Ҳаёт моҳияти ҳақида гап кетганда одатда Адолат ва Разолат, Яхшилик ва Ёмонлик ҳақида фикр алмашилади. Адолат, Яхшилик – бунёдкор, яратувчи, Разолат, Ёмонлик эса вайронкор, бузғунчи куч сифатида таърифланади. Ҳар иккиси ҳам жамият аъзоларининг маълум интилишларини ўзида ифода этган бўлиб, инсон фаолияти сифатида рўёбга чиқади.
Ҳа, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам инсон амалга оширади. Гап ўша инсоннинг мафкурасида, виждони, қалбидадир. Мана шу қалб шаффоф, эзгуликка эш, виждон уйғоқ бўлса, ақлнинг тарозуси ҳам тўғри. Аксинча, у виждон безовталигига бепарво бўлса, ақл тарозуси ҳам тўғри хулосаларга ноқобилдир.
Адолат бузилган, Ёмонлик Яхшилик устидан аксар ғолиб жамият эса таназзулга маҳкум. Шу боис азалдан жамият ўз аъзоларини тарбия қилишга, адолат ўрнатилишига эҳтиёж сезади. Маълум мезонлар яратади, аждодлар ўгитларини, ибратини келаётган авлодларга ўрнак қилиб кўрсатади.
Ахлоқ меъёрлари, қоида ва қонунлар ҳам аслида жамият тараққиётига худбинлик, нафс аталмиш кушанда кайфиятларнинг эзгулик, бунёдкор ташаббус олдидаги тўсиқларини камайтириш йўлидаги интилиш ҳосиласидир.
130 йиллик истибдод йилларида халқимиз қанчадан қанча “бузуқ тарозу”лар жабрини тортмади. Бу тарозулар миллатимизнинг неча–неча фидойи фарзандлари азиз бошларини жаллод кундасига банди қилиб элтди.
Миллий ўзликка бундай тажовузлар, хайриятки, халқимиз иродасини бука олмади. Боболар қолдирган буюк мерос – маърифат ва қадриятлар тизими халқимизнинг беомон кунлар изғиринидаги талофотини камайтирди.
Истиқлол ғалабаси халқимизнинг мустақиллик ҳақидаги азалий орзулари ушалишигина бўлиб қолмай, доимий тазйиқдаги анъана ва қадриятларимиз қушига кенг ва мусаффо осмон ҳам бахш этди.
Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлати асосларини барпо этар экан, умуминсоний қадриятлар баробарида ўзбек халқининг энг гўзал ва эзгу анъаналари бағридаги миллий тафаккур дурдоналарини демократлашаётган янги жамиятнинг бош ғояси қилиб олди.
Бу миллий ғоя маҳдудлик, тушкунлик, забунликни истисно этиб, миллий ўзликни англаш, тенглар ичида тенглик, ютуқлардан ифтихорни, инсонни улуғловчи, меҳнат оқибатида фаровон турмуш келтирувчи келажакка соғлом ишончни тақозо этарди.
“Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ниҳоятда муҳим вазифа бўлиб қолди, деган эди Ислом Каримов бу ҳақда “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида” китобида. – Биз маънавий қадриятларни тиклашни миллий ўзликни англашнинг ўсишидан, халқнинг маънавий сарчашмаларига, унинг илдизларига қайтишдан иборат узвий, табиий жараён деб ҳисоблаймиз. Тарих хотираси, халқнинг, жонажон ўлканинг, давлатимиз ҳудудининг холис ва ҳаққоний тарихини тиклаш миллий ўзликни англашни, таъбир жоиз бўлса, миллий ифтихорни тиклаш ва ўстириш жараёнида ғоят муҳим ўрин тутади”.
Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари ўтмишни ўрганиш ҳақида сўзлар экан, унинг уч асосий заруратини таъкидлаганди:
1) тарихий ҳақиқатни тиклаш,
2) миллий ўзликни англаш,
3) миллий ифтихорни тиклаш ва ўстириш учун даркор.
Мана шу уч жиҳат давлатнинг мафкуравий асосларидан бўлиб, моҳият жиҳатдан сиёсий, иқтисодий асослардан асло камроқ аҳамиятга эга эмас. Зеро, давлат ҳар қанча сиёсий барқарор, иқтисодий қудратли бўлмасин, унинг истиқболи, равнақи биринчи галда инсон омилига боғлиқдир. Бошқача қилиб айтганда, ўз Ватанини, миллатини севадиган, унинг ҳимояси учун жонини беришга тайёр маънавий баркамол инсонлар бўлмас экан, бундай барқарорлик ва қудрат ҳам омонат.
Миллий ғоянинг мазмуни, моҳияти ҳақида сўзларканмиз, унинг илдизлари мингйилликлар қаърида эканини эътироф этамиз. Ҳа, она халқимиз тарихи аждодлар мероси, буюклиги, илмий ва жанговар жасорати намуналарига ғоят бойдир. Биз бу бойликлар меросхўри сифатида уларни ўқиб–ўрганмоғимиз, онгимизга сингдирмоғимиз жоиз. Тарихда шундай воқеа–ҳодисалар ҳам рўй берганки, уларнинг аччиқ хулосаси ҳам миллатни янада жипсликка, ўтмиш хатоларини такрорламасликка ундовчи сабоқдир.
Биз тарихни ҳақиқат тантанаси учун ўрганамиз, ўзимизга бино қўйиш, айримлар каби сохта тарих яратиб, ундан атрофдагилар учун кулгили димоғ пайдо қилиш йўлини асло тутмаймиз. Чунки миллатимиз тарихи шу қадар ғурурбахшки, бундай сохтакорликка асло эҳтиёж ҳам йўқ. Беруний, Ибн Сино, Ат Термизий, Ал Бухорий, Мотуридий, Нақшбандий, Марғиноний, Амир Темур, Навоий, Бобур, Улуғбек... Ҳар бири миллат пешонасига битган хуршиди анвар каби, бундай буюклар каҳкашони, шукрки, беадоқдир.
Бундай улуғ аждодлар номини, хотирасини тиклаш, улуғлаш тарихни ўрганишдан кўзлаган дастлабки муддаомиздир. Энди навбат улар меросини ўрганишдан иборат. Маъно ва моҳият мулкига бундай машаққатли ҳамда серзавқ саёҳат ўзликни англаш сари қилинган ҳаракатдир. Ҳа, миллат меросини ўрганаётган инсон аслида ўзлигини излаётган кимсадир. Кимнинг авлоди экани, нечун оламга келганини билган, англаган, аждодларга муносиб фарзанд бўлиш орзусидаги авлод – миллат шаъни байроғини кўтариб юришга муносиб ва эл ишончига энг сазовор фарзандир.
Ўзликни англаш эса учинчи бир руҳий ҳодисани тақозо қилади. Руҳияти боболар меросидан қувват олувчи комил инсон энди ўзгалар орасида ўзини тенг тутади. Зеро унинг кўксини аждодлардан, шу миллат фарзанди, шу Ватан ўғлони эканидан ифтихор туйғуси эгаллайди. Бундай баркамол фарзанд элини ҳам, Ватанини ҳам, ўзини ҳам ҳеч кимга хор қилдириб қўймайди.
У энди ифтихор мақомида қолиб ҳам кетмайди. Миллатга, Ватанга муносиб фарзанд бўлиш иштиёқи, улкан мерос сарчашмалари уни ижодга, тафаккурга, бунёдкорликка ундайди. У энди миллат юки елкасидалигини, ўз ақли билан миллат тафаккури ривож топиши мумкинлигини англаб ҳаракат қилади. Юртини гулистонга, боғини бўстонга, қалбини меҳр қуёшига, ақлини замондошлари ва миллат болалари истиқболини ёритувчи зиё шамсига айлантиради.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Болаларимиз биздан кўра кучлироқ, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”, деган гўзал лутфи ҳам миллий ғоянинг ажиб моҳиятини, вожибияти ҳоҳишини ўзида мужассам этган.
Бироқ ғоянинг рўёби, маърифат зиёсидан баҳраманд бўлиш, тарбия ўз-ўзидан рўй берадиган ҳодиса эмас. Бу муттасил такомиллаштириб бориладиган ўзига хос тизимни тақозо этади. Ана шунинг учун ҳам миллий ғоя жамиятга, унинг аъзолари қон-қонига сингиши учун турли бўғиндаги раҳбар ходимлар олдида алоҳида вазифалар туради.
Етакчининг вазифалари ҳақида сўзлашдан аввал унинг ўзи халқ ичидан етишиб чиққан, унинг орзу–армонлари, дарди, ниятлари билан бениҳоя таниш, миллат донишмандлигининг булоқларидан сув ичган инсон бўлишини таъкидлаш зарур. Узоқни кўролмайдиган, майда кайфиятларга берилувчан, умуммиллий манфаатлардан ўзининг тор майлларини устун қўйишга мойил жоҳил кимсалар раҳбарликни халққа хизматкорлик деб эмас, аксинча, унга чўпонлик деб тушунадилар. Бундайлар ўзлари ҳаёт дарёсидаги кўпик каби шарманда бўлишлари тайин, аммо муаммолар ҳал этилмай йиғилиб қолиши, яъни вақтни совурилгани оқибатида жамиятга катта зарар келтирадилар. Бу ҳақда Ислом Каримов ўз вақтида вилоят сессияларидаги нутқларида жуда кўп таъкидлаганлар.
Замонавий раҳбар энг аввало Ватанига, миллатига садоқатли инсон бўлмоғи лозим. Унинг шахсини адолатлилик, маърифат, оқиллик, жасорат, иймон-эътиқод, камтарлик каби сифатлар ҳам безаб турса, у ўз халқининг бахтидир.
Оқибатли жамиятда мансабнинг ўткинчилиги у насиб этган кишига тезроқ кўпроқ юлиб қолиш кайфиятидан кўра, ўзига ажратилган муддатда мумкин қадар бисёрроқ савобли ишларга сабабчи бўлиш, ўзидан яхши ном қолдириш иштиёқини оширади. Зеро, халқимизда бадном бўлишдан ортиқ жазо йўқ, деган ақида бор. “Уят ўлимдан қаттиқ”, дейдилар. Ёмон ном авлоддан авлодга иснод тариқасида ўтади. Шунинг учун Юртбошимиз турли бўғин раҳбарларини ўзларидан кейин яхши ном қолдиришга доимо даъват этибгина қолмай, уларга шахсий ибрат ҳам кўрсатадилар.
Давлатчилик асосларини яратиш, миллий армияни бунёд этиш, аждодларимизни эъзозлаш, миллий муроса, кадрлар тайёрлаш, спортни ривожлантириш, соғлом авлодни тарбиялаш, таълим самарадорлигини ошириш, меросга муносабат, турфа ободончилик ишлари кабилар шундай эзгу тадбирлар жумласидан бўлиб, халқимиз ижодкорлиги чашмаларини очиш билан баробар кечган амаллардандир.
Шу ўринда буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг “Тадбирли киши юзлаб тадбирсиз кишидан афзал”лиги ҳақидаги ҳикматли сўзлари ёдга тушади. Бу ибратли фикрни биз Биринчи Президентимиз лутфларидан ҳам кўп бор эшитганмиз. Мана шунинг ўзи ва бошқа минглаб мисоллар Ислом Каримовнинг ўзи миллат донишмандлигини ўзига синдирган, қалб ҳарорати билан бойитган инсон бўлганига далилдир.
Миллий ғоя миллатимизни, халқимизни улуғ мақсадлар сари бириктира олиши, ҳаракатларимизга йўналиш бериши, муаммоларни ҳал этишда бирдамликка ундаши, ўзаро аҳиллик ва муҳаббат ҳиссини кучайтириши билан ғоят қадрлидир. Ишонамизки, йиллар синовига бардош бериб, ўзининг гўзал моҳияти билан умуминсоний ғояларга ҳамоҳанг бўлган, миллий қадриятларга таянган бу тафаккур дурдонаси халқимиз орасидан етишиб чиқаётган ажойиб фарзандлар ақли зиёси, қалб қўридан янада гўзаллашади, яшовчанлик касб этади. Миллатимизнинг дунёдаги ҳур, салоҳиятли халқлар орасидаги муносиб ўрнини яратишда бетимсол восита бўлади.
Бугун Истиқлолнинг 30 йиллиги остонасида туриб, амалга оширилган ишларга қарасак, улар асрга татигулик экани аён бўлади. Мана шу мустаҳкам пойдевор асосида бугунги кунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс даврига қадам қўйишга интилмоқдамиз. Аждодлар давомийлиги, устоз-шогирд қадимий анъаналарининг боқийлиги бизни тасодифий бўҳронлардан, нигилизмдан асраб, истиқболнинг порлоқ йўли сари етакламоқда.
Амирқул КАРИМОВ
Халқаро “Олтин мерос”
хайрия жамоат фонди раиси