Минг тўққиз юз саксон еттинчи йили Қашқадарё вилояти раҳбари Ислом Каримовнинг сўровига асосан у кишининг қабулида бўлдим. Суҳбатимиз жуда қисқа кечди.
– Республика раҳбариятидан Сизни вилоятимизга қайтаришларини илтимос қилдим. Буни ўзингиз ҳам биласиз, бу ҳақда илгари ҳам Сизга айтганман,-деди вилоят раҳбари суҳбатни бошларкан.
“Қаерга” деган савол хаёлимда айланиб, Ислом акага қарадим. У киши фикримни уққандай,- эртага Китоб районида ташкилий сессия бўлади, Сизни район раҳбарлигига тавсия қиламиз,-деди.
Вилоят раҳбарининг кабинетида бўлган ана шу суҳбат кечагидай кўз ўнгимда. Ислом ака стол ортидан туриб, менга синчков нигоҳини қадаб,- хўп Сиз Китоб районини биласизми?-дедида кабинетда секин одимлаб, рўпарамга келиб тўхтади.
– Хўш, Китоб райони ҳақида нима биласиз?
Ислом Каримовнинг нигоҳида кишини довдиратиб қўядиган куч бўлиб, унча-мунча киши бунга дош беролмасди.
– “Китоб”да танишларим, дўстларим бор, халқи меҳнаткаш, боғдорчилик, деҳқончилик анча ривожланган, лекин тоғли ҳудудларда аҳвол бирмунча мураккаброқ,-дедим фикрларимни йиғишга ҳаракат қилиб.
– Тўғри,-деди Ислом ака мени қувватлаб,-лекин мен кутган асосий гапни айтмадингиз. Китоб кўп миллатли ҳудуд, бу районнинг мураккаблиги ана шунда. Ишни дастлаб ана шу масалани ўрганишдан бошлайсиз,-деди.
Ислом Каримовнинг вилоятни бошқараётганига эндигина бир йилга яқинлашаётганига қарамасдан, у Қашқадарёнинг барча ҳудудларини, халқининг урф-одатларини, таъбир жоиз бўлса, “қалтис” ва “нозик” жиҳатларини пухта ўрганиб олган эди.
Эртаси куни сессияда китоблик депутатлар мени илиқ қабул қилишди. Сесияда Ислом ака мени Китоб райони иқтисодиётини кўтариш учун тавсия этганини, сув йўларини тартибга солиш, янги каналлар чиқариш, лалми ерларни ўзлаштириш, Китобни илғор туманга айлантириш лозимлигини таъкидлади. Сессиягача Китоб туманида ишлаб келган Юрий Мелентьев эса Чироқчи тумани раҳбарлигига ўтказилди.
Мен иш бошлаганимдаёқ Китоб туманининг иқтисодиётини, ҳудудлардаги аҳволни, муаммоларни, одамларнинг яшаш даражасини, Ислом ака тавсия қилганидек, миллий таркибини ўрганишга киришдим. Тумандаги мутахассисларнинг, ташкилот ва корхоналар раҳбарларининг туманни ривожлантириш юзасидан таклифларини, фикр-мулоҳазаларини олиб, икки ҳафтача муддатда ҳудудларни тўлиқ айланиб, вазиятни ўз кўзим билан кўрдим.
Ўша йиллари Китоб туманида лалми ерларни ўзлаштириш ҳисобига суғориладиган экин майдонларини кенгайтириш, янги сув йўллари чиқариш, аҳолини томорқа билан таъминлаш биринчи навбатда амалга ошириладиган вазифалар эди. Мазкур масалалар ҳал этилмаса, лоақал уларни ҳал этиш учун киришилмаса, аҳвол тобора мураккаблашиб боравериши аниқ эди.
Режаларимни ҳар томонлама пухта ўйлаб, пишитиб, таклиф этиладиган лойиҳаларнинг истиқболли эканлигига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг вилоят раҳбарига ўша пайти “Гисаракгидрострой” ташкилоти томонидан қурилаётган Макрид каналини бироз узайтириш, мазкур каналдан сув оладиган “Қишлиқ” ва “Зарафшон” насос станцияларини ишга тушириб, “Китоб-Тахтақорача довони” йўналишининг чап тарафидаги Оёқчи дарёгача бўлган ҳудуддаги икки минг гектардан ортиқ ерларни ўзлаштириш, аҳолига томорқа сифатида беришни таклиф қилдим. Ўшанда Жовуз ва Қишлиқ посёлкалари жойлашган ерларда “Қишлиқ” хўжалигининг маъмурий идорасидан ташқари бирорта ҳам иншоот йўқ эди.
Менинг бу лойиҳаларимни жойида ўрганиш учун шахсан Ислом Абдуғаниевичнинг ўзи вақт ажратиб келди. Баҳор пайти эди. Бутун атроф яшилликка, гўзалликка бурканган дамлар. Ранг-баранг гуллар тароватидан, турли-туман қушлар хонишидан дил яйрайди. Бундай пайтларда Китоб тоғлари, қир-адирларидагидек манзарани бу яқин атрофда учратиш мушкул. Туманнинг жанубий сарҳадларидаги Ҳисор тоғ ён бағирларига эса баҳор бирмунча кечроқ келади.
Ислом ака табиат гўзаллигидан жуда завқланди. Машинадан тушиб, 2-3 километр яёв юрдик. Ҳозирги Жовуз посёлкасининг ўрни бўлса керак, кенг ялангликка келиб тўхтадик. Ислом ака чор атрофни синчковлик билан кузатар, чамамда бу ерларнинг эртанги кунини хаёлан тасаввур қиларди. У киши бир томони тоғ, бир томони қир –адирлардан иборат бўлган фусункор манзарага ҳавас билан боқар экан, менга дилидан отилиб чиққан бир гапни айтганини кечагидай эслайман.
– Агар Қашқадарёда яшасам, худди мана шу жойдан ўзимга уй қурардим,-деган эди ўшанда Ислом ака. Ислом Абдуғаниевичнинг табиат гўзаллигидан чексиз завқ олганлигини, дилдан суҳбат қилганига ана ўшанда гувоҳ бўлганман. Китоб тоғларининг гўзаллиги Ислом Каримовнинг қалбидан мустаҳкам ўрин олган эди. Шу боисдан Биринчи Президентимиз юртдошларимиз билан учрашганларида,-мен пенсияга чиққач, жой берсаларингиз Қашқадарёга келиб яшайман,-деб қўярди ярим ҳазил, ярим чин оҳангда. Шундай пайтлар ҳамиша Китоб тумани тоғлари ён бағридаги ўша суҳбатни эслардим.
Менинг таклифларим Ислом акага маъқул бўлди. Кўп ўтмай “Қишлиқ” ва “Зарафшон” насос станциялари ишга туширилди. Икки минг гектарга яқин қўриқ ерга сув чиқарилиб, 700 гектарга яқин майдон китобликларга томорқа қилиб берилди. Ҳозирги пайтда 4 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Жовуз, Қишлиқ, Макрид шаҳарчалари барпо этилди. Тоғ ёнбағирларининг ўзлаштирилиши ҳисобига 2 минг гектардан ортиқ пахта экиладиган серҳосил майдонлар сақлаб қолинди.
Шу йиллари Ислом ака раҳбарлигида Китоб шаҳридаги марказий бозор бутунлай қайта қурилди, бозорга кираверишда кўк гумбазли баланд бино (ҳозирги савдо шохобчаси), тўрт қаватли марказий шифохона, Каромат Рустамова номидаги мактаб биноси, ўнлаб маданий-маиший объектлар қурилиб фойдаланишга топширилганди. Биринчи Президентимизнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши туфайли амалга оширилган ана шу хайрли ишлар бугун Китоб тумани тарихининг бир қисмига айланиб қолди.
Китоб тумани раҳбари сифатида иш бошлаганимнинг биринчи йили якунлари бўйича қувонарли кўрсаткичларга эришилди. 1987 йилда китобликлар давлатга 60 минг тонна сабзавот, 60 минг тонна ўзум, 70 минг тоннадан ортиқ турли мевалар етиштириб берди. 16 октябрь куни 26 минг тонналик пахта хирмони бунёд этилиб, режа вилоятда биринчи бўлиб уддаланди. Ўшанда Ислом Абдуғаниевич мени телефон орқали самимий табриклаб, Китоб тумани аҳолисига ўзининг миннатдорчилигини билдирганди.
Мен туман раҳбари этиб тасдиқланганимда жамоа ширкат хўжалиги раиси, кўп тармоқли йирик қурилиш ташкилоти бошлиғи, Республика вазирлигида раҳбар лавозимларда ишлаб, яхшигина тажриба орттирган эдим. Лекин ўшанда туман раҳбари учун бу тажриба камлик қилишини чуқур ҳис этгандим. Чунки туман раҳбари шу ҳудуддаги ижтимоий маънавий вазият, йирик жамоалардан тортиб, оилаларнинг, ҳар бир фуқаронинг тинчлиги, осойишталиги, ободончилик, барча соҳалар бўйича кўрсаткичларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб берадиган раҳбардир.
Ислом Каримовнинг “Китоб кўп миллатли ҳудуд, бу районнинг мураккаблиги шунда, бу масалага алоҳида эътибор бериш лозим”, деган ўгити бу ердаги уч йиллик раҳбарлик давримда ҳамиша ёдимда турди. Ўшанда Китоб туманида қрим татарлари, месхети турклари, руслар, тожиклар, татарлар ва бошқа миллат вакиллари истиқомат қилишарди. Уларнинг барчасига раҳбариятнинг бир хил адолатли муносабатини таъминлаш, уларнинг тилига, динига, урф-одатларига, қадриятларига ҳурмат билан қараш муҳитини барқарор сақлаш лозим эди.
Мен ана шу йилларда Ислом Абдуғаниевичнинг ниҳоятда узоқни кўра оладиган, катта миқёсдаги раҳбар сифатида кашф қилгандим. Бугунги кунда ҳам турли миллат ва элатларга мансуб ана шу инсонлар ва уларнинг фарзандлари ўзбеклар билан аҳил, иноқ яшаб, меҳнат қилиб, Китоб туманининг порлоқ эртасини барпо этаяптилар.
Комил Амиров