ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Миллат хазинасини бойитган мутафаккир


02.04.2018

28 март куни Ўзбек Миллий драма театрида “Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда 1-ўрин ва бош мукофот билан “Бошланғич таълим” журнали Бош муҳаррири Ҳалим Саидов “Миллат хазинасини бойитган мутафаккир” мақоласи учун тақдирланди.

–––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––– 

Мен ўйлайманки, авваламбор ҳаёт мазмунини ўйлаб яшаган одамлар бахтли. Бу ҳаётдан енгил-елпи яшаб ўтиш ҳам мумкин. Аммо ҳаётнинг моҳияти, умр маъноси, охират ҳақида қайғурадиган, келажак мазмуни, фарзандлар истиқболи ҳақида ўйлайдиган, нима қилсам шу болаларим бахтли-саодатли, соғ-саломат, тўқ-фаровон бўлади, деган ташвиш билан яшайдиган одамларнинг сони эса, ишончим комилки, кўпроқ. Бундай одамларни ўзгартириш қийин. Мен ҳам шундай одамман.  Худо таоло мени шундай қилиб яратган. Хоҳлардимки, мени ҳаёт ҳам, халқимиз ҳам шундай қабул қилсин.

Ислом Каримов

  1. Бахт учун кураш дастури

Аждодларимиз 130 йил орзулаган истиқлолни эълон қилиб тарихимиз зарварақларида ўз номини муҳрлаган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов юртимизни дунёга танитиш йўлида умрини бахшида этди. Бундай баҳо одатда халқини мустамлака зулмидан озодликка олиб чиққан ҳар қандай юртнинг ватанпарвар раҳбарига нисбатан қўлланилиши табиий ҳол. Лекин уларнинг жуда оз қисмигина Ислом Каримовдек тадбир қўллаган — мамлакатнинг узоқ муддатга мўлжалланган ривожланиш дастурини ишлаб чиққан.

У юртга раҳбарлик фаолиятини дунёнинг мангу саволи ҳисобланган “Нима қилмоқ керак?” сўроғига жавоб қидиришдан бошлади, фикримизча. Бунда инсониятнинг илғор тажрибаларини ўрганишдан аввал боболаримиз тадбиру таълимотларига эътиборини қаратди.

Келинг, ўтган асрнинг 90-йили — истиқлол остонасидаги аҳволни ёдга оламиз. Айбни кимнинг бўйнига қўйишни билмай жон талвасасида тўлғонаётган собиқ совет тузумининг сўнгги дамлари... Сиёсий  фитналар қўпган  нотинч кунлар, иқтисодий ночорликлар, талотўплар, турли дунёқарашлар тўқнашуви, митингбозликлар авж олган давр... Аксарият маънавият, илму маърифатни эмас, ўз жонини асрашни ўйлаган фурсат...

Ўша йилнинг 24 март куни собиқ иттифоқда биринчи бўлиб Ўзбекистонда президентлик бошқаруви жорий этилди. Мақсад юртда тинчлик ва бар­қарорликни асраб қолиш, эски тузум марказидан бўлаётган турли зарарли таъсирлардан халқимизни ҳимоя қилиш, ўз мустақил сиёсатимизни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш эди. Шу куни Республика Олий Кенгашининг биринчи сессиясида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти нутқ сўзлаганди. Ўшанда кўпчилик қорин ғамида аввало иқтисодий масалаларга эътибор бергани ҳам бор гап. Лекин мазкур нутқнинг маънавият масаласига бағишланган қисмини аксаримиз, жумладан, ўзим ҳам эътиборсиз қолдирганимни газета тахламларини титкилаб, топиб, қайта ўқиб англадим, десам қуйида келтирилаётган иқтибос фикримнинг муболаға эмаслигини исботлайди.

«Бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим вазифаларни кўз ўнгимиздан ўтказар эканмиз, аҳолининг кундалик эҳтиёжларига бевосита дахлдор долзарб масалаларни ҳал қилиш билан бир қаторда биз эски тузум даврида инсон ҳаётининг негизи ва мураккаб томонлари, миллий қадриятлар, умуминсоний маънавий бойликлар билан ҳисоблашмаслик жамиятимизга қанчадан қанча зарар келтирганини унутмаслигимиз керак.

Бу борада асосий ишларимиз нималардан иборат бўлиши лозим?

Биринчи навбатда миллий маданиятимиз, халқ маънавий бойлигининг илдизларига эътибор бериш зарур. Бу хазина асрлар давомида мисқоллаб тўпланган. Тарихнинг не-не синовларидан ўтган. Инсонларга оғир дамларда мадад бўлган.

Бизнинг вазифамиз — шу хазинани кўз қорачиғимиздек асраш ва янада бойитиш».

Давлат раҳбари, ҳам олим сифатида у “инсон ҳаётининг негизи”ни аниқлашга тутиниб, қадриятларимиз, асл тарихимизни варақлар экан жуда кўп ҳақиқатларга дуч келгани ва уларнинг қай жиҳатларини бойитиш ҳақида ҳам ўйлаши табиий ҳол эди. Озодликка эришишнинг сўнгги ҳаракати (“Туркистон мухторияти”) ХХ аср­нинг 17-18-йилларида кечгани ва 72 кунлик умри нима учун завол топгани сабабларини аниқламаган дейсизми? Каримов “Ўшанда миллий армиямиз йўқ эди” каби баъзи тарихчиларнинг баҳоналарини такрорламади, балки «дунёвий илм ва фандан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлишини» (Маҳмудхўжа Беҳбудий) эътиборга олди.

Ислом Каримов ўзига ҳам, миллатдошларига ҳам бир ибратли фикрга асосланиш кераклигини уқтирди: «Маърифатга интилиш халқимизнинг азалий фазилатларидан биридир».

Азалий фазилатларга эса мисоллар кўп эди. Уларнинг энг ёрқини Абу Наср Форобий ғоялари акс этган «Фозил одамлар шаҳри» асаридир. Форобий ўз юртининг  ҳар бир фуқаросини, хоҳ у оддий косиб, хоҳ ҳукм­дор бўлсин, маърифатли юртнинг фозил инсонлари сифатида  кўради. Фозил инсонлар қай мақсадни кўзлаб яшайдилар? Бахт-саодатга эришишни!!!

Ана шу нуқтаи назардан қараганда Ислом Каримовнинг «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли,  доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!» деган мақсадини тўғри қабул қилиш жоиз. Баъзи мутахассислар мазкур фикрдаги “бахтли бўлиш шарт”ини нисбийлик ва ҳоказо назариялардан келиб чиқиб истеҳзо билан қабул қилишганди. Чунки улар ўқиб-ўрганган материалистик, социалистик ғоялар фалсафаси сабаб Форобий ғояларини утопия сифатида билишарди.

Форобий бахт-саодатга эришиш фазилатига таълим-тарбия  воситасида  етишиш мумкин деб билади. У ўз даврининг олими ва донишманди, бироқ шоҳи эмас эди, яъни ғояларини амалга ошириш учун иқтисодий қувватга, аниқроғи ҳокимиятга эгалик қилмасди.  Бироқ ўтган асрлар давомида бирон ҳукмдор бу ғояни ўз  даврига мослаб, ривожлантириб ҳаётга татбиқ этишга жазм эта олмади. Негаки, бу ҳукмдорларнинг аксарида олимлик нуқси йўқ эди. Шу боис Амир Темур қурган, Улуғбек ривожлантиришга ҳаракат қилган буюк салтанат таназзулга учради. Мустамлака даврида ўз ҳисобидан машаққатлар эвазига мактаб очиб, дарслик ёзиб, миллат болаларини ўқитиб, озодликка эришишни орзулаган ва қатл этилган Маҳмудхўжа Беҳбудий, унинг сафдошлари эса олим эдилар, холос...

Оллоҳнинг карами, халқ иродаси билан Ўзбекистонга нафақат  катта сиёсатчи, давлат арбоби, балки юксак салоҳиятли олим раҳбар бўлди. Дунё таълими тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига юртнинг ана шундай файласуфи муаллифлик қилди ва элнинг ана шундай Юртбошиси ўз сафдошлари билан бирга уни бос­қичма-босқич амалга оширишга ҳаракат қилди. Ислом Каримовнинг нафақат айтган гаплари, балки қабул қилган қарорларида, аввало, боболар орзу-таълимотларидан асос олганини юқорида таъкидланган “Фозил одамлар шаҳри” асари мисолида кўришимиз мумкин:

“Илк, бошланғич билимларидан фойдаланиб, янги билимларга эга бўлиш инсонга берилган биринчи имкониятдир. Инсон шу имкониятдан фойдаланиб, камолотга етишади.

Бу бахт-саодат бўлиб, унга етишган одамнинг руҳи бу дунёнинг моддийликка хос ғам-ташвишларидан қутулиб, руҳий олам мавжудотларига яқинлашади. Аммо ақл соҳасида бахт­га етишув фаол ақл даражасига руҳ қисман ақлий, қисман жисмоний эркин хатти-ҳаракатлар билан, аммо ҳар қандай эркин, ихтиёрий хатти-ҳаракатлар билан эмас, балки меъёрий ва аниқ, равшан мақсадли ҳаракатлар, амаллар билан етишади(чунки баъзи эркин, ихтиёрий ҳаракатлар бахт-саодатга етишишга тўсқинлик қилади). Бахт-саодатга етказадиган ихтиёрий иш-ҳаракатлар гўзал иш-ҳаракатлардир. Буларни келтириб чиқарувчи хулқ ва одатлар фазилатлардир”.

Форобий фикрича, бу жараён фикр­лаш қуввати воситасида ташкил этилади, такомиллашади. Фикрлаш қуввати эса “...амалий ва назарий бўлади. Амалий фикрлаш қуввати назарий фикрлаш қувватига хизмат қилади. Назарий фикрлаш қуввати инсонни бахт-саодатга етказади” (Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. Т.: Янги аср авлоди, 2016. 232-бет).

Иқтибоснинг мағзини чақиб, таҳлил қилиб, Ислом Каримов айтган фикрга қиёсланг: “бизга битирувчилар эмас, мактаб таълими ва тарбиясини кўрган шахслар керак”. Мустақил ва эркин фикрлайдиган инсонгина шахс даражасига чиқиши мумкин. Негаки, “мустақил фикрлаш ҳам катта бойликдир”.

Яшашдан мурод Форобийда бахт-саодат эди. Ислом Каримов талқинида-чи? Бахт мавзуси унинг доимий эътиборида бўлди. Ҳар қандай вазиятда хоҳ қувончли, хоҳ халқимиз бошига тушган синовли кунлар бўлсин, ҳақиқий бахтга эришиш ғоясига нисбатан ҳаёт маёғи сифатида муносабатда бўлиб, халқимиз эътиборини тортиб турарди.

“Мен ўйлайманки, авваламбор ҳаёт мазмунини ўйлаб яшаган одамлар бахтли. Бу ҳаётдан енгил-елпи яшаб ўтиш ҳам мумкин. Аммо ҳаётнинг моҳияти, умр маъноси, охират ҳақида қайғурадиган, келажак мазмуни, фарзандлар истиқболи ҳақида ўйлайдиган, нима қилсам шу болаларим бахтли-саодатли, соғ-саломат, тўқ-фаровон бўлади, деган ташвиш билан яшайдиган одамларнинг сони эса, ишончим комилки, кўпроқ. Бундай одамларни ўзгартириш қийин. Мен ҳам шундай одамман.  Худо таоло мени шундай қилиб яратган. Хоҳлардимки, мени ҳаёт ҳам, халқимиз ҳам шундай қабул қилсин” (“Ирода ва иймон — эътиқодимиз синови”).

Ҳақиқий бахтга эса Форобий фикрича фозил, Каримов амалича баркамол авлод эриша олади. Фозил ва баркамол сўзлари синоним бўлмаса-да, мазмуни ўхшаш. Қолаверса, бу икки олим турли жамият ва даврда яшагани ҳам сўз қўллашдаги фарқларга сабаб бўлиши мумкин.

Биз эса эътиборимизни навбатдаги саволга қаратамиз: Ислом Каримов таъбиридаги биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахт­ли авлод қандай тарбияланади?

Бунинг учун юқорида таъкидлаганимиз, давлат ва жамиятнинг барча қатламлари иштироки назарда тутилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури (КТМД) ишлаб чиқилди. Унга боболар ғояси асос бўлди, дунёнинг энг яхши тажрибалари ҳам инобатга олинди. Мазкур ҳужжат моҳияти ҳақида ривожланган давлатларнинг таълим соҳаси вакиллари иштирокидаги халқаро анжуман минбаридан туриб унинг муаллифи Ислом Каримов шундай деганди:

“Ушбу дастур жиддий изланиш ва тадқиқотларнинг, жаҳондаги тараққий топган илғор мамлакатлар тажрибасини умумлаштиришнинг натижаси сифатида ўтмишда мажбуран сингдирилган коммунистик мафкуранинг қолип ва андозаларидан бутунлай воз кечиш, одамларнинг, биринчи нав­батда, униб-ўсиб келаётган авлоднинг онгида демократик қадриятларни мус­таҳкамлашга қаратилган бўлиб, қисқача айтганда, бу дастур ҳаётда ўз фикрига, ўзининг қарашлари ва қатъий гражданлик позициясига эга бўлган, ҳар томонлама етук ва мустақил фикрлайдиган шахсни шакллантиришни мақсад қилиб қўяди” («Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти»).

Ислом Каримов айтган миллий дас­тур, бошқача айтганда, бахт учун кураш дастури мақсадига эришиш учун қандай довонлардан ўтилди? Олдимизда яна қандай довонлар мавжуд?

  1. Таълим довони

Миллатни тиклашда асрга татигулик натижа берган ана шу ҳаётбахш дастур 1997 йили Олий Мажлис депутатлари томонидан қонун даражасида қабул қилинди.

Дастурда Кадрлар тайёрлаш миллий модели мавжуд. Унинг ўзига хослиги шахс, давлат ва жамият, узлуксиз таълим, фан, ишлаб чиқаришнинг асосий таркибий қисм сифатида киритилганидир.

Шахс билим олиш, ижодий қобилиятини намоён этиш, интеллектуал жиҳатдан ривожланиш, эгаллаган касби бўйича меҳнат қилиш каби энг асосий конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланади. Бунда у таълим олиш жараёнида давлат таълим стандартларида ифода этилган талабларни бажариши шарт. Шу билан бирга шахс тегишли малака даражасини олгач, таълим, моддий ишлаб чиқариш, фан, маданият ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатади ҳамда ўз билими, тажрибасини ёшларга ўргатади.

Давлат ва жамият кадрлар тайёрлаш тизими амал қилиши ва ривожланишининг кафиллари, юқори малакали рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш бўйича таълим муассасаларининг фаолиятини уйғунлаштирувчи сифатида фаолият кўрсатади.

Узлуксиз таълим кадрлар тайёрлаш миллий моделининг асосий таркибий қисми бўлиб, ижодкор, ижтимоий фаол, маънавий бой шахс шакл­ланиши ва юқори малакали рақобатбардош кадрлар жадал тайёрланиши учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Фан миллий моделнинг салмоқли, табиат ва жамият тараққиёти қонуниятлари тўғрисидаги янги фундаментал ва амалий билимларни шакл­лантиради, кадрлар тайёрлаш тизимида оммалаштириш, ўрганиш ва фойдаланиш учун керакли илмий натижаларни жамлайди, олий малакали илмий ва педагог кадрлар тайёрлайди, мамлакатимиз илм-фанининг жаҳон илм-фанига интеграциялашуви, замонавий илм-фан ва технологияларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш учун  илмий ютуқлар  ва кадрларнинг халқаро миқёсда алмашинувини амалга оширади.

Ишлаб чиқариш тайёрланадиган кадрлар буюртмачиси ва истеъмолчисидир. У қандай касблар зарурлигини белгилайди ва уларнинг амалий машғулотларида иштирок этади, кадр­лар ва умуман олганда, касбий тайёргарликнинг сифатини, даражасини ва рақобатбардошлигини баҳолайди. Шу билан бирга, ўз ихтиёридаги моддий-техника, интеллектуал, кадр ресурслари ҳамда кадрларни ўқитиш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш учун зарур бошқа ресурсларни бериш билан узлуксиз таълим тизимига кўмаклашади.

Таъкидланган ҳар бир таркибий қисм зиммасига салмоқли вазифалар юкланадики, улардан бирининг бажарилмаслиги миллий моделдан кутилган натижага салбий таъсир кўрсатади.

Албатта, ҳар қандай қонун каби “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонун ҳам тегишли фармон ва қарорлар орқали ижрога қабул қилинди. Биз ҳужжатлар номини санамасдан амалга оширилган ишларни эсга оламиз.

Маълумотларга кўра, собиқ совет даври интиҳосида республикада 8214 та мактаб бўлиб, уларнинг 57 фоизи лойиҳалаштирилган биноларда жойлашганди. Қолган 3525 та мактаб мослаштирилган биноларда, устига-устак улардан  1167 таси ҳашар йўли билан пахса ва хом ғиштдан қурилган эди. Мустақиллик йилларида КТМД асосидаги Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури амалга оширилгунга қадар 1 миллион 893 минг ўқувчига мўлжалланган умумтаълим мактаблари қурилганлиги ва мавжудларини таъмирлаш ишлари амалга оширилганлигини таъкидлаш жоиз.

Умуммиллий дастур доирасида (2004—2009 йиллар)  8501 та, хусусан, 351 та янги мактаб биноси қурилди, 2470 та мактаб капитал реконструкция қилинди, 3608 та мактаб мукаммал, 2069 таси жорий таъмирланди. Ундан кейинги, яъни 2010—2016  йилларда эса 2255 та мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мазкур бунёдкорликлар учун қарийб 3 триллион сўм маблағ сарфланди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган ҳар бир таълим муассасасини замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси билан таъминлаш учун эса 1 триллион сўмдан зиёд маблаҚ йўналтирилди.

Натижада таълим муассасаларининг жиҳозланганлик даражаси — ўқув мебеллари 82 591 синф тўпламга, физика лаборатория хонаси 8519 тага, кимё лаборатория хонаси 8550 тага, биология лаборатория хонаси 8541 тага етди.

2004 йилда республика бўйича 1342 та мактабдагина замонавий компьютер бор эди. Истиқлолимизнинг 25 йиллиги арафасида энг сўнгги русумдаги ўқув компьютер синфлари 12 956 тани ташкил этди.

КТМД асосида умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг Давлат таълим стандартлари, улар асосида эса ўқув дастурлари ва дарсликлар яратилди. Дарвоқе, 1991 йилда мактаб ўқувчиларининг дарсликлар билан таъминланиши бор-йўғи 55,4 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2016 йилга келиб 99,9 фоизга етди.

Ўсиб келаётган ёш авлоднинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ва дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун имкониятлар яратиш, юртимизнинг жаҳон майдонида юқори нуфузини таъминлаш мақсадида чет тилларни биринчи синфдан бошлаб ўқитиш жорий этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Узлуксиз таълимнинг барча турлари учун чет тилларидан давлат таълим стандартлари  яратилиб, тасдиқланди ва 2013—2014 ўқув йилидан бошлаб мактабларда ўқитила бошланди. Катта меҳнат ва маблағлар сарфланиб, 1—4-синфлар учун дарслик мажмуалари (дарслик, ўқитувчи китоби, машқ дафтари ва DVD диск) чоп этилди ва ўқувчиларга бепул етказиб берилди. 5—9-синф­ларда дарс бераётган ўқитувчилар учун эса чет тиллар бўйича методик қўлланмалар янги стандарт асосида қайта яратилиб, чоп этилди. Бошлан­ғич синфларда чет тилларни ўқитиш учун 17222 та чет тили хоналари тайёрланди ва уларнинг барчаси DVD-магнитола, компьютер, проектор ва бошқа ўқув-кўргазмали қуроллар, луҚат ва адабиётлар билан таъминланди.

Яратилаётган шароитлар натижасида 1-синф ўқувчилари 150 та сўзни,  2- ва 3-синфларда ўқувчилар ўқиш, ёзиш ва чет тилида мулоқотда бўлишни ўрганишди, уларда гаплашиш кўникмалари (400 та сўз) шаклланди. Оғзаки нутқда бошланғич синф ўқувчиларининг 5—6-синф ўқувчиларига нисбатан луғат бойлиги, талаффузи ва сўз бирикмаларидан фойдаланиш даражаси бўйича устунлиги кузатилганини мутахассислар таъкидлашди.

Таълим довонига хулоса тариқасида айтишимиз мумкинки, асрга татигулик ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Биз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз, ҳеч кимдан кам бўлмаслигимиз ойдинлашмоқда. Биргина мисол. 1991 йилгача республикамиз мактаб ўқувчилари бирорта ҳам халқаро фан олимпиадасида иштирок этмаган бўлса, мустақиллик йилларида ислоҳотлар бошлангач республикамиз мактаб ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида жами 253 та, жумладан,  20 та олтин, 58 та кумуш, 175 та бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳам бир кўрсаткич, қолаверса, ёшларимиз дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олиб, илмий тадқиқотлар ўтказиб бошқалардан кам эмаслигимизни исботлашмоқда. Булар таълимдаги ислоҳотлар буюк натижасининг бошланишидир.

  1. Тарбия довони

Таълим натижасида илм ривожланади. Атомнинг кашф этилишига, нанотехнологиялар яратилишига илм сабабчидир. Ундан тўғри фойдаланиш эса тарбия зиммасидадир. Тарбия кўрган авлодгина атомдан, нанотехнологиялар имкониятидан, демакки, илмдан инсоният тараққиёти учун фойдаланади. Аввалги мақоламизда таъкидланганидек, юртимизнинг мутафаккир олими ва давлат арбоби Ислом Каримов таълим ривожига нақадар эътибор берган бўлса, тарбия масаласи  ҳам шу қадар унинг диққат марказида бўлди.

“Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади”(“Юксак маънавият — енгилмас куч”).

Ислом Каримов дунёда кечаётган воқеа-ҳодисалар, узлуксиз эврилишларни, уларнинг инсон маънавиятига турлича таъсирини таҳлил этар экан, ёшлар дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг тарбияси мунтазам назоратда бўлиши зурурлигини таъкидларди. Тарбия ҳақида мулоҳаза юритганда, айниқса, ўтган аср бошларида яшаб, ижод қилган жадидчилик ҳаракати фаолларидан бирининг қуйидаги фикрларини такрор-такрор эслатишдан чарчамасди:

“Мен Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир» деган фикрини кўп мушоҳада қиламан. Буюк маърифатпарварнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги кунда биз учун ҳам шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарбдир”(“Жамиятимиз мафкураси халқни – халқ, миллатни – миллат қилишга хизмат этсин”).

Ислоҳотлар давомида ғарб эксперт­лари ўз тажрибалари билан ўртоқлашар эканлар, ёшларга билим бериш, демократия принципларига ўргатиш фақат таълим муассасалари орқали амалга ошишини, тарбия муаллимларнинг вазифасига кирмаслигини таъкидлашди. Бу фикр жуда ҳам баҳсталаб эди, зеро маънавияти  таназзулга учраган ғарб “тажрибаси”, ёшларининг бугунги  аҳволи уларнинг фикри тўғри эмаслигини кўрсатиб турарди.

Ислом Каримов эса “Mаънавиятни йўқотсак, ўзимиз ва ўзлигимизни йўқотамиз. Маънавиятни юксалтирсак, ўз мурод-мақсадимизга етишда кучли мадад топамиз”, деди ва шу боис “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди — бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”, дея масалага нуқта қўйди.

Таълим муассасалари, хусусан, муаллимларга ёшлар тарбиясини юклашнинг бир неча сабаблари бор эди. Катта авлод миллий қадриятларни мутлақо унутмаган бўлса-да, совет мафкураси билан заҳарланган эди, ўрта авлод эса эски тоталитар мактаб “багаж”и билан исломни (аслида радикал оқимни) билиб-билмай четдан юборилган “инструкторлар ёрдамида” бирёқлама ўргана бошлади ва бу икки авлод ўртасидаги гоҳи пинҳона, гоҳида ошкора келишмовчиликларни (1999 йилда содир этилган террорчилик актларини эсланг) кичик авлод кузата бошлади.

Кичик, яъни ҳаётга кириб келаётган янги авлод кимнинг ортидан юрсин? Уларни ким тарбиялайди? Биринчи Президентимиз ана шундай тарихий фурсатда олим ва мутахассислар иштирокида машварат ўтказди.

Унда турли масалалар, жумладан, миллий истиқлол ғояси борасида фикрлар билдирилди. Бундай ғояларни дарсда ўрганиш демократик принципларга тўғри келмайди ёки фанлар таркибига сингдириб юбориш керак каби нуқтаи назарлар ҳам билдирилди. Ислом Каримов эса ҳеч иккиланмасдан содир бўлиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, миллий ўзлигимизни сақлаб қолиш мақсадида “Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар” фанини таълим тизимига киритиш борасида фармойиш берди. Унга кўра фарзандларимиз 1—4-синфларда “Одобнома” фанидан қадриятларимиз, 5-6-синфларда “Ватан туйғуси”, юқори синфларда эса “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари”ни ўрганиб, миллий қадриятлар, бунёдкорликка  бошловчи, бирлаштирувчи ғоя нима эканлигини англай бошладилар. Давлат раҳбари бу ҳаёт ва мамот масаласига турли даражадаги раҳбарларни ҳам, ота-оналарни ҳам ўз ҳиссасини қўшишга даъват этди.

“Агар биз ўз кучи ва салоҳиятига ишонадиган, боқимандаликни ор деб биладиган, энг ривожланган мамлакатларнинг илғор кишилари билан теппа-тенг муомала қила оладиган, оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата биладиган, бу мураккаб, бешаф­қат ҳаётнинг пасту баланд, тангу тор кўчаларидан Оллоҳ берган ақлу заковати билан тўғри йўлни адашмай топа олишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаб етиштирсак, ўйлайманки, ўз мақсадимизга эришган бўламиз”, деган эди Ислом Каримов.

Аждодларимиз ўғил-қизларининг тўрт мучаси саломат бўлиб вояга етишларига катта эътибор қаратишган. Алпомишу Фарҳодлар, ҳатто зўрман деган рақиб йигитлари курагини ерга теккизган Барчинойлар ҳақида достонлар битиб, Амир Темур, Жалолиддин Мангубердилар, Тўмарисларни тарбиялашган. Бу масала ҳам Биринчи Президентимиз ташаббуси билан  мамлакатимиз миқёсидаги долзарб масалалар қаторига кўтарилди. Унинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, деган фикри қалбларни забт этди. 

Айниқса, яратилган уч босқичдан иборат спорт мусобақаларининг жорий этилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. “Умид ниҳоллари” деб номланган биринчи босқичда умумтаълим мактаби ўқувчилари, иккинчи — “Баркамол авлод” босқичида ўрта махсус таълим ўқувчилари, “Универсиада” босқичида эса олий таълим муассасалари талабалари иштирок этиб, спортнинг ўндан ортиқ турида ўзаро мусобақалашадилар. Бу тизим соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этиб, ёшлар саломатлигига ижобий таъсир қилди, шунингдек, кучли спортчиларни тарбиялаб, Ўзбекистонни дунёга танитишда катта аҳамият касб этди. Уч босқичли спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш тажрибаси дунёдаги кўплаб ривожланган давлатларнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлди.

Албатта, фарзандларимизнинг спорт билан шуғулланишларига шароит яратиш керак эди. Ана шу мақсадда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси тузилиб, 5 типдаги спорт мажмуалари бунёд этилди, жиҳозланди, уларда мунтазам шуғулланиш учун тўгараклар ташкил этилиб, турли мусобақалар уюштирилди. Шунингдек, юқорида таъкидланган «Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дас­тури» доирасида ҳам спорт иншоотлари қурилиши ва уларни жиҳозлашга катта эътибор қаратилди. Истиқлолнинг биринчи йилида республикада халқ таълими тизимидаги барча спорт иншоотлари ва сузиш ҳавзаларининг сони бармоқ билан саноқли бўлса, мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида 2178 та спорт иншоотлари қурилганлиги таъкидланди.

Қишлоқ  ва  овулларда яшаётган қизларни спортга жалб этиш масаласига  ҳукумат миқёсида эътибор қаратилиши ҳам келажакка катта умид билан боқаётган ёшларимизнинг ўзларига ишончини оширди. Республикамизнинг турли олис ва яқин ҳудудларида қизларимизнинг саломатликларини мустаҳкамловчи, жисмларига янада ҳусн қўшувчи спорт секциялари фаолият юрита бошлади. Жумладан, спортнинг хотин-қизлар шуғулланадиган тури — бадиий гимнастиканинг «Умид ниҳоллари» спорт мусобақалари дастурига киритилиши, ўқувчи қизлар ўртасида спортнинг сузиш, теннис, стол тенниси ва спорт гимнастикаси турларини оммалаштириш бўйича чора-тадбирлар  кўрилиши  натижасида республика бўйича 35 минг нафарга яқин ўқувчи қизлар спорт иншоотлари қошидаги тўгаракларда мунтазам шуғулланишмоқда. Ана шу ҳаракатларнинг ҳосиласи ўлароқ «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларининг фақат финал босқичида жами 952 нафар ўқувчи қизлар фаол  иштирок этди. Спортнинг нафис тури саналган бадиий гимнастика билан машғул қизларнинг сони йилдан-йилга ошиб борди.

Болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган самарали ишлар, замонавий ускуналар билан бойитилган, жаҳон андозаларидан қолишмайдиган спорт мажмуаларида шаҳар ва қишлоқларда яшайдиган ўғил-қизларнинг мунтазам равишда шуғулланишлари, уларнинг спортга бўлган муносабатларини тубдан ўзгартирди.

Натижани қиёслаб кўринг: 1991 йилда халқаро миқёсдаги мусобақаларда 10 та олтин, 9 та кумуш ва 13 та бронза — жами 31 та медал олинган бўлса, мустақилликнинг 25  йилида ўтказилган 487 та халқаро спорт мусобақаларида 5 369 нафар (1 955 нафари қизлар) ўқувчи-спортчиларимиз жами 1 886 та, жумладан, 716 та олтин, 534 та кумуш, 636 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Буюк боболар, хусусан, Абу Наср Форобий фозил фуқаро тарбиясида санъатнинг бетакрор аҳамиятини таъкидлаган. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан фарзандларимиз истеъдодини рўёбга чиқариш ва камол топтириш, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, уларнинг қалбига санъат орқали миллий ҳамда умуминсоний қадриятларни сингдириш, таъбир жоиз бўлса, “оммавий маданият” иллатларидан асраш  мақсадида болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган давлат дастури қабул қилинди. Белгиланган чора-тадбирлар натижасида 300 дан зиёд болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 3 та мусиқа академик лицейи янгидан қурилди ва реконструкция қилинди, зарур мусиқа асбоблари ва анжомлари билан жиҳозланди.

Яратилган замонавий шарт-ша­роитлар натижасида болалар мусиқа ва санъат мактабларига ўқувчилар қамрови 2008 йилдаги 38 мингдан 2016 йилда 59,3 минг нафарга кўтарилди. Энг асосийси, ўқувчиларнинг диди, дунёқараши юксалди. Ёш санъаткорларнинг халқаро танлов ҳамда фестивалларда қўлга киритаётган ютуқлари кўпайди. Мустақиллик йилларида истеъдодли ёшларимиз Франция, Италия, Германия, Буюк Британия, Руминия, Голландия, Польша, Россия, Озарбойжон каби кўплаб давлатларда ўтказилган нуфузли халқаро танловларда иштирок этиб, 44 та Гран-при, 255 та 1-ўрин, 159 та 2-ўрин ва 170 та 3-ўринни қўлга киритдилар.

Эътибор беринг, инсоннинг жисми ва маънавиятини тўғри тарбиялаш нафақат унинг ўзини, балки миллатни, давлатни дунёга танитишга хизмат қилади.

  1. Ҳунар довони

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг бир қарашда фан, спорт, мусиқа сингари халқаро миқёсда ёрқин кўрсаткичларни бермайдигандек таассурот қолдирадиган яна бир бетакрор жиҳати бор. У ҳам бўлса ҳар бир битирувчи зиммасига бирор касб эгаллаши мажбурият сифатида қўйилганидир.

Ҳунар инсоннинг бахтли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган тинчлик, соғлиқ, меҳр-оқибат каби муҳим омиллар қаторида туради. “Олтин ва кумуши бўлмаган одам камбағал эмас, балки эс-ҳуши ва касб-ҳунари бўлмаган киши камбағалдир”, деган эди Шарқ алломаларидан бири Мажид Ҳавофий.

Форобий талқинидаги фозиллар шаҳри одамларининг ҳар бири меҳр қўйган касбига эга бўлиши даркор. Акс ҳолда, яъни севимли касби бўлмаса, бахти ҳам яримдир. Бош­қача айтадиган бўлсак, бахтга эришиш формуласида ҳунарнинг ўрнини босадиган ўзга нарса йўқ. Эслаб кўринг, қайси мутафаккирнинг ҳаётига назар солсангиз, ҳар бирининг ҳунари бўлган. Бўлгандаям ўз касбининг устаси ҳисобланган.

Абу Лайс Самарқандий “Танбеҳул-ғофилийн” китобида касб-ҳунар фазилати ҳақида қуйидаги ривоятни келтиради:

“Баъзилар айтишади: “Довуд (алайҳиссалом) одамлар танимайдиган суратда чиқиб, мамлакат аҳлидан ўзлари ҳақида сўрар эдилар. Бир куни у кишига Жаброил (алайҳиссалом) одам қиёфасида кўринди. Довуд  (алайҳиссалом) айтдилар: “Эй йигит, Довуд ҳақида нима дейсан?”. “У яхши одам, лекин бир ёмон хислати бор — мусулмонлар хазинасидан истифода этади. Бандаларнинг ичида Оллоҳга севимлироғи ўз меҳнати билан топиб ейдиганлардир”, деди Жаброил. Шундан сўнг Довуд (алайҳиссалом) меҳробларига қайтиб, йиғлаб-йиғлаб, тазаррулар қилиб айтдилар: “Эй Раббим, менга бир ҳунар ўргатгин, мўминларнинг молидан ўзимни беҳожат этай”. Оллоҳ таоло у кишига темирчиликни ўргатди. Темирлар у кишининг қўлида худди хамирдек юмшоқ бўлиб қоларди. Иш вақтларидан бўшаганларидан кейин совут ясардилар. Сўнгра уни сотиб, ўзи ва аҳлининг эҳтиёжларига сарфлар эдилар. Бу хусусда Оллоҳ таоло дейди: “Ва унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик(Сабаъ сураси, 10-оят). Яна айтади: “Унга (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясашни таълим бердик”(Анбиё сураси, 80-оят)”. Қуръони каримдаги бу таълимот Форобий орзусидаги шаҳар одамлари табиатига сингдирилган.

Абдулла Авлоний таълимотида эса “Киши ёш вақтида илму маърифат, ҳунару санъатга бўйин қўймаса, тараддуд қилмаса, албатта, қора ишчи бўлуб қолур”, деган ҳаётий қараш бор.

Ислом Каримов бугунги ёшларимизнинг совет мактаби битирувчиси каби ҳунарсиз “қора ишчи” бўлиб қолмаслиги зарурлигини, камида 2-3 касбни эгаллашини орзу қилганди. Айниқса, қизларнинг ҳамширалик, тикувчилик, пазандалик каби касблардан бохабар бўлиши, ҳеч бўлмаганда, оила қурганда асқотишини кўп бора айтганди.

Бугунги кунда баъзи ижтимоий тармоқларда айримлар ўқувчиларнинг касб-ҳунар коллежларидан мактабга қайтарилаётганини бошқача мазмунда иддао қила бошладилар. Аввало, мактабга қайтиш дегани ҳунар ўргатишдан воз кечиш дегани эмас. Қолаверса, болалар ўз мактабларида таълим олиш билан бирга касб ўрганишда ҳам давом этадилар, шу билан бирга ота-оналари бағрида бўладилар, яъни уларнинг меҳри оғушида, ва албатта, назоратида тарбияланадилар.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қотиб қолган догма бўлмай, балки вақт ўтиши, тараққиёт талаби билан унга ўзгартиришлар киритиш мумкин. Зеро, қонуннинг “Миллий дастурни рўёбга чиқаришга доир ташкилий чора-тадбирлар” бўлимида “Миллий дастурнинг монитори­нги ва бажарилишини экспертиза қилиш асосида унинг айрим қоидалари ва тадбирларига тузатишлар киритилади”, деб ёзиб қўйилган.

Шунга монанд фикрни унинг муаллифи Ислом Каримов ҳам айтиб ўтганди: “Аслида таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотнинг чегараси ва поёни йўқ. Токи ҳаёт давом этар экан, таълим ҳам, тарбия ҳам замон ўртага қўяётган янги-янги талабларга кўра муттасил равишда ўзгариб-янгиланиб бораверади”.

КТМДнинг илк натижалари кўрина бошлаганда журналистлар Ислом Каримовдан  янгиланишлардан қониқдингизми, дея сўрашганда, у шундай жавоб қайтарганди: “Кечаги эришган ютуқларга нисбатан солиштирсак агар, албатта бу катта қадам, катта маррага етганимиз, агарки эртанги кун, эртанги мақсадлар нуқтаи назаридан қарасак, албатта буниям камчиликлари бор. Бу ерда ҳеч қандай хафагарчиликлар бўлмасин. Бу ҳам бир табиий нарса”.

Демак, бугунги ислоҳотлар, яъни ишлаб чиқаришга урғу берилаётган бир пайтда кичик мутахассисларга эҳтиёж кўпаяди. Ахир киритилаётган инвестициялар янги иш ўринларини яратади. Уларга замонавий корхоналарда ишлай оладиган ҳунарли — кичик мутахассислар керак. Бугунги олиб борилаётган таълим сиёсати айнан ана шу мақсадни кўзлаган, назаримизда. Хулоса шулки, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш масаласи кун тартибидан тушмайди.

Миллатнинг қудратли тўлқини

Қиёсланг, ахир дунёда давлатлар ҳисобли, айниқса қуллик занжиридан қутулиб, мустақил қадам қўяётган давлатлар саноқлидир. Ўша давлатларнинг қай бир раҳбари ўз тараққиётини маънавиятни, маърифатни юксалтиришда, болалари таълим-тарбиясини яхшилашда кўрди? Қай бири мактаб, маънавият ўчоқларининг моддий-техник базасини замонавийлаштиришга мисли кўрилмаган маблағлар ажратди? Қай бири кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ишлаб чиқиб, амалга оширди?

Ислом Каримов биз кўп иқтибос олган “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида қатор атоқли давлат арбоблари, олиму адибларимиз ҳаёти ва фаолиятини таҳлил қилиб, уларнинг маънавий жасоратлари нимадан иборат эканлигини кўрсатиб ўтганди. Мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакатни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга мўлжалланган миллий дастурни яратиш учун юксак маънавият, амалга ошириш учун эса маънавий жасорат талаб этиларди.  Ўзбекнинг донишманд ўғлони Ислом Каримов бундай сифатлар соҳиби эди ва унинг раҳнамолигида Ўзбекистон ёрқин келажак сари юз тутди.

Демак, юксак маънавиятли инсондан маърифат боғининг бетакрор мевалари — ватанпарвар, билимга чанқоқ, маррани баланд оладиган, доим олға интиладиган юқори интеллектуал салоҳиятли авлод қолади. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, буюк маърифатпарвар Ислом Каримовдан ана шундай сермағиз мевалари мўл боғ ҳам қолди. Муборак саксон йиллиги нишонланаётган юртимизнинг ана шу бетакрор фарзанди сабаб тинчлик йўли, бағри­кенглик йўли, тараққиёт йўли, бахт ва яна кўплаб бунёдкорликларга олиб борадиган йўлларни топдик. Авлодларнинг вазифаси Ислом Каримов бошлаб берган хайрли ишларни такомиллаштириб, давом эттиришдир.

Миллатнинг қомусий олими Абу Райҳон Берунийнинг қуйидаги фикри эса шу маънода ҳар доим долзарблигини йўқотмайди: “Вақт пиллапояси чексиздир, бир-бирининг ўрнини эгаллаб борадиган авлодлар зинадан зинагагина кўтариладилар холос. Жамланган тажрибани ҳар бир авлод ўзидан кейин келаётган, ўзидан кейин уни тараққий эттирадиган ва бойитадиган навбатдаги авлодга етказиб беради”.

Юқорида таълим, тарбия, ҳунар довонларида таъкидлаганимиз —  ёшларимизнинг халқаро фан олимпиадаларида эришган муваффақияти, нуфузли спорт мусобақаларидаги ғалабаси, дунё санъат фестивалларида эришган зафарлари, шубҳасиз, юксак натижа! Лекин таълимдаги асрга татигулик ислоҳотларнинг буюк натижаси — интеллектуал салоҳиятли ёшлардан иборат қудратли тўлқин вужудга келганлигидир!!!

Бу тўлқин шиддат билан келажак томон ҳаракатини бошлади ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётдаги ижросини таъминлаган, бугун эса тараққиёт шиддатини ошириб, юртга раҳбарлик қилаётган Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонни янги босқичга олиб чиқишга мўлжаллаган Ҳаракатлар стратегияси ижросида ўзининг қудратли кучини кўрсатиши, шубҳасиздир.

Ҳалим САИДОВ

“Бошланғич таълим” журнали Бош муҳаррири