ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

1994 йил 5 май куни «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони таъсис этилди


05.05.2018

Ҳозирги кунда барчамизга мамлакатимизнинг давлат мукофотлари яхши таниш. Тақдирланган ватандошларимиз ҳақида эса матбуотдаги хабарларда ўқиймиз, улар учун хурсанд бўламиз. Аммо, кўпчилигимиз ушбу мукофотлар қачон таъсис этилгани, қандай яратилгани, уларнинг анча вариантлари кўриб чиқилгани, бу йўналишда қандай улкан ишлар олиб борилгани ҳақида ҳеч ҳам ўйлаб кўрмаганмиз.

Биринчи бор давлатимиз мукофотлари ҳақидаги масалани 1992 йилнинг июнида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов илгари сурган. Ўша вақтда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик кунининг бир йиллик байрамига бағишланган медални ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.

Ҳукуматимиз томонидан шундай вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида "Фонон" илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил этилиб, унга раҳбарлик қилишга академик Мухсин Ашуровни тайинлади. Ушбу мукофотни яратиш ва унинг устида ишлаш жараёнларида медалнинг кўпгина вариантлари таклиф қилинган ва кўриб чиқилган, деб эслайди академик. Ислом Каримовга нафақат мукофотни яратиш ғояси тегишли бўлган, балки у мукофотнинг умумий концепцияси ва дизайнини шакллантириш борасидаги муҳокамаларда бевосита иштирок этган.

Ғоят аниқ даражадаги иш натижасида энг мақбул вариантлар топилди. Тасдиқланган намуналар бўйича 20 минг медаллардан иборат биринчи партия Италияда ишлаб чиқарилганди, чунки "Фонон" ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил топиш ва шаклланиш жараёнида эди. Кейинчалик бу корхона энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, улар келажакда яратилган орден ва медалларни ишлаб чиқаришга имкон яратди.

Ўзбекистоннинг биринчи давлат мукофоти "Соғлом авлод учун" ордени бўлиши бежиз эмас, у Биринчи Президентнинг ташаббуси билан 1993 йилда таъсис этилган эди. Она билан боланинг тасвири туширилган мукофот иккита даражага эга. У билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уни маънан, жисмонан тарбиялашда кўрсатилган алоҳида хизматлар ҳамда болаларнинг манфаатлари йўлидаги хайрия ишларини ривожлантиришдаги фаол иштирок учун тақдирланадилар. Бу Ўзбекистоннинг биринчи ордени бўлиб, ўзининг мақомига кўра дунё амалиётида унга ўхшаш муқобили йўқ.

Бундан 24 йил олдин 1994 йилнинг 5 май санасида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони таъсис этилди ҳамда у билан тақдирланган шахсларга олий мукофот белгиси - «Олтин Юлдуз» медали ва унга доир гувоҳнома топширилиши белгиланди. Шу билан бирга "Мустақиллик" ва "Дўстлик" орденлари, "Жасорат" ва "Шуҳрат" медаллари таъсис этилди.

Ўзбекистон Қаҳрамони унвони - давлатимизнинг олий мукофотидир. Ушбу унвон Ўзбекистон Республикаси фуқароларига давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари учун берилади. Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган шахсга “Олтин юлдуз” медали тантанали равишда топширилади.

Давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири “Мустақиллик” номи билан аталишида ҳам катта рамзий маъно бор. Ушбу орден билан ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва уни мустаҳкамлашга, мамлакатимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга улкан ҳисса қўшган юртдошларимиз тақдирланади.

“Дўстлик” ордени билан Ўзбекистондаги барча миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлашда катта ютуқларга эришган, халқимизнинг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган фуқаролар мукофотланади. Ушбу мукофот соҳиблари орасида юртдошларимиз билан бирга бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам бор.

“Жасорат” медали билан мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашда, ҳарбий ёки хизмат бурчини адо этиш вақтида кўрсатган жасоратлари учун кўплаб юртдошларимиз тақдирланади.  

“Шуҳрат” медали билан мамлакатимиз иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда миллий истиқлол ва ижтимоий тараққиёт ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшаётган юртдошларимиз тақдирланмоқда.

Ушбу мукофотларни яратиш жараёнида Ислом Абдуғаниевич фаол иштирок этган, шахсан ўзлари таклиф этилган эскизлар ишлаб чиқишда, ранг гаммасига, символикасига, композицион ечимларига, орден тасмалари вариантларига тузатишлар киритган.

Ўтган йилнинг 5 май санасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мукофотлар таъсис этилган кун муносабати билан кўргазма очилди. Кўргазмада юртимиздаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга катта ҳисса қўшган, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатган, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган юртдошларимиз тақдирланган мазкур Давлат мукофотларининг таъсис этилиши тарихи, мақсади билан таништирувчи китоблар, рисолалар, газета ва фотосуратлар тақдим этилган.

Давлатимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилаётган, Ватан учун яшаш, эл-юрт учун хизмат қилишни – олий саодат деб билган  юртдошларимиз, давлат ва жамоат арбоблари, фан, таълим, маданият, адабиёт намояндалари, саноат ва қишлоқ хўжалиги вакиллари тақдирлаш анъанаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан давом эттирилмоқда.

Жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган шахсларни ҳар томонлама рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 июлдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссияси ташкил этилди. 2018 йил 11 апрелда эса «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини жорий қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниб, шу асосда 50 дан ортиқ давлат мукофоти, жумладан “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, 34 фахрий унвон, 11 та орден ва 4 та медаль ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи таъсис этилди.

Юртбошимиз томонидан «Мард ўғлон» ва «Келажак бунёдкори» давлат мукофотининг таъсис этилиши келажагимиз эгалари ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди.

«Мард ўғлон» давлат мукофоти ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун берилади.

«Келажак бунёдкори» медали билан ватанпарварлик, фидойилик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этиб, халқ манфаатлари учун садоқат билан хизмат қилаётган, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришга ва шон-шуҳратини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаоллиги ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган, шунингдек ўқишда ва меҳнат фаолиятида катта ютуқларга эришган, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар мукофотланиши белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Давлат мукофотлари мамлакатимизнинг фуқароларини, айниқса, ёшларни ўз ватанига, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Шерзод Салимов
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий
Ёдгорлик мажмуаси тадқиқотчиси