ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Музейшунослик ривожининг янги босқичи


18.05.2018

Ҳар бир давлат тараққиёт сари одимлар экан, доимо тарихга назар ташлаб, мавжуд урф-одатлар, анъаналар ҳамда қадимий ёдгорликларни ўрганишга ва сақлашга интилиши табиий ҳол. Бу борада эса музейларнинг ўрни беқиёс. Чунки улар ўтмишдан келган маданият, маърифат, табиат ёдгорликларининг яхлит тизимга солинган йиғиндиси бўлиб, амалдаги тартибларга мувофиқ сақланади ва намойиш қилинади.

1977 йилдан буён  дунёда анъанавий тарзда 18 май Халқаро музейлар куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Жорий 2018 йилги Халқаро музейлар куни «Музейларда замонавий технологиялар: музей ва кўргазмалар учун инновацион ечимлар» шиори остида ўтказилмоқда.

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан тарихий меросимизни ўзида сақловчи муассаса ҳисобланган музейлар ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ, Ислом Каримов юртимиз тарихини, кўп йиллик меросини ўзида мужассам этган музейларни ташкил этиш бўйича бир қатор амалий ишларни амалга оширдилар. Жумладан, 1994 йилда “Ўзбекистон тарихи давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан Ўзбекистон тарихи давлат музейи ташкил этилди. Натижада юртимиз тарихини ўзида тўлиқ акс эттирувчи 3 мингдан ортиқ асори атиқалар ва ноёб экспонатларга эга музей ташкил топди.

Юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган тарихий шахсларимиз номини тиклаш ва уларнинг бой моддий-маданий меросни ёш авлодга етказиб бериш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, 1996 йил 18 октябрда буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан юртимизда янги бир музей - Темурийлар тарихи давлат музейи ўз фаолиятини бошлади. Ислом Каримов мазкур музейнинг очилиш маросимида ушбу музейга нисбатан шундай таъриф берган эдилар: "Темурийлар тарихи давлат музейи соҳибқирон шахсиятига нисбатан юртимизда тарихий адолат тантана қилганининг яна бир амалий исботидир. Айтиш мумкинки, Амир Темур ҳиёбони гўзал бир узук бўлса, бу музей шу узукнинг ёқут кўзидир. Музейни зиёрат қилган ҳар бир инсон менинг сўзларим шоирона ташбеҳ ёки муболаға эмаслигига ишонч ҳосил қилади. Бу музейда бизнинг ўтмишимиз ҳам, бугунги кунимиз ва буюк истиқболимиз ҳам бамисоли кўзгуда акс этгандек намоён бўлади”.

1997 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ўзининг салоҳияти ҳамда бадиий ижод соҳасида мутахассис кадрларни етказиб берувчи Марказий Осиёда ягона бўлган олий таълим муассасаси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ташкил этилиб, Институт қошида эса илк бор музейшунос мутахассис кадрларни тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган йўналиш очилди. Бу албатта, Ўзбекистон тарихида музейшуносликнинг фан сифатида ривожланиши учун қўйилган тамал тоши бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисидаги" Фармонига мувофиқ Республикамиздаги Маданият ишлари вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларга тегишли барча турдаги мавжуд музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш, кўллаб-қувватлаш ва уларга зарур илмий-услубий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида Маданият ишлари вазирлиги қошидаги Музейларни қўллаб-қувватлаш республика “Ўзбекмузей” жамғармаси ташкил қилинди.

Мазкур фармонга мувофиқ мамлакатимиз аҳолисининг музейшунослик маданиятини ошириш, уларни меросимиз ва қадриятларимиздан хабардор қилиб бориш ҳамда мутахассислар, музей ходимларининг музейшунослик соҳасидаги илмий ишларини чоп этиш, бу соҳадаги ютуқларни тарғиб қилиш, музей ходимларининг касбий малакасини ошириш мақсадида уч ойда бир марта ўзбек, инглиз ва рус тилларида чоп этиладиган илмий-амалий, маънавий маърифий, рангли “Мозийдан садо” журнали таъсис этилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган музейлар тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг халқнинг маънавий ахлоқий камолотида тутган ўрнини ошириш, музей фондларида сақланиб келинаётган халқимиз бой тарихини, мустақиллигимиз одимларини акс эттирувчи ноёб, нодир экспонатларни авайлаб асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, дунёга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш, улардан халқимиз онгида миллий ғурур ва ифтихор, истиқлол ва Ватанга садоқат туйғуларини кучайтириш йўлида кенг фойдаланиш, музейларни замон талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаб, жаҳон музейшунослиги тажрибаларини кўллашга зарур шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар амалга оширилди.

Табиийки, тарих музейлари халқ ўтмиши ва хотирасининг ифодаси ҳисобланади. Истиқлол йилларида ташкил топган яна бир тарихий музей бу - “Қатағон қурбонлари хотираси” музейидир. 1999 йили Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасини барпо этишга қарор қилинди ва бу борада улкан ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 1999 йил 12 майдаги фармонига кўра, мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш комиссияси тузилиб, Тошкентнинг Юнусобод туманида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. 2000 йил 12 май куни “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиши мамлакатимиз ва халқимизнинг ижтимоий, маданий ва маънавий ҳаётида улкан воқеа бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 5 мартдаги “Музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида”ги 98-сонли ҳамда 1999 йил 27 декабрдаги “Термиз шаҳрининг 2500 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги 545-сонли қарорлари асосида ўз фаолиятини 2001 йилда бошлаган Термиз археология музейи ташкил топди.

2008 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Музейлар тўғрисида”ги Қонуни Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган музейлар тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг халқимиз маънавий-ахлоқий камолотида тутган ўрнини ошириш, музей фондларида сақланиб келаётган халқимизнинг бой тарихини ўрганиш, авайлаб асраш, бойитиб бориш, дунёга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш имконини яратиб берди.

2009 йилда Тошкентда алоқа тарихи музейи иш бошлаган бўлса, 2015 йилда эса минтақадаги илк бор Политехника музейи очилди. Бу борадаги ишлар тизимли давом эттирилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳини музейлаштириш ишлари давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори музейлар фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Музейлар фаолиятини такомиллаштириш ички ва ташқи туризмнинг ривожланишига олиб келади. Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида туризмни ривожлантириш борасидаги қуйидаги фикрларни билдириб ўтдилар: “Ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – бу туризмдир. Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўлган давлат ҳисобланади. Юртимизда 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарларидаги муқаддас қадамжолар ва ёдгорликларни зиёрат қилишдан иборат бўлган “кичик ҳаж” дастурини ривожлантириш ва жадаллаштириш зарур. Ички туризм соҳасидаги катта имкониятларни ҳам тўлиқ ишга солиш лозим”.

Замонавий иқтисодиётнинг янги ва истиқболли бўғини туризм ҳисобланади. Сўнгги пайтларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш орқали юртимиз иқтисодиётини юқори босқичларга кўтариш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, буюк ва навқирон ўтмишимиз, тарихимизни намоён этувчи очиқ осмон остидаги музей шаҳар деб ном қозонган тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш оммавий ҳаракатга айланмоқда. Бу борада «Очиқ осмон остидаги музей» дея эътироф этилган қадимий шаҳарларимиз Самарқанд, Бухоро ва Хивада ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси, жумладан, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида ҳам туризмни ривожлантириш бўйича асосий вазифалар белгилаб олинган:
маҳаллий аҳолининг мамлакат бўйлаб саёҳатларини рағбатлантириш, сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратиш, ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш орқали ички туризмни тизимли ривожлантириш;
хорижий сайёҳларнинг ташрифи учун кенг шароитлар яратиш, уларнинг саёҳат дастурларини мазмунан бойитиш ва кўрсатиладиган хизматлар турларини кенгайтириш ҳисобига туризмни жадал ривожлантириш;
мамлакатимиздаги моддий маданий мерос объектларида ва улар атрофидаги объектларда тегишли инфратузилмани шакллантириш, амалга ошириладиган диний маросимлар учун тегишли шароитларни яратиш орқали зиёрат туризмини соҳанинг истиқболли йўналиши сифатида ривожлантириш.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, музейшуносликка берилган юксак эътиборнинг самараси ўлароқ мазкур соҳада қуйидаги мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди:
- музейшунослик соҳасини ривожлантириш, такомиллаштиришга доир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди ҳамда музейлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди.
- музей ишини самарали йўлга қўйиш ҳамда музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида жамғарма ташкил этилди.
- мустақиллик йилларида Ўзбекистон музейларида сақланаётган моддий ва маданий меросимизни кенг жаҳон оммасига намойиш этиш бўйича қатор кўргазмалар жаҳон музейларида ташкил этилди.

Юқорида санаб ўтилган соҳа ривожидаги мувофаққиятлар Ўзбекистонда музейшунослик соҳасини тараққий этишига мустаҳкам замин яратган омиллардир. Ташкил этилган ва этилаётган кўплаб янги музейлар ёш авлодни тарихимиз, моддий ва маданий меросимизни нақадар чуқур илдизга эгалигини сингдирган ҳолда, уларни Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари билан тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Шерзод Салимов
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий Ёдгорлик мажмуаси тадқиқотчиси

Ф.Курбанбаев (фото)