ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ИСЛОМ КАРИМОВ ҲАЁТИ ВА СИЁСИЙ ФАОЛИЯТИГА НАЗАР


02.02.2026

“Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримов

замонамизнинг етук сиёсатчиси, дунёда ва турли минтақаларда

юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини

давлатчилик нуқтаи назаридан кўра оладиган,

ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг

тақдири учун улкан масъулият туйғусини теран ҳис этадиган

атоқли раҳбар эканини ҳар томонлама тасдиқлади”.

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон мустақиллиги даври ва энг янги тарихининг чорак асри йирик давлат арбоби ва сиёсий етакчи Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан боғлиқ. У юрт тинчлиги, жамиятнинг ижтимоий- иқтисодий ривожланиши, маънавий тикланишига катта ҳисса қўшди. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади. Кўплаб халқаро ташкилотларга аъзо бўлди, дунёнинг ривожланган давлатлари билан кўп томонлама тенг ҳуқуқли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Бироқ мустақил давлат ва янги жамиятни қуриш осон кечмади.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон бозор иқтисодиётига асосланган демократик фуқаролик жамияти қуриш йўлидан борди. Мамлакатда миллий мудофаа тизими янгидан шаклланди, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик, ҳамжиятлик муҳити яратилди.  

Айрим тадқиқотчилар Ислом Каримов ва унинг сиёсий фаолиятини бошқа давлат лидерлари билан қиёслашади. Албатта бундай хулоса унинг характери, давлат ва жамият олдидаги хизматлари, жаҳон ҳамжамиятига таъсири нуқтаи назаридан келиб чиқади. Ислом Каримов ўтиш даврида барча масъулият ва қийинчиликларни ўз зиммасига олган ҳолда халқ ва миллат хоҳиш-иродасини кўтариб чиқади. Бунда нафақат унинг, балки, бутун бир миллатнинг ҳаёт-мамот масаласи ҳам туради. Ана шундай тақдир – Ўзбекистонни давлат мустақиллигига олиб чиқиш ва уни тараққий эттириш Ислом Абдуғаниевич Каримов зиммасига тушди.

Ислом Каримовнинг ҳокимият тепасига келган дастлабки йиллар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, турли зиддиятлар авж олган, мамлакатда миллатлараро ва фуқаролар ўртасидаги уруш хавфи юзага келиб, иқтисодиёт оғир аҳволга тушиб қолган, мухтасар қилиб айтганда, эски тузумнинг умри тугаб, янги замон бошланаётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевичнинг Ўзбекистон раҳбари этиб сайланиши Яратганнинг халқимизга бебаҳо марҳамати бўлган эди”, деб фикр билдирган.

Ислом Каримов бутун умрини мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва ривожлантириш, фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллигини юксалтириш, халқаро ҳамжамият билан тенг ҳуқуқли алоқаларни олиб бориш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, замонавий фикрлайдиган ёшларни тарбиялаш асосида барқарор ривожланиб бораётган демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишга сарф этди.

Мустақиллик арафасида Ўзбекистонда қизғин ижтимоий-сиёсий ва маданий жараёнлар юз бераётган эди. Қайта қуриш даврида бошланган ижтимоий фаоллик туфайли аҳоли турмуш шароитининг пастлиги, пахта яккаҳокимлиги, ижтимоий ҳимоялашдаги камчиликлар, халқ хўжалигидаги турғунлик, Орол муаммоси, қишлоқ хўжалигининг инқирози, экологик танглик, аҳолини ер ва уй-жой билан таъминлаш, ишсизлик каби жамиятда тўпланиб қолган ижтимоий муаммолар мавжуд эди. Шунингдек, фан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларининг ислоҳотга муҳтожлиги маълум бўлди, адабиёт ва санъатда миллий тил ва мустақиллик масалалари илгари сурилди.

Бироқ мустақил давлат ва янги жамиятни қуриш осон кечмади. Турли соҳаларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар мустақилликнинг дастлабки йилларида жуда кескин намоён бўлди ва бугун ўтиш даври деб номланаётган ҳолатни вужудга келтирди. Ўзбекистонда ўтиш даври қийинчиликлари ва муаммоларини босқичма-босқич, тадрижий босиб ўтишга қаратилган бир қатор дастурлар ишлаб чиқилди.

Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” Ўзбекистон давлатини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлигини таъминлаш, давлатнинг бош ислоҳотчи сифатидаги ролини кучайтириш, барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш, маданий ва маънавий янгиланиш жараёнларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йилнинг 30 январида Самарқанд шаҳрида оддий хизматчи оиласида таваллуд топди.

Унинг болалиги уруш ва урушдан кейинги йилларга тўғри келди. Ислом Каримов 1945 йилда Самарқанддаги А.С.Пушкин номидаги 21-мактабга ўқишга кириб, уни олтин медаль билан тамомлади. Ўқувчилик йиллари мобайнида кўп адабиётларни, айниқса, тарих бўйича адабиётларни ўқиди. У аниқ фанларни ёқтирарди, шахматга, моделлаштириш ва стол теннисига қизиқарди.

1955 йилда Ислом Абдуғаниевич Ўрта Осиё политехника институтига ўқишга кирди. 1960 йилда уни тамомлаб ва “муҳандис-механик” мутахассислиги бўйича диплом олиб, “Тошсельмаш” заводида ўз меҳнат фаолиятини бошлади ва қисқа давр ичида уста ёрдамчиси, уста ва технолог каби лавозимларда ишлашга улгурди.

Ўзининг интилувчанлиги, билимдонлиги ва ташкилий фазилатлари туфайли 1961 йилда у собиқ Совет Иттифоқининг ҳарбий-саноат мажмуасининг йирик корхоналаридан бирида – Тошкент авиация заводида муҳандис лавозимига тайинланди. Бу ерда у 1966 йилгача ишлаб, етакчи муҳандис-конструктор лавозимигача кўтарилди.

У ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олди. Айнан шу тарзда 1967 йилда у Тошкент халқ хўжалиги институтининг кечки бўлимини тамомлади.

1973 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтида “Ўзбекистон ССР саноатининг тармоқ тузилиши ва уни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1975 йилда Москвада нуфузли Халқ хўжалиги бошқаруви институтида иқтисодий-математик усуллар ва ҳисоблаш техникасини қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш ва режалаштиришни бошқариш, ташкил қилиш замонавий усуллари соҳаси бўйича таҳсил олди.

1994 йилда унга иқтисод фанлари доктори илмий даражаси, “макроиқтисодиёт” ихтисослиги бўйича профессор илмий унвони берилди. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг “иқтисодиёт” ихтисослиги бўйича ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

1966 йилдан эътиборан Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон Давлат режа қўмитасига ўтиб, фан бўлими бош мутахассиси лавозимидан Давлат режа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача йўлни босиб ўтди, жиддий ва ўзига хос фикрлайдиган истеъдодли иқтисодчи обрўсига эришди.

1983 йилда Молия вазири, 1986 йилда Министрлар Кенгаши раисининг ўринбосари – Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси раиси бўлди.

1986 йилда ЎзССР Давлат режа қўмитаси раиси бўлган Ислом Абдуғаниевич вазиятни чуқур ўрганганидан кейин республика иқтисодий талофат олдида турганини англади. У вазиятни тушунган ва уни яхши томонга ўзгартишни хоҳлаган ҳолда Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасига “Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланиши муаммолари ва истиқболлари ҳақида”ги маълумотнома тайёрлади. Бу маълумотномада Ўзбекистон ССРдаги  ижтимоий иқтисодий оғир вазият атрофлича таҳлил қилиб берилган эди. Бу таҳлил ўша пайтдаги баъзи масъулларга ёқмади. Шундан сўнг Ислом Каримов республикадаги энг оғир ҳудудлардан бири бўлган Қашқадарёга раҳбар этиб тайинланган.

У Қашқадарёда қарийб уч йил ишлади. Унинг бош мақсади халқнинг ишончини қозониш, ҳокимиятга нисбатан муносабатини ўзгартириш, вилоятда одамларнинг аҳволини яхшилашдан иборат эди. Ва у буни уддалади. Пахта етиштириш 330 минг тоннадан 550 минг тоннага кўпайтирилган. Қарийб 300 км йўллар, бозорлар, ижтимоий-маданий объектлар қурилди. Шунингдек, ўша вақтларда унинг саъйи ҳаракатлари билан Қашқадарё вилоятини Бухоро вилоятига қўшиб юборишнинг олди олинди. Ҳозиргача вилоятда одамлар Ислом Абдуғаниевич Каримов ишлаган кунларни мамнуният билан эслайдилар.

Ислом Каримов Қашқадарёда фаолият бошлагани тўғрисида “1987 йил бошларида, бу ерда ишлай бошлаганимда ҳали хеч қандай тажрибам йўқ эди. Шунда мен одамлар билан маслаҳатлашиш, халқ фикри билан ҳисоблашишдек ягона йўлни танладим” деб хотирлаган.

Ўша йилларнинг ўзида унинг Ватан олдидаги хизматлари “Меҳнат Қизил Байроқ” (1981) ва “Халқлар дўстлиги” (1988) орденлари билан тақдирланганди.

1989 йил 23 июнь куни И.А.Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб сайланди ва ўша вақтда фожеали воқеалар рўй берган паллада Ўзбекистон бошқарувини ўз зиммасига олди.

Ислом Абдуғаниевич юксак лавозимга келган вазиятни тўлақонли ҳис қилиш учун унинг ўз сўзларига мурожаат қилайлик: “Совет коммунистик тизими ҳали-ҳамон ҳукмрон бўлган 1989 йилни эслайлик. Майнинг охири - июнь ойининг бошида “Фарғона воқеалари” деб ном олган мудҳиш воқеалар юз берди. Улар бутун собиқ Иттифоқни ҳайратга солди ва нафақат Ўзбекистондаги, балки бутун Ўрта Осиёдаги вазиятни портлатиб юбориши мумкин эди”.

Ислом Каримов Фарғона фожеаларининг сабаби мамлакатда қийин ижтимоий иқтисодий ҳолат эканлигини англаб 1989 йил 17 август куни 700 минг оилага томорқа ер ажратиш ҳақидаги тарихий ҳужжатга имзо чекди. Ўлкамиздаги вазиятни чинакамига ўнглаш, юртдошларимизнинг ҳаётга қарашини, бугунги ва эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш учун аввало, уларнинг иқтисодий, моддий аҳволини яхшилаш заруратини чуқур англаган республикамиз раҳбари аҳоли учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган жуда катта бир масалани - одамларга  томорқа ер бериш масаласини кун тартибига қўяди.

Бу борадаги амалий ишлар натижасида 1989-1990 йилларда бир ярим миллиондан кўпроқ оилага қўшимча ер ажратилди, 700 минг оилага янги томорқа ерлари берилди.

Бугун тўла ишонч билан айтиш мумкинки, бу мураккаб масалага ана шундай оқилона ёндашув туфайли Ўзбекистон бўйича минг-минглаб одамлар уйли, ишли бўлди, бозорларда маҳсулот кўпайиб, нарх-наво арзонлашди, энг муҳими, ижтимоий кескинликнинг олдини олишга эришилди.

Эндиликда аниқлик билан айтиш мумкин: айнан Ислом Каримов миллатлараро зиддиятни тўхтатди, фуқаролар уруши оловини ўчирди, юз минглаб, балки миллионлаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолди, республикамизда ҳам, кўп миллатли аҳоли яшайдиган Марказий Осиё минтақасида ҳам тинчлик ва хотиржамликни таъминлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўша беқарорлик даврлари ҳақида “Биринчи Президентимизнинг стратегик тафаккур салоҳияти, мардона ҳаракатлари туфайли қисқа вақт ичида юртимизда ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлашди. Одамларни йиллар давомида қийнаб келган ўткир ижтимоий муаммолар босқичма-босққич ҳал этилди. Энг муҳими, сунъий равишда авж олдирилган низо ва адоватларга барҳам беришга эришилди ва Ўзбекистонда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила бўлиб яшаётган тинчлик ва дўстлик диёрига айланди” деб фикр билдирган эди.

Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари этиб сайланганидан кейинги кунидаёқ, яъни 1989 йил 24 июнда ҳукумат йиғилишида у қатъиян: “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деган фикрни илгари сурди, шунингдек, қадамба-қадам республикамизни ривожлантириш бўйича чуқур ўйланган ўз дастурини татбиқ этишга киришди.

1989 йил октябрида жуда узоқ вақт мобайнида иккинчи даражали ўринларда бўлган ўзбек тилига давлат тили мақомини берган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилингани мустақиллик сари ташланган дадил сиёсий қадам бўлди. Бу ўзбек халқининг миллий онги юксалиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мустақилликни қўлга киритиш йўлида биринчи ғалаба эди.

1990 йил март ойида М.С.Горбачев ва унинг атрофидагиларни ҳайрон қолдириб, Ўзбекистон иттифоқдош республикалардан биринчи бўлиб Республика Президенти лавозимини жорий қилди. 1990 йил 24 март куни Олий Советнинг сессиясида И.А.Каримов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланди. Айнан ўша 24 мартда Ўзбекистон ССРнинг “Ўзбекистон ССР Президенти лавозимини таъсис этиш ҳамда Ўзбекистон ССР Конституцияси (Асосий Қонуни)га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

1990 йил 21 июнда Ўзбекистон ССР Олий Советининг иккинчи сессиясида “Мустақиллик тўғрисидаги декларация” қабул қилинди. Бу мустақиллик кураш борасидаги жасур ва ҳал қилувчи қадамлардан бўлиб, улар кўп миллионли халқимиз Москва марказидан айтилган коммунистик мафкуранинг босими остида бошқа яшашни истамаслигининг тасдиғи бўлди.

1991 йил 17-19 август кунлари Ўзбекистон ССР Президенти И.Каримовнинг Ҳиндистон Республикасига республика раҳбари сифатида илк мустақил расмий ташрифи бўлди. Ташриф доирасида иқтисодий, савдо ва илмий-техникавий ҳамда маданий, санъат, таълим, фан, туризм, спорт ва оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Ўзбекистон Президенти И.Каримовнинг 21 августда махсус Фармони қабул қилиниб, унда СССРда Фавқулодда ҳолат Давлат Комитетининг СССР Конституцияси ҳамда қонунларига зид келадиган фармонлари ва қарорлари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланди. 

Шундан сўнг Ислом Каримов томонидан кетма-кет мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим бўлган фармон ва Қарорлар имзоланди. Жумладан, ЎзССР Президенти томонидан имзоланган қўйидаги фармон мустақиллик томон қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди: 1991 йил 29 августда  КПССнинг Ўзбекистон ССР  ҳудудидаги мулки тўғрисида фармони имзоланди. Унда Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг Ўзбекистон ССР ҳудудидаги бутун мулки республика мулки, яъни умумхалқ мулки деб эълон қилинди. Бу каби муҳим фармон ва қарорлар уларнинг мазмун моҳияти Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилиш йўлида ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий асос бўлиб хизмат қилди.

Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти

1991 йил 31 августда 12 чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида И.А.Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. Ўша куннинг ўзида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди.

Мамлакатдаги ички сиёсий вазият мураккаблигига қарамай, Ислом Каримов фикрлар хилма-хиллигини ва демократик қадриятларга садоқатни намоён қилган ҳолда дадил қадам қўйишга – кўп партиявийлик ва муқобиллик асосида сайлов ўтказишга қарор қилди.

Сайлов 1991 йил 29 декабрда умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди. Мутлақ кўпчилик овоз билан ушбу юксак лавозимга Ислом Абдуғаниевич Каримов сайланди. Унга сайловчиларнинг 86 фоизи овоз берди.

1992 йилнинг 4 январь куни Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдан ташқари IX сессиясида Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида қасамёд қабул қилди ва лавозимини бажаришга  киришиш тантанали маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, Озорбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Молдова Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Украина давлат мустақиллигини тан олди.

Президент сайлови билан бир вақтда Ўзбекистон мустақиллиги масаласи бўйича референдум ўтказилди. Овоз беришга келган деярли барча фуқаролар мустақил суверен Ўзбекистон учун фикр билдирдилар. Сайловдаги ғалабаси билан Ислом Каримов ўзининг бутун халқ томонидан қўллаб-қувватланган сиёсати қонунийлигини тасдиқлади. Президент лавозимидаги ваколатлари ҳаққонийлигининг бундай тасдиғи, шубҳасиз, Ислом Каримовга мустақилликни мустаҳкамлаш ҳамда орзиқиб кутилган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича олиб бораётган ишлар тўғрилигига ишончни янада мустаҳкамлади.

Тарихан қисқа даврда мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг асосий тамойиллари аниқ таърифланган Асосий қонун – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ишлаб чиқилиб қабул қилинди. Ислом Абдуғаниевич унинг устида ишлашда бевосита қатнашиб, Ўзбекистон Республикаси Асосий қонуни устида ишлашда АҚШ, ГФР, Япония, Канада, Франция, Португалия, Италия, Швеция, Туркия, Испания, Ҳиндистон, Покистон, Миср каби мамлакатларнинг конституцияларини батафсил ўрганиб чиқди.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Олий Кенгаши ушбу тарихий ҳужжатни қабул қилди. Янги Конституция фуқароларни ва давлатни ҳуқуқ ва мажбуриятлар орқали ўзаро боғлаб туради. Шу маънода ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча принципиал қоидаларини, яъни ҳаёт, шахс ва инсон эркинлининг дахлсизлиги қоидасини ўзида мужассам этган.

Мутлақо янги асосда ва қисқа муддатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва миллий хавфсизлик органлари тизими шаклланди, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлик қилган Қуролли кучларимиз тузилди.

Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот ва миллий хавфсизлик органлари ислоҳ қилинди. Шундай қилиб, ҳозирги кунда ҳам мамлакатимиз суверенитети, конституциявий тузилиши, ҳудудий яхлитлиги ва жамоат тартибининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган тизим яратилди.

Ислом Каримов суд ҳокимияти тизимини шакллантиришга ва мустаҳкамлашга, унинг демократлашуви ва либераллашувига, суднинг мустақиллиги, холислиги ва одиллигини таъминлашга катта эътибор қаратди. Судларнинг ихтисослашуви амалга оширилди, кассация институти ислоҳ қилинди, ишларни қайта кўриб чиқиш апелляция тартиби жорий қилинди, суд муҳокамасининг барча босқичларида томонларнинг тенглиги таъминланди.

Ўзбекистон халқи ҳаётида маҳалла сингари ноёб, асрлар давомида вужудга келган ўзини ўзи бошқариш жамоат институти улкан аҳамиятга эга. Мустақиллик йилларида маҳалла ҳаёти билан боғлиқ яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, меҳрибонлик, ёрдамга муҳтож кишилар ҳақида ғамхўрлик қилиш каби анъаналар тикланди ва йилдан йилга такомиллашиб бормоқда.

Хулоса ўрнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўйидаги сўзларини келтирамиз “Замонавий Ўзбекистоннинг  тарихи – бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир. Ислом Абдуганиевичга хос бўлган букилмас ирода, фидойилик, мардлик ва ватанпарварлик, инсонийлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди”.

 Ҳамро Раҳмонов,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент