“Давлат атрибутлари герб, байроқ ва мадҳия бу шон-шарафни,
тарихий хотирани ва Ўзбекистон халқининг эзгу
орзу-ниятларини ифодалайди, ушбу рамзларни ҳурмат қилиш
ҳар бир ҳақиқий ватанпарварнинг муқаддас бурчидир”.
Ислом Каримов
Давлат рамзлари тарихига назар
Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлган илк давлат ва ҳуқуқ рамзларидан бири тамғалар бўлган. Тамғалар дастлаб қадимги уруғларни бир-биридан фарқловчи белгилар вазифасини бажарган бўлса, кейинчалик давлатга тааллуқлиликни ифодалаб, байроқ, муҳр, пуллар, ёрлиқлар ва бошқаларда акс эттирилган.
Давлатчилигимиз тарихининг қайси бир даврини олиб қарамайлик, давлат рамзлари Ватан тимсоллари сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. Ҳамма замонда ҳам булар шунчаки давлат сиёсатини амалга ошириш воситасигина бўлиб қолмаган. Аксинча, жуда катта ижтимоий маънавий аҳамият касб этган. Халқимизнинг буюк давлат барпо этиш ғояси, салоҳияти ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги, энг аввало, давлат рамзлари ва тимсолларида ўз ифодасини топган. Шунинг учун аждодларимиз ҳаётида рамзлар ва тимсоллар жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Одамлар шу тимсоллар учун ҳатто ўз жонларини ҳам фидо этганлар. Жангу жадалларда байроқнинг қулаши ва душман қўлига ўтиши – мағлубият билан баробар бўлган.
Бунга тарихимиздан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Масалан, 1221 йилнинг кузида мўғул босқинчилари олти ойлик қамалдан сўнг Хоразм пойтахти Гурганжга ёпирилиб кирганида, Шайх Нажмиддин Кубро шаҳар мудофааси раҳнамоларидан бирига айланади. Тенгсиз курашларда ўз кўксини душман найзасига қалқон қилиб, юрт озодлиги йўлида шаҳид бўлади. Айтишларича, Шайх ўлими олдидан мўғул яловбардоридан байроқни тортиб олиб ерга қулайди. Ёвга нисбатан нафрат шу кадар кучли эдики, мўғуллар кейинчалик Шайхнинг жонсиз қўлидан байроқни тортиб ололмаган ва унинг панжаларини кесиб, ўз байроқларини ажратиб олган.
Шайх Нажмиддии Кубронинг юрт озодлиги йўлидаги бу жасорати – мана, қарийб саккиз юз йилдирки, барча авлодларга ибрат намунаси бўлиб келмоқда. Соҳибқирон Амир Темур даврида хам давлат байроғи катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этган. Шу сабабли жангу жадалларда давлат байроғини Амир Темурнинг энг ишонган баҳодир сипоҳийлари қўриқлаган. “Темур тузуклари”да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийлар давлат тимсоллари – туғ ва ноғора билан мукофотланган. Бу – соҳибқирон салтанатида давлат рамзлари нечоғли баланд турганлигидан далолат беради. Амир Темур давлатида тамға – бир-бирига боғланган уч ҳалқадан иборат бўлган. Бу тасвир тангалар, муҳрларга туширилган. Тамғада уч ҳалқа тасвиридан ташқари “рости-русти” ибораси ҳам ёзилган. Ушбу ибора Оқсарой дарвозасининг пештоқида ҳам бўлган.
Унинг мазмуни айрим тадқиқотчилар томонидан “Агар адолатли бўлсанг, ҳар бир ишда омад ёр бўлади”, деган маънода таърифланган бўлса, бошқалари томонидан “Куч – адолатда” сифатида тавсифланади. Ҳар икки талқин ҳам бу ибора давлатни адолатли бошқариш тўғрисидаги шиор бўлганлигини кўрсатади.
Келажаги буюк давлат барпо этиш ғояси – мустақиллигимизнинг илк кунларидаёқ қабул қилинган давлатимиз рамзларида ҳам ўз ифодасини топган. 1991 йилнинг 18 ноябрида қабул қилинган байроғимизда халқимизнинг ҳохиш-иродаси, ақл-салоҳияти, кайфияти акс этган.
Мустақил юртимизнинг расмий белгилари – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи, герби, мадҳияси мамлакатимиз тараққиёти, жамият ривожи ва халқ фаровонлиги йўлида маънавиятнинг энг муҳим тимсоллари сифатида муносиб хизмат қилиб келмоқда. Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда жўшқинлик, қўшимча куч-ғайрат, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк келажакка ишонч туйғусини ҳис қилишимиз шубҳасиз.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герби ва мадҳияси ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши жараёни 2 ярим йилдан кўпроқ муддатни ва амалий аҳамиятга эга бўлган бир неча босқичларни ўз ичига олган.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг рамзий белгиларини ишлаб чиқишга тайёргарлик босқичи амалга оширилди. 1990 йил 30 мартда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги, 1991 йил 15 февралда «Ўзбекистон Давлат байроғи ва Давлат герби эмблемаларини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги парламент қарорлари эълон қилинди.
Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини қабул қилиш юзасидан конституциявий комиссия ҳамда таниқли олимлар, рассомлар, санъатшунослар, маданият ва санъат арбоблари, сиёсатшунос ва ҳуқуқшунос мутахассислардан иборат эксперт гуруҳи ва махсус комиссия тузилди.
Иккинчидан, давлат рамзлари ва уларнинг мусиқавий эквивалентини ишлаб чиқиш бўйича танлов босқичи амалга оширилди. Тайёргарлик ишлари 1991 йил 11 февралдан бошлаб юборилган бўлса, июнь ойидаёқ давлат байроғи ва герби лойиҳасига дастлабки танлов эълон қилинди. Республика рамзий белгиларини ишлаб чиқиш бўйича тузилган комиссиялар байроқ ва герб эмблемаси ҳамда энг яхши мадҳия матни учун танлов эълон қилди ва бу ишга мутахассислар билан бирга кенг жамоатчилик жалб қилинди.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герби ва мадҳияси лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси босқичи амалга оширилди. Бу босқичда фуқаролар ва мутахассислар томонидан таклиф этилган давлат байроғи ва герби эмблемаларининг вариантлари, мадҳия матни ҳамда мусиқаси матбуотда ёритилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Тўртинчидан, давлат рамзлари бўйича танлов ва умумхалқ муҳокамаси натижаларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашида умумлаштирилиши босқичи амалга оширилди. Танлов бўйича дастлабки олти ой натижалари 1991 йил 31 августда иш бошлаган парламент олтинчи сессиясида кўриб чиқилди. Лекин тақдим этилган давлат байроғи эмблемаси лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги тўғрисидаги парламент қарорини қабул қилишда қатнашган кўпчилик депутатларни қониқтирмади ва ижодий изланишлар давом эттирилди.
Мустақил Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг қабул қилиниши ва байроқ ҳақида умумий тушунчалар
Ўзбекистон суверенитетини белгилайдиган рамзлар орасида Давлат байроғи алоҳида ўрин тутади. Зеро, байроқ халқнинг ўтмиши ва бугуни, мустақиллиги, тинчлиги ва барқарорлигининг тимсолидир.
![]() |
![]() |
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов умумхалқ муҳокамаси давомида тушган таклифларнинг асосий ғояларини мужассамлаштириб, давлат байроғидаги учта асосий рангни – мовий, оқ ва яшил йўл-йўлларни ўз қўли билан чизиб, комиссияга тақдим этди. Биринчи Президентнинг ушбу ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини қабул қилишда асос вазифасини бажарди.
Парламент еттинчи сессиясида Ўзбекистон давлат рамзларининг вариантлари қандай тайёрланаётганлиги тўғрисида конституциявий комиссия ахборот берди. Шундан кейин танловда ғолиб деб топилган давлат байроғи лойиҳасининг уч варианти парламент муҳокамасига қўйилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг уларнинг иккинчиси кўпчилик овоз билан асос сифатида қабул қилинди.
1991 йил 30 сентябрь куни давлат байроғининг эмблемаси парламент қарори билан қабул қилинди. 1991 йил 18 ноябрь куни парламент томонидан «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Давлатимиз байроғи Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференциялар, халқаро кўргазмалар, спорт мусобақаларида Ўзбекистоннинг тимсоли сифатида ҳилпираб туради.
Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси олдида, давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик, савдо ваколатхоналари ва консуллик муассасалари бинолари олдида ҳилпираб турган, миллий ҳаво кемаларимизга тасвири туширилган байроғимиз барчада фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади.
Давлатимиз байроғида акс этган ҳар бир ранг, белги юртимизнинг бой тарихи, миллий давлатчилигимиз, бебаҳо қадриятларимиз, Ватанимизнинг буюк келажагини ифода этади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ўрнатиш, унинг мамлакатимиз фуқаролари, шунингдек, юртимизда яшайдиган бошқа шахслар томонидан ҳурмат қилиниши қонунга асосан муҳофаза қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи – байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир. Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган.
Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 75x30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.
Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади.
Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурматни таъминлаган ҳолда, ундан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек, уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланилиши мумкин деб белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисидаги Қонунга кўра, давлат байроғидан қўйидаги ҳолатларда фойдалиниш таъқиқланган:
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурматни таъминлаган ҳолда унинг тасвири туширилган белгилардан устки кийим-бошни безатиш ёки Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида фойдаланиш мустасно.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлишга, шу жумладан:
– байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги ўчган ҳолда ва бошқа номаъқул тарзда фойдаланишга;
– бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланишга;
– байроқни столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшашга ёки унинг тасвирини туширишга ва ундан қоплама сифатида фойдаланишга, шунингдек уни ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшашга ёки унинг тасвирини туширишга;
– кийим-бош, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, шунингдек буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланишга;
– байроқ тасвири туширилган белгиларни пойабзалга, дастрўмолга, кўрпа-тўшакка, ички кийимга, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқаришга ёки унинг тасвирини бошқача тарзда туширишга;
– байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ёхуд уларни таҳқирлаш ҳисобланадиган бошқача тарзда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзий белгилари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.
![]() |
![]() |
Давлат байроғи тўғрисидаги қонуннинг 8-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи биноларнинг асосий кириш жойида ёки бунинг учун мақбул бўлган бошқа жойда ёхуд тегишли тутқичи бўлган дастада, ё бўлмаса флагштокда байроқнинг дастаси бинонинг олд томони билан кўпи билан 45 градусли бурчак ҳосил қиладиган тарзда кўтарилади.
Кўтариб қўйилган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг матоси ер сатҳидан камида 2,5 метр баландликда бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, юртимизда бўлиб турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шартлиги ҳамда бу бўйича қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлишлари қонунда кўрсатиб ўтилган.
Давлат рамзлари худди она Ватан каби азиз ва муқаддас. Рамзлар ва тимсоллар хамма даврда хам миллий ғурур, фидойилик ва ватанпарварликни шаклантиришда энг муҳим воситалардан ҳисобланиб келган. Зеро, улар халқнинг тарихи, руҳияти, аньаналари билан чамбарчас боғлиқ.
Бу йил давлатимиз байроғининг қабул қилинганига 34 йил тўлди. 1991 йилнинг 18 ноябри эса Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган сана сифатида тарихимизга муҳрланди.
Халқимизнинг ғурур, ифтихор ва тинчлиги рамзига айланган мустақил Ўзбекистон байроғи абадий ҳипираб турсин!
Ҳамро Раҳмонов,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.



