ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Мустақиллигимиз меъмори қалбларда мангу яшар


30.12.2017

Бу кўҳна тарих Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов зиммасига мавжуд ижтимоий-иқтисодий вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, жар ёқасига келиб қолган Ўзбекистонни даҳшатли фожиалар гирдобидан олиб чиқиш масъулиятини юклади.

Ўз ҳаёти ва тақдирини Ватанимиз тақдири билан боғлаган ҳар бир фуқаро қаторида, Биринчи Президентимиз ҳам ўша таҳликали, изтиробли, ҳали собиқ Иттифоқ ҳукм сураётган бир пайтда юртимизни даҳшатли фожиалар гирдобидан олиб чиқиш учун кучли фуқаролик бурч, шижоат ва маънавий жасорат зарурлигини жуда яхши англаган эди. Шу боис ҳам у Ўзбекистоннинг ҳаётига даҳлдор бўлган ҳар бир масалага жиддий ёндашиб, якунда энг ягона, тўғри ва муқаррар ечим - бу мустақиллик ва фақат мустақиллик, деган мантиқий хулосага келди. Ислом Каримов бу каби теран фикрларни собиқ Иттифоқнинг турли даражадаги йиғин ва тадбирларида катта-катта минбарлардан туриб баён этишдан асло чўчиб ҳам, тортиниб ҳам ўтирмади. Биз учун мустабид тузумнинг бутун даври давомида энг оғриқли масаласи бўлиб келган пахта хом-ашёсини етиштириш, халқимиз эса ўзининг машаққатли меҳнати учун муносиб ҳақ олиши, муносиб турмуш шароитига эга бўлиши ҳақидаги талабни собиқ Иттифоқ ҳукм сурган даврларда кун тартибига дадил қўйиши Биринчи Президентимизнинг маънавий жасорати эди.

Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлиб сайланганининг эртасига, яъни 1989 йилнинг 24 июнь куни Республика ҳукуматининг мажлисида “Биз бундан буён эскича яшай олмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди” деб, қатъий баёнот бериши унинг қандай катта азму шижоат билан янги вазифага киришганидан далолат эди.

Мустақиллик - бу миллат орзуси, ўз ривожланиш йўлини ўзи танлаш ҳуқуқи. Албатта, бу орзулар ўз-ўзидан амалга ошгани йўқ. Халқимизнинг озодликка интилиши, мустамлакачилик даврида олган ҳаётий сабоқлари боис, у ягона умуммиллий мақсадга айланганди. Ниҳоят, бу олий мақсад 1991 йилнинг 31 августида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида амалга оширилди ва Мустақил Ўзбекистон давлати вужудга келди. Оллоҳим бизга шу орзуларни амалга оширишда донишманд, ақлли, узоқни кўзлаб иш тутадиган, эзгу ишларни амалга оширувчи улуғ бир зотни насиб айлади. Бахтимизга миллатни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш учун ўз йўлига эга бўлган раҳбар инсон - Ислом Каримов кўп миллионлик халқимизнинг хоҳиш истаги билан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов истиқлолнинг дастлабки давриданоқ “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг”, деган бунёдкор ғояларни илгари сурди. Бунинг натижасида халқимиз эски тузумдан мерос бўлган ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, таълим-тарбия тизимларини бирдан бузиб ташламади. Уларни аста-секин ислоҳ қилиб, янги шароитга мослаб, янгисини яратиш йўлидан борди. Шунинг учун мамлакатимизда янгича асосдаги бунёдкорлик анъаналари шаклланди. Мустақиллик йилларида Тошкентда барпо этилган Темурийлар давлат музейи, Олий Мажлис биноси, Хотира майдони, Самарқанддаги Имом Бухорий, Амир Темур мажмуалари, Имом Мотуридий ёдгорлиги, Бухоро, Хива, Термиз, Фарғона, Марғилон, Навоий каби шаҳарларда амалга оширилган ободончилик ишлари, замонавий корхоналар, улкан иншоотлар, кўркам шаҳар ва қишлоқлар барча-барчаси ана шу бунёдкорлик натижасидир.

Биз бугун ўзининг маънавий-моддий бойликларига ўзи эга бўлган халқмиз. Бунинг бари эса Ислом Каримовнинг юксак мақсадларга эришиш учун ўз олдига моддий тараққиёт билан бирга маънавий ривожланиш масалаларини ҳам асосий вазифа қилиб қўйганлиги бош сабаб бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ислом Каримов ўз раҳбарлигининг дастлабки кунларидан мамлакатда миллатидан ва динидан қатъи назар, одамлар Ўзбекистонни ўз Ватани деб ҳисоблашларига нафақат даъват этди, балки улар учун шарт-шароит яратиш қайғуси билан яшади.

Ислом Каримов ўзининг сулҳпарвар сиёсати туфайли миллатлараро қарама-қаршиликка барҳам берди, аланга олиб кетиши мумкин бўлган фуқаролар уруши ёнғинини ўчирди, юз минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Турли миллат ва элатлар, кўп миллионли аҳоли яшайдиган Республикада ва бутун минтақада тинчлик ва осойишталикка, миллатлар ва динлар ўртасида тотувлик ва барқарорликка эришишга муваффақ бўлди.

Ислом Каримов собиқ Иттифоқ Республикалари раҳбарлари орасида биринчи бўлиб, миллатчи ва экстремистик кайфиятдаги кучларга қарши кураш бошлади. Ўша таҳликали йилларда ташқаридан туриб қўзғатилган биргина Ўшдаги даҳшатли хунрезликларни эслайлик. Қирғизистоннинг собиқ Президенти Асқар Акаев 1994 йил 5 ноябрда Россиядаги етакчи нашрлардан бири “Известия” газетасига берган интервьюсида қуйидагиларни гапириб ўтганди: “1990 йил июнь ойида, икки кун ичида Ўшдаги миллатлараро қирғинда юзлаб ўзбеклар ва қирғизлар беҳуда ҳалок бўлди. Икки биродар халқ ўртасидаги воқеалар иккинчи Қорабоғ уришига айланиб кетишига йўл қўйилмади. Бунда айнан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қатъий ва аниқ ўйланган позицияси ёрдам берди”.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда туғилган, асли тоғли Қорабоғнинг арман қизи сифатида шуни айтишим мумкинки, ҳақиқатдан ҳам дунёда тинчлик сув ва ҳаводек зарур. Оллоҳга минг бор шукурки, жанатмакон юртимиз аҳолиси уруш нима эканлигини билмайди. Қорабоғга бориб, у ерда содир бўлаётган вазиятни ўз кўзим билан кўрганимда, мен чин дилдан Биринчи Президентимизга биз учун яратиб берган тинчлик ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч учун мингдан минг ташаккурлар айтдим. Айнан биргина мана шу тинчлик туфайли ҳам биз кундан кунга юқори марраларни забт этиб, Ўзбекистон давлатини дунёга танитиб келмоқдамиз.

“Ўзбекистон - умумий уйимиз”, дея ифодаланган ва изчил амалга оширилган тамойил мамлакатимизда тинчлик ва миллатлараро тотувликни асраб-авайлашда муҳим омил бўлди. Ер юзида тинчлик ҳукм суриши учун миллатлараро тотувлик сув билан ҳаводек зарур. Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, юртимизнинг энг катта бойлиги бу - диёримизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар вакилларидан иборат халқимиздир. Мустақиллигимизнинг энг катта ютуғи эса улар ўртасидаги тотувликдир.

Биринчи Президентимиз айнан озод ва мустақил Ўзбекистон давлатини барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш, тарихий адолатни тиклаш ишига қўшган улкан ҳиссаси учун ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун 1996 йилда “Мустақиллик” ва 1998 йилда “Амир Темур” орденлари билан тақдирланди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари учун умумий уй ҳисобланади. Мамлакатимизда уларнинг маънавий ва маданий тараққиёти учун кенг шароитлар яратилган.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан миллатлараро тотувликни барқарорлаштириш мақсадида 1992 йилда “Республика Байналмилал маданият маркази” ташкил этилган эди. Бугунги кунда унга бириктирилган 140 дан зиёд марказлар ҳудудларда фаолият юритмоқда.

Бундай тенглик ва хурлик имкониятларидан арман миллатига мансуб аҳоли ҳам баҳраманд бўлиб келмоқда. Биз учун ўз тилимизни, маданиятимизни, урф-одатларимизни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга ўргатиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Маданият марказлари томонидан ҳар йили мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган тадбирлар, юртимизда яшаётган турли миллатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мен ҳам уларда фаол иштирок этиб келмоқдаман.

Мен арман қизиман лекин Ўзбекистон фарзандиман. Шу азиз тупроқда туғилганман ва уни ўз Она Ватаним, деб биламан. Бундай гўзал табиатга бой, меҳмондўст, тинч, ўлканинг фарзанди эканлигиимдан бениҳоят фахрланаман. Бугунги кунда менинг Ватанимдай тинч маконда яшаш инсониятнинг асрий орзусидир!

Мен мустақиллик тенгдошиман. Шундай жаннатмакон юртим борлигидан жуда ҳам ғурурланаман. Ватанимга бўлган муҳаббатимни мен шеърларимда ҳам баён қиламан:

Шоирга илҳом берган Шириннинг Юртиданман,

Ҳофиз тилида қўшиқ Азгануш Юртиданман.

Бўлсам-да, арман қизи Ватаним Ўзбекистон,

Ўзим қурбонинг бўлай берай бўлсам мингта жон.

Жаннатмакон Юртимда тўрта фасл ҳам мужассам,

Гўзал Ютим таърифин қанча битсам, шунча кам.

Қўйиб кўксимга қўлим, ўзбекча салом дейман,

Таъзим қилиб сизларга, салом, Ассалом дейман!

Мени Ватан кутмоқда, келажак кутмоқда. Келажагим равнақи учун, буюк давлат бўлиши учун Биринчи Президентимиз сабоқларини юрагимга жо этган ҳолда, муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қиламан. Мақсадимиз ягона - мустақиллигимизни мустаҳкамлашдир. Ислом Каримов олиб борган оқилона сиёсати туфайли юртимизда қарор топган тинчлик, ижтимоий тотувлик, ўзаро ҳамкорликнинг тобора мустаҳкамланиб бориши учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Биринчи Президентимизнинг “Жаҳон кенг, дунёда мамлакат кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз Ўзбекистонимиз яккаю-ягона. Бу гўзал юрт, бу муқаддас замин фақат бизга аталган. Мана шу улуғ туйғу ҳар биримизни дилимизда бўлиши, ҳаётимиз мазмунига айланишини истардим...” деган гаплари шу Ватанда яшаётган ҳар бир фуқаро қалбида шубҳасиз фахрланиш ҳиссини уйғотади.

Хулоса қилиб, Мустақил Ўзбекистонимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзбек халқи, шу заминда минг йиллардан буён истиқомат қилаётган инсонлар, аждодларининг азалий орзуларини рўёбга чиқарган, эл юрт тараққиёти, халқимизнинг бахтиёр турмуши учун бутун умрини бағшида этиб, қисқа давр мобайнида мамлакатимизни улкан тараққиётга олиб чиққан улкан сиёсатчи, буюк давлат арбобидир, дейишга хақлимиз. У халқимизнинг чин маънодаги миллий қаҳрамонидир. Зеро, Ислом Каримов ўз халқини, мустақил Ўзбекистонни энг оғир даврлардан ҳақиқий етакчи бўлиб олиб ўтди. Диёримизда тинчлик, фаровонлик, бунёдкорлик ва яратувчанликни таъминлади. “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним”, дея Ватанни дилда ҳам, тилда ҳам улуғлади.

Биринчи Президентимиз яратиб берган тинчлик учун, ҳар қанча таҳсин ва ташаккурлар айтсак арзийди. У инсонга бўлган чексиз ҳурматимни уларга атаб ёзган қуйидаги шеъримда намоён қилмоқчиман:

ИНСОН УМРИ

I

Бир инсон умрини дарахтга бензаб,

Соясида дам олиш мумкин.

Бир инсон умрини дарёга бензаб,

Ундан қониб-қониб сув ичиш мумкин.

Дарахт - Сиз,

Биз - ниҳол, бешак.

Дарё - Сиз қолдирган мерос…

Ундан сув ичмоқда,

Ҳар ўғил,

Ҳар қиз.

Бугун ҳар кўчалар гўзал, бетакрор,

Унда сизни туяман шаксиз.

Қайси бир гўшага йўлимиз тушса,

У ерда сиз босган из бўлар шаксиз.

Бир инсон умрини дарахтга бензаб,

Соясида дам олиш мумкин…

II

Юрагим тўрида бир инсон яшар,

Бир ажойиб инсон: сўзлари - пурмаъно, пурзиё.

Дунёга теран кўз билан боқади,

Ватан хизматида оқарган сочи.

III

Шу тупроқда туғилдим,

Шунда менинг маконим.

Шу юртни Ватан билдим,

Шу ер бўлур мозорим.

Ота, деб суянганим,

Она каби ғамхўрим.

Ҳар гапида қучдим, деб,

Бизларга ишонганим.

Бахтга элтиб бизни,

Бугун Сиз ломаконсиз.

Ҳар қалбда мангу чироқ,

Қуёшим, маёғимсиз!

 

Манушак АРУШАНОВА