1986 йил кузида, воҳа меҳнаткашлари ғам-ғуссага ботган ана шундай оғир шароитда Ислом Каримов Қашқадарёга биринчи раҳбар этиб тайинланди. Бу Яратганнинг вилоят халқига кўрсатган илтифоти эди.
Йилдан йилнинг фарқи бор. Бир йил сув кам бўлиб, қурғоқчилик авжига чиқса, кейинги йили зараркунандалар кўпайиб, қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларига катта зарар етади. 1983-1986 йиллар қаторасига ана шу сабаблар боисми ёки ўша даврдаги раҳбарлар ўзларини оқлаб айтганидек, “табиат йилларга кулиб боқмадими”, хуллас, Қашқадарёда кўп соҳаларда орқага кетиш кузатилди. Асосий соҳа пахтачилик ниҳоятда оқсаб, ҳосилдорлик гектарига 14 центнерга тушиб кетди. Чорва моллари сони тенг ярмига қисқариб, республикада довруғи кетган бир қатор қоракўлчилик хўжаликлари тугатилди, бу хўжаликлар қўйларининг катта қисми Бухоро ва бошқа вилоятларга арзон гаровга сотиб юборилди.
Бундан ташқари, ўша пайтда марказдан юборилган “десантчилар” қонун, адолатни истаганча топтаб, халқимиз шаъни ва ғурурини оёқости қилдилар. Республика бўйича 25 минг киши устидан жиноят иши қўзғатилган бўлса, биргина Қашқадарёдан 1985 йилнинг уч ойида вилоят раҳбари, бўлим мудирлари, шаҳар ва туман партия қўмиталари котиблари, вилоят ижроия қўмитаси раиси ҳамда ўринбосарлари, масъул котиблари, шаҳар, туман ижроия қўмиталари раислари, вилоятдаги турли ташкилотларнинг раҳбарлари, хўжаликларнинг юз нафар раиси ва директори ишдан олиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
1986 йил кузида, воҳа меҳнаткашлари ғам-ғуссага ботган ана шундай оғир шароитда Ислом Каримов Қашқадарёга биринчи раҳбар этиб тайинланди. Бу Яратганнинг вилоят халқига кўрсатган илтифоти эди.
Янги раҳбар бугуннинг ишини эртага қўймаслик, аҳволни ўзгартириш учун кунларни тунларга улаб ишлаш, энг муҳими, одамларни олдинда турган улуғвор вазифаларни уддалашга руҳлантириш, уларнинг қалбига йўл топиш лозимлигини яхши биларди.
– Бўлиб ўтаётган воқеалар, бошларингизга тушган мушкул муаммоларнинг барчасидан яхши хабардорман, – деди Ислом Абдуғаниевич дастлабки учрашувдаёқ йиғилиш аҳлига. – Бундай ҳолатга энди чидаш қийин, жим қараб ўтириб бўлмайди. Бобомиз Амир Темур айтганидек, энг ёмон ҳақорат адолатсизликдир. Ориятли, номусли халқимиз барча муаммо, азобларга чидайди, “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ”, деб Аллоҳ таоллодан мадад тилайди, аммо адолатсизликка чидай олмайди. Ноҳақ жабр кўраётган минг-минглаб одамларни ҳимоя қилиш, ғурури топталган, юрак-бағри эзилган инсонлар қалбида эртанги кунга умид уйғотмасдан, уларнинг ҳақиқатга ишончини тикламасдан туриб ҳеч нарсага эришиб бўлмайди! Менга озроқ вақт беринглар... Ҳамжиҳатликда сизлар билан елкама-елка туриб иш юритамиз. Адолатни тиклаш, ҳақиқатни юзага чиқариш учун бор куч-ғайратимни, керак бўлса, жонимни ҳам аямайман!
Ҳа, Аллоҳнинг инояти туфайли Ислом Каримов айтган сўзида турди. Адолатсизликларнинг туб илдизига етиб бориш, асл моҳиятни тўла очиш учун ишни одамлар билан мулоқот қилиш, улар қалбига қўл солишдан бошлади. Керак бўлса, жабр кўрганлар, жазога тортилганларнинг хонадонларига кириб, оила аъзолари, аёллари, фарзандлари билан дилдан суҳбатлашди.
Биз журналистлар бўладиган учрашувлар, суҳбатларнинг кўпчилигида қатнашиб, вилоят раҳбарининг кишилар қалбига яқин сўзлар топишига, ишонтиришига қойил қолардик. Булар шунчаки ваъда эмасди, Ислом Абдуғаниевич ҳар бир сўзини ўйлаб, етти ўлчаб бир кесгандан, уларнинг бажарилишига ишонч ҳосил қилгач, тилга оларди.
Ўша пайтда биргина Шаҳрисабз туманидан 1700 нафар киши “пахта иши” бўйича терговга тортилганди. Улар орасида аёл раислар, бригадир хотин-қизлар кам эмасди. Тумандаги машҳур “Гулистон” хўжалигининг донгдор раиси Ҳурматой Шоимова билан бўлган суҳбат ҳамон дилимни тирнайди:
– Хўжаликка хизмат қила бошлаганимга қарийб 40 йил бўлди, – деди опа кўзига ёш олиб. – Мени Аллоҳ фарзанддан қисди. Бутун аламимни меҳнатдан олдим. Тақдирга тан бериб, “детдом”дан бола асраб олишга мажбур бўлдим. Унга меҳр қўйдим, ўз туққанимдек бўлиб қолган. Қаердаги уйдирмалар билан менинг устимдан ҳам иш қўзғатишган. Мен кесилиб кетсам, беозоргина ўсмир болам энди кимнинг қўлида қолади? Кўрадиган азобларим эмас, ана шу бегуноҳ боланинг тақдири менга кечалари уйқу бермайди. Бола бечоранинг бошида шунчалар битмас-туганмас “гуноҳлар” борлигига чидолмайман.
Опанинг ғам-ғуссага тўлиб айтган бу сўзлари ҳар биримизни тўлқинлантирди, киприкларимиз ёшланди.
– Йиғламанг, опажон, ўғлингиз етим бўлиб қолмайди, ҳамиша бирга бўласизлар, мен сизга ваъда бераман, – деди Ислом ака.
Шу куни Ислом Абдуғаниевич яқинда қамоққа олинган хўжалик раиси, 26 яшар Шуҳрат Бобоёров, ёш болали хўжалик раҳбари Каромат Қудратова, бирлари ҳисобчи, бирлари бригадир бўлган Абдураҳмон Эшматов, Бекназар Сувонов, Умрзоқ Узоқов хонадонларида ҳам бўлиб, ота-оналари, фарзандлари, қариндошларини улар бошига тушган кулфатлар вақтинчалик эканлиги, яқин кунлар ичида ўзлари кутаётган яхши хушхабарлар олишларига ишонтирди.
Бундай учрашувлар биргина Шаҳрисабзда эмас, барча шаҳар ва туманларда ўтказилар, вилоят раҳбари бу савоб иш учун вақтни сира аямасди.
Вазият жуда оғир, “марказ”нинг ўша вақтдаги сиёсатига қарши чиқиш, коммунистик тузум томонидан “айбдор”, “жиноятчи” деб топилган одамларни оқлашга уриниш анчайин мушкул эди. Аммо бўладиган дўқ-пўписалар, қўрқитишлар раҳбаримизни сира чўчитмас, ҳақиқат ғалаба қилишига бўлган қатъий ишончи кучли эди.
Ана шундай ғам-ғуссали, нотинч, ҳар соҳада ечимини кутаётган ишлар тўлиб-тошиб ётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевич оммавий ахборот воситаларига ғамхўрликни ҳам ўзларининг биринчи даражали вазифалари қаторида кўрдилар. Шароит ниҳоятда ташвишли эканига қарамай, ишга киришганининг ўн бешинчи куниёқ вилоят ОАВ ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказдилар. У киши журналистларни айни вақтдаги аҳвол билан батафсил таништиргач, Қашқадарё шарафини тиклашда ижодкорларнинг муҳим ўрни борлигини алоҳида таъкидладилар. Газеталар, телевидение, радио раҳбарларининг хоҳиш-истаклари, режалари, муаммолари эшитилгач, тажрибали журналистларга бирма-бир сўз берилиб, муаммолар ва уларнинг ечими ўрганилди. Бундай юзма-юз мулоқотлар ҳар ойда мунтазам ўтказиладиган бўлди.
Журналистлар жуда мамнун эдилар. Иш кунини матбуотнинг бугунги сонларини кузатишдан бошлаган раҳбаримиз газеталардаги яхши ёзилган хабарлар, ҳикоя, очеркларни алоҳида қайд этиб, бош муҳаррирларга уларнинг муаллифларига раҳмат айтишни, имкон даражасида уларни рағбатлантиришни тайинлар эдилар. Жиддий танқидий материаллар вилоят партия қўмитасининг бюроларида муҳокама қилинар, айбдорларга жазо чоралари кўриларди.
Мен 45 йил давомида вилоят ҳамда республика телерадиокомпаниясида фаолият кўрсатдим. 37 йил вилоят телерадиокомпаниясига раҳбарлик қилдим. Мақтанишга йўйманг-у, жамоамиз аъзолари ғайратли, шижоатли, шу боисдан ҳам республикада пешқадам ҳисобланарди. Вилоятлар орасида биринчи бўлиб “Радио уйи” Қашқадарёда қад кўтарди. Замонавий телемарказ қурилиши ҳам биринчи навбатда вилоятимизда бошланган. Телемарказ қурилишида биринчи ғиштни Ислом Абдуғаниевич қўйганлар. Ҳар кунги эшиттиришларнинг бирортаси у кишининг эътиборидан четда қолмасди. Вақти-вақтида келиб, ижодкорларимиз билан суҳбатлашиб, улардан ўзларининг қимматли маслаҳатларини аямасдилар. Мен 3-4 йил давомида шу инсон билан ишлаганим, барча керакли ёрдамни олганлигим билан фахрланаман.
Ислом ака Қашқадарё, унинг меҳнаткаш одамлари ҳақида кўп ва хўп гаплар айтган. Мана улардан айрим иқтибослар:
“Ҳаётимнинг ҳеч унутилмас даврлари билан узвий боғланган мана шу мўътабар Қашқадарё заминини, мана шу воҳа менинг Она юртим, деб умримнинг охиригача ғурурланаман, фахрланаман. Бу юрт меҳрини қалбим тўрида доимо сақлаб қоламан.
Мен бир ҳақиқатни кўп бор айтганман, яна такрорламоқчиман: Бу ёруғ дунёда шу кунгача мен нималарга эришган бўлсам, аввало, Худонинг инояти, ҳаётимнинг мураккаб кунларида Қашқадарё аҳлининг менга билдирган чексиз ҳурмат ва ишончи, қўллаб-қувватлашларнинг натижаси, деб биламан.
Мени ўз фарзандидай кўриб, нон-туз берган, меҳр-оқибат кўрсатган, яхши-ёмон кунларимда ёнимда турган, раҳбар сифатида камолга етишимда сабаб бўлган меҳнаткаш, бағрикенг, оқкўнгил Қашқадарё халқига яна бир бор бош эгиб, таъзим қиламан.”
Биринчи Президентимизнинг бу самимий дил изҳори барча қашқадарёликларнинг кўнглини ҳамиша ғурур-ифтихорга тўлдиради.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори барчамизнинг дилимиздаги орзумиз эди. Қарорга мувофиқ, Қарши шаҳрида ҳам Биринчи Президентимизга ҳайкал ўрнатилади ва ҳеч шубҳасиз, бу майдон вилоятнинг чинакам маънавият ҳамда маърифат маркази бўлиб қолади.
Мақоламни юртдошимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисралари билан тугатишни лозим топдим.
Биздек ночорлар-ку ерга қараймиз,
Кимдир осмон бўлди савлати билан.
Қашқадарё халқи фахр этар доим,
Исломи яратган шавкати билан.
Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими