам яшайди. Боғда ўзи яхши кўрган дарахтлар, айниқса, Қрим қарағайини тез-тез томоша қилиб, енгиллик ҳис этган. 

Кўкаламзорлаштириш бўйича агроном Абдулҳамид Шокировнинг айтишича, япон сакураси эрта баҳорда жуда чиройли гуллайди, ўзидан хуш бўй таратади. Худди шундай липа дарахти гуллаганда асалнинг ҳиди келади. Оқсаройда узоқ вақт фаолият олиб борган ишчилардан бири Маҳмуджон Жабборбергановнинг таъкидлашича, Президент кун тартибига қатъий риоя қилган, овқатланиш, дам олиш тартиби ҳам оддий, бошқаларникидан фарқ қилмайдиган тарзда йўлга қўйилган эди. “Ислом Абдуғаниевич ҳар куни тушлик танаффуси пайтида дарахтларни айланиб ўтган — эгри-бугри қилиб ётқизилган махсус йўлак орқали “Қишки қароргоҳга борар эдилар, — дейди у. — Йўлакларнинг тарҳини ўзлари чизиб берган. Қорли кунларда йўлаклардан эмас, қордан юриб, унинг ғичирлашидан ҳузур олардилар. Ислом Абдуғаниевич камтар, самимий ва жуда тартибли, саранжом-саришта, ўта эътиборли, зийрак ва тежамкор инсон эдилар. Бирорта хонага кирсалар, чиқиб кетаётганда чироқни, албатта, ўчирар ва бошқалардан ҳам шундай тежамкорликни талаб қилар эдилар”. 

Умуман олганда, Оқсарой ва унинг ўзига хос табиати нафақат бу улуғ маскан, балки Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти сиймоси ҳақида билиб олишга ёрдам беради. Истиқлолимиз меъмори ҳисобланган Ислом Каримов фазилатлари баркамол авлод тарбиясида улкан сабоқ бўлиб хизмат қилади. 

Ваҳоб ҚЎЧҚОРОВ, 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик

мажмуаси илмий-тадқиқот ва таълим маркази мудири