ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ислом Каримов – миллий армия ва барқарор тараққиёт асосчиси


14.01.2019

Давлат ва жамият ҳаётида унинг фаровонлигини таъминлашда асосий масала  тинчлик ва осойишталик муҳим аҳамият касб этади. Дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган урушлар, ҳарбий қарама – қаршилик ва можаролар, терроризм хуружлари халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид солаётгани ҳеч кимга сир эмас.

 

Зеро, тинч бўлган мамлакатда одамлар халқ, бахтли кун кечиради, жамиятда барқарорлик ҳукм суриб, хорижий мамлакатлар билан  турфа алоқаларни йўлга қўйиш имконияти яратилади.  Ҳар куни эрталаб ишонч билан фарзандларимизни боғча-ю мактабга кузатамиз, ишга келамиз, яхши кайфият, хурсандчилик билан уйга қайтамиз. Тинчлик ва осойишталик туфайли  қишлоғимиз, маҳаллаларимизда тўю тантана ёки шоду-хуррамчилик. Ҳаётимиздаги бу бахтли  онларнинг бош мезони  тинчлик ва осойишталик, хотиржамликдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ислом дини, Қуръони карим асосларига йўғрилган  тинчлик  ва осойишталик халқимизнинг буюк қадрияти ҳисобланади. Шу боис, тинчлик ва барқарорликнинг жамият ривожидаги ўрни, кишиларнинг ҳаёти учун аҳамияти қадим замонларданоқ англаб етилган. Худди шунингдек «Авесто», «Таврот», «Инжил», «Веда»ларда инсоннинг маънавий юксалишининг муҳим омили сифатида тинчлик ва барқарорлик ҳам эътироф этилган. Жумладан, тинчликнинг қадр-қимматига оида қарашлар  шарқ халқларининг буюк маънавий мероси “Авесто”даёқ ўз ифодасини топган. Авестода инсонларнинг билим ва донолик, ақл-фаросат, хайри-саховат ва фаровонлик, тинчлик ҳамда барқарорлик, зулм, адоват, низоларни одилона ҳал этишлари асосий бурчлари эканлиги уқтирилган.  Шунингдек, Тавротда ҳам ҳар бир инсоннинг тинчликни ўз орзу-интилиши, мақсад-муддаоси рўёбга чиқишининг шарти деб яшаши талаб этилади. Шунинг учун ҳам унда “Абадий тинчлик аҳди - «Ва улар билан тинчлик аҳдини тузаман, абадий аҳд улар билан бўлади»  деб ёзиб қуйилган.

Чунончи, Афлотуннинг фалсафий таълимотида тинчлик фаровонлик гарови эканлиги алоҳида қайд этилади. Шунингдек, файласуф тинчлик инсон руҳияти ва субстацияси (жавҳари)нинг асосини ташкил этишини алоҳида таъкидлаб ўтади.  Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” номли асарида қайд этишича, айнан Афлотун “Агар қонун жанг қилишни буюрса, демак бу уруш учун эмас, тинчлик учун қилинади”  деб ёзади. Афлотун ўзининг бу фикри билан инсоннинг хавфсиз яшаши учун биргина фаровонликнинг ўзи етишмаслигини асосламоқчи бўлади. Афлотуннинг шогирди Арастунинг ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий қарашлари марказида ҳам тинчликпарварлик ғояси устувор аҳамият касб этган. Унинг  фикрича ҳар бир билимли инсон бешта асосий масала бўйича ўз фикрини билдира олиши керак. Булар молиявий аҳвол, уруш ва тинчлик, ватан ҳимояси, маҳсулотларни олиб келиш ва чиқариш, қонунчилик. Табиийки,ушбу аҳамиятга  молик масала Ғарб ва Шарқ  алломаларининг диққат марказида бўлган.

Тарихнинг шаҳодат беришича дунёда шу кунгача катта ва кичик урушлар бўлган. Охирги икки жаҳон уруши 100 миллонлаб  кишиларнинг ҳаётига зомин бўлди. Урушни кўрган кишилар унинг нақадар даҳшатли ҳол инсонларнинг ҳаётига, барқарор тараққиётга кушанда эканлигага ишонч ҳосил қилган кексалар доимо қўлларини дуога қўл очганда ҳалқимизга тинчлик омонлик тилайдилар.

Истиқлол туфайли тинчлик ва осойишталик, қўшни мамлакатлар билан тинч-тотув яшаш тамойили масаласи биринчи ўринга чиқди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг  саъй ҳаракатлари билан Мудофаа тизими шакллантирилиб, замонавий талаблар асосида унинг ташкилий ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. 1991 йилнинг 6 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг фармонига биноан Мудофаа ишлари бўйича вазирлик ташкил этилди, кейинчалик Мудофаа вазирлигига айлантирилди. Қуролли Кучларимизнинг мақсад ва вазифалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида(125-модда) аниқ қилиб белгилаб берилди. 1992 йил 24 мартда Миллий хавфсизлик хизмати ҳузурида Чегара қўшинлари бошқармаси ташкил этилди ва мамлакатимиз ҳудудидаги чегара қўшинлари бўлинмалари унинг тасарруфига ўтказилди. 1992 йил 18 майдан эътиборан эса ҳаво десанти қўшинлари, ҳарбий транспорт авиацияси, разведка қўшинлари, таъминот қисмлари, 12 ноябрдан ҳаво ҳужумига қарши ҳарбий қисмлар, 13 ноябрдан эса кимёвий ҳарбий қисмлар давлатимиз тасарруфига олинди. Бу ишлар 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги тарихий қонуннинг 6-моддасига биноан давлатимиз, халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида, ўз Қуролли Кучларини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлгани ва бу ҳуқуқни амалга ошира бошлаганидан далолат берар эди.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади. Қуролли Кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун билан белгиланади”. Табиийки, ўзбек оиласида ўғил фарзанд туғилса катта хурсандчилик, тўю-томошага айланган. Ўғил фарзандга авваламбор эл-юрт таянчи, Ватан ҳимоячиси деб қарашган ва бу анъана ҳозирга қадар сақланиб келмоқда. Айнан мана шу миллий менталитет Конституциямизда ҳам ўз ифодасини топган. “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар” (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 52-модда).

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимиз Қуролли Кучлари тарихида 1992 йил алоҳида аҳамиятга эга. Шу йил 3-июлда мамлакатимиз парламенти “Мудофаа тўғрисида”, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”, “Муқобил хизмат тўғрисида”ги қонунларни “Ҳарбий қасамёд” матнини қабул қилди. 1992 йил 14 январь куни мамлакатимиз ҳудудидаги барча Қуролли Кучларни Ўзбекистон юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу қарорга биноан мамлакатимиз ҳудудида жойлашган собиқ иттифоқ Қуролли Кучларининг барча қисмлари, ҳарбий ўқув юртлари, муассасалар ва ташкилотлар, Ўзбекистон Республикаси тасарруфига олинди.

Қуролли Кучларнинг мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, халқимизнинг тинчлиги ҳамда бунёдкорлик меҳнатини ҳимоялаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини инобатга олиб Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрдаги қонунига биноан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди. 1995 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи чақириқ учинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси ҳарбий Доктринасини қабул қилиш билан якунланди.

Ҳарбий Доктринага асосан  ҳарбий қурилишнинг асоси, ҳарбий соҳани ислоҳ қилиш ва ҳарбий техник сиёсатнинг истиқболларини ишлаб чиқариш ҳамда ҳарбий билим, ҳарбий санъат ва офицер кадрларни тайёрлашни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Олдига қўйилган вазифаларига кўра мамлакат ҳарбий Доктринасининг мазмуни ва статегияси аниқланди. У ўз ичига умумий қоидалар, сиёсий ва ҳарбий-ташкилий аспектлар ҳамда ҳарбий Доктринанинг ҳуқуқий асосларини олади. Ҳарбий Доктринада давлатнинг ўз фуқароларини ҳаёти ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, мудофаа қилиш ҳуқуқини амалга ошириш бўйича асосий мақсад ва вазифалари аниқ тавсифлаб берилган.

2008 йил 20 ноябрда “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4054-сон Фармони қабул қилинди. Фармонга кўра фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташ муддати 12 ой қилиб белгиланди. Фуқаролар энди танлов асосида муддатли ҳарбий хизматга олинмоқда. Чақирув комиссиялари ишида ошкоралик ва ёшларга жамоа олдида ҳарбий хизматга боришга тавсия бериш анъанаси юзага келмоқда. Улар, яъни комиссиялар таркибида маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари билан бирга, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармаларининг вакиллари ҳам бор. Улар ҳарбийга ёшларни кузатишда жамоатчилик назоратини ўрнатмоқдалар ва энг муносиб ёшларни Ватан ҳимоясига юборишни таъминламоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов “Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 19 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги”да таъкидлаб ўтганидек, ўтган давр мобайнида амалга оширган, ўзининг кўлами ва моҳиятига кўра ғоят улкан ва ноёб, том маънода тарихий ишларимиз натижасида бугунги кунда Ўзбекистон замонавий, ихчам ва ҳаракатчан, яхши тайёрланган, мамлакатимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир ўз миллий армиясига эга бўлди, деб айтиш учун барча асосларимиз бор.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти  ва Олий Бош Қўмондон И.Каримов раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз Қуролли Кучлари дунёда мудофаа салоҳияти борасида кучлилардан бирига айланди; нафақат Марказий Осиёнинг аҳолиси энг зич давлатида, балки бутун минтақада тинчлик ва барқарорликни  таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Ҳозирда ҳарбий салоҳият бўйича бутунжаҳон индексида (Global Firepower Index) Ўзбекистон Қуролли Кучлари 128 мамлакат орасида 39- ўринни эгаллаб турибди. Собиқ совети давлатлари орасида эса мамлакатимиз Қуролли Кучлари ҳарбий салоҳият бўйича Россия ва Украинадан кейин учинчи ўринда қайд этилган.

Миллий армиямиз  салоҳиятини мудом ошириб бориш, уни замонавий талаблар ва халқаро андозалар  асосида такомиллаштириб бориш долзарб стратегик вазифа сифатида қаралиб келинмоқда. Зеро, дунёда кечаётган жараёнлар, “араб баҳори”,  ИШИДги олиб борилаётган террористик ва экстремистик ҳаракатлар биздан сиёсий ҳушёрликни  мудом талаб этади. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида  мамлакат мудофаа тизими, унинг ҳарбий –жанговар ҳолати ва аскар ва офицерларнинг  маънавий руҳий тайёргарлик даражаси билан боғлиқ жиҳатлар атрофлича таҳлил қилиниб, бугунги кун талаби, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳамда ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг самарасини ошириш мақсадида  янгидан қабул қилинаётган  Мудофаа доктринаси  муҳим аҳамият касб этишига урғу қаратилди. Аслида, Ҳарбий салоҳиятимиз Марказий Осиё давлатларидан орқада эмаслигини  таъкидлаган ҳолда айтиш лозимки, сиёсий ҳушёрликни қўлдан бермай давр билан ҳамнафас бўлиш, глобаллашув жараёнларида у ёки бу таҳдидларни бизга алоқаси йўқ дея олмаймиз. Холбуки, “Дунё миқёсида халқаро терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар, миллий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш энг устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда”-деб таъкидлади Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригида.

Ҳар бир соҳанинг бугуни ва эртанги куни кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқдир. Шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам Ўзбекистонда ўз армияси учун зарур кадрларни тайёрлашда кенг имкониятлар мавжуд. Бугунги кунда Қуролли Кучлар академиясида 7 та, Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларида 20 дан ошиқ йўналиш ва мутахассислик бўйича юқори малакали офицер кадрлар тайёрланмоқда.

Мустақиллик шароитида, чунончи Ҳаракат стратегиясининг бешинчи йўналиши билан уйғун ҳолда  тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг ўзига хос маънавий-маданий асослари ва юксак қадриятлари мавжуд бўлиб, улар бир қатор омиллар билан белгиланади:

Биринчидан, ёшларимиз халқимиз учун муқаддас бўлган  маънавий қадриятлар  ва миллий анъаналарга содиқлик, хусусан, Амир Темур, Мангуберди каби қаҳрамонларимизга хос ўзларида Ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш;

Иккинчидан, “Шу азиз ватан барчамизники” тамойили  асосида миллий ғурур  ва дахлдорлик  ҳисси билан яшаш;

Учинчидан, Мард ўғлон  сифатида  ўзининг ҳаётий мўлжаллари. куч ва билимини  истиқлолни  мустаҳкамлашга, мамлакат куч –қудратини  ошириш йўлида сафарбар этиш;

Тўртинчидан, огоҳликни бой бермай мудом сергак бўлиш “Ўз уйингни ўзинг асра” тамойилига амал қилиш;

Бешинчидан, юксак интеллектуал салоҳият, замонавий техника, инновацион жараёнларни кундалик таомилига айлантириб, мамлакат барқарорлигига хизмат қилдириш фазилатларини шакллантириш лозим.

Умуман олганда, жонажон ватанимизни қанчалар севсак, шунчалар унинг тинчлиги, куч-қудратини ошириш йўлида муштарак мақсад сари ҳаракат қилишимиз инсонийлик бурчимиз ва фуқаровий масъулиятмиз ва дахлдорлик ҳиссидир.

 

Ваҳоб Қўчқоров, сиёсий фанлар доктори,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг

Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги

илмий- маърифий ёдгорлик мажмуаси маркази мудири