ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ибройим Юсупов ижодида Ислом Каримов образи


04.04.2018

28 март куни Ўзбек Миллий драма театрида “Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда 3-ўрин билан Қорақалпоқ Давлат университети магистранти Айимбетова Замира «Ислом Каримов сиймоси Иброхим Юсупов шеъриятида» номли инглиз тилида чоп этилган мақоласи учун тақдирланди.

––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––

И.Юсупов шеърятининг юракка яқинлиги, кўнгилга жолигининг сири шундаки, шоир ҳамма вақт халқнинг тилагидаги, юрагидаги энг эзгу туйғуларни, орзу-ниятларини ўткир пафос ва теран лиризм билан ўз шеърий қаторларида тасвирлаган. Шоир ўз шеърларида адабий қаҳрамонларини кўпгина ҳолатларда турмушдан, ўз давридан олади ва уларнинг такрорланмас образини яратишга интилади. Буни биз И.Юсупов  ижодида Ўзбекистон Реcпубликасининг Биринчи президенти И.А.Каримов образининг яратилганлигидан ҳам кўришимиз мумкин.

Биз ушбу мақоламизда шоир ижодида Ислом Каримов образининг яралиш ўзига хосликларини ёритишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Тадқиқот объекти сифатида шоирнинг “Президент” шеърини танлаб олдик. Зарурий ўринларда бошқа шеърлари илмий қиёсий типологик йўналишда таҳлил қилинди.

Шоирнинг “Президент” шеъри дастлаб “Миллий тикланиш” газетасида эълон қилинди ва кўпгина ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Кейинроқ шоирнинг “Ўмир саған ашиқпан”(1999) топламида нашр этилди. Шеърда шоир Ислом Каримов образининг яратилишида кўпгина троплар, шакллар, деталлар, рамзлар, фразеологизмлар, мақол, ҳикматли сўзлар, шунингдек афсонавий ва мифологик образлардан моҳирона фойдаланган. Масалан:

                                              Империя –етти бошли аждарҳо,

                                              Ўт пуркаб турса ҳам ҳайқимай бориб,

                                              Тенгсиз мардлик кўрсатдингиз Сиз шунда,

                                              Қафасдаги Ҳумо қушни қутқариб.

Шоир бу мисраларда “етти бошли аждарҳо”, “ҳумо қуши” каби афсонавий образлардан метафорларни яратишни моҳирона уддалаган. Яъни, бунда империя- олдинги советлар ҳукумати. Шоир эса буни ўт пуркаб турган аждарҳога ўхшатади. Қафасдаги ҳумо қуши эса - эркинлик тимсоли сифатида қўлланилган. Демак, муаллиф  бунда Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг, юртига эркинликни, мустақилликни олиб беришдаги забардастлиги, тенгсиз мардлигини ўз шахсий услубига хос метафоралар ёрдамида тасвирлайди.

Шеърнинг кейинги бандларига диққат қаратсак:

                                              Умид кутиб буюк келажагидан

                                              Халқ қувонди. Янграб шодлик нағмаси.

                                              Шарқ осмони бўйлаб кўк жиягидан

                                              Бош кўтарди мустақиллик қуёши. 

Юқоридаги бандда “Бош кўтарди мусатақиллик қуёши” қатори ўз маъносидан кўчма маънога кўчиб қўлланилган. Ўзбекистон советлар иттифоқидаги барча халқларнинг орасида биринчиларидан бўлиб мустақиллик эълон қилиб, ўз олдига мустақил мамлакат тиклашдаги тарихий ҳолатини “мустақиллик қуёши” метафораси орқали ифодалаган. Шеърда шоир лирик  қаҳрамонининг бутун халқнинг тақдирини ўз елкасига олиб, тўғри йўлдан бошлаб, эл карвонини ўзга йўлга оғдирмай олиб келаётганлигини, эл-халқ ундан рози эканлигини айтади, бу кишига янада катта куч-қувват тилаб қолади.

                                               Миқти эгнингизда олиб келасиз

                                               Халқ юкин. Розидир ҳар овул, ҳар кент.

                                               Катта обрў қозонасиз ҳали Сиз,

                                               Худо қувват берсин, жаноб Президент! 

Шеърнинг ушбу бандидаги  “Миқти эгнингизда олиб келасиз, Халқ юкин. Розидир ҳар овул, ҳар кент.” деган  қаторлари бизга  қадимги юнон адабиётидаги Эсхилнинг “Занжирланган Прометей” асаридаги  Прометей образини эсалатади. Бунда Прометей  совуқда совуқ қотиб тангликдаги инсон болаларини иситиш учун от ўғирлаб олиб келиб беради. Шунингдек, Прометей одамларга турли ҳунарлардан  сабоқ бериш орқали уларга бахтли турмуш ином  этади. Одамлар ер юзида тинч-тотув, фарован турмуш кечира бошлайди. Прометейнинг бу фазилатларидан ғазабланган Зевс уни узоқ даврлар давомида тоққа занжир билан боғлаб қўяди. Лекин у сира  афсусланмайди. Ўзини инсониятнинг бахти учун фидо қилади.Ўз ўрнида унинг фидокорлиги ҳам жавобсиз қолмайди. Бу занжирбандликдан уни одам боласи-Геракл қутқаради.     

Юқоридаги шеърнинг дастлабки бандларида сўз юритилган ўт пуркаётган аждарҳога қарши бориб, қафасдаги ҳумо қушни қутқариш мотиви Прометейнинг Зевснинг қаҳридан ҳайиқмай, одамзотга ёрдам бериб, бутун инсониятни қутқариш мотивига ҳамоҳанг келади.  Шеърнинг ўзига хослиги ҳам шунда, шоир бунда Ислом Каримовнинг бадиий образини яратишда афсонавий ва мифологик образлардан моҳирона фойдаланиш билан бирга, унинг давлат бошқарувидаги асосий принципларини ҳам ўринли келтирган.

                                                  Келгуси авлодлар олгайлар ёдга

                                                  Тангрим доим нурли назарин солгай.

                                                  Сиз-у биздан шу эртанги авлодга

                                                  Озод ҳамда обод бир Ватан қолгай.   

Ҳақиқатдан ҳам, И.Каримов “Озод ва обод Ватан, эркин ва фарован турмуш қуриш” деган принципни асосий ўринга қўйди. Шаҳар-у қишлоқларни обод қилиб, фаровон турмушимизнинг асосини яратди. Шунингдек биз бу бандда “Ёдга олғай”, “Тангрим нурли назарин солгай”, “Озод ва обод ватан қолгай” деган мисраларда фольклор асарларидаги “дуо” жанрининг таъсирини пайқаш қийин эмас.

Шеърнинг бадиийлик даражаси жуда юқори. Шоир бу шеърни фақат ўз қалбини тўлқинлантирган ўйларгагина эмас, балки бутун халқ юрагида мавж уриб турган туйғуларга қурган. Шундан бўлса керак, И.А.Каримов бу шеърдан таъсирланиб шоирга қуйидаги жавоб хатини йўллайди:

 “… “ Миллий тикланиш” газетасида чоп этилган шеърингизнинг ҳар бир қаторида мавж уриб турган чин кўнгиллилик ва катта ҳурмат туйғусидан жуда таъсирландим…чин кўнгилдан ёзган шеърий қаторларингиз учун миннатдорлик билдириб, сизга соғлик-омонлик, умрингизга ва ижодингизга барака тилайман.

Ҳурмат билан,

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов.”         

Ҳурматли Биринчи Президентимизнинг бу хати шоирни яна ҳам жонлантириб, унга ижодий илҳом бағишлади. Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг юртимизда олиб борилётган сиёсатининг буюклиги ҳам шундаки, у ҳамма вақт биринчи ўринга “тинчлик” ва “тотувлик” деган тушунчаларни қўйди, бутун халқнинг онгига шундай ҳолис ғояни сингдирди. 

                                              Кўп халқлар аросат азобин чекар,

                                              Президентдан тортиб деҳқонга қадар,

                                              Уйқу ўгирловчи не? – десанг агар,

                                              “Тинчлик” ва “тотувлик” деган икки сўз.   

Шоирнинг 2004 йилги “Ҳар кимнин ўз замани бар” шеърлар тўпламига кирган “Икки сўз” шеъри ўзининг бадиий ғоявий йўналиши билан ҳам шоир шеъриятида И.Каримов образини теранроқ ёритишга хизмат қилади. Шоир бу мисраларда сўнги вақтларда дунё халқлари орасидаги юз бераётган урушлар, мураккаб ва кескин вазиятларни “аросат азоби” метафораси билан ифодалайди. Шунингдек шеърнинг биринчи қаторидаги “аросат”, “қадар” сўзлари араб, форс тилларининг сўзлари бўлиб, шеърнинг бадиий таъсирчанлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Биринчи Президентимизнинг “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” деб айтиши ҳам бекорга эмас эди. Шоир И.Юсупов бўлса бу адолатли сиёсатни ўз шеърий қаторларида қуйдагича ифодалайди:

                                             Ўтлар ёнса ёнсин ўчоқда гурлаб,

                                             Отлар  пойга  қилсин  совринга  терлаб,

                                             Ким қолин  илитса  уруш  отин  куфлаб,

                                             Қаргишга  учраб,   гирёна  болар.

                                             Ушлашса палвонлар ёқа ушлашсин,

                                             Ташлашса қўчқорлар калла ташлашсин,

                                             Урушса   хўрозларгина   урушсин,

                                             Одам урушган эрлар вайрона бўлар!      

Шеър одамлар орасида тинчлик ва тотувликни қадрлашга чақиради. Шеърда параллелизм усулидан моҳирона фойдаланилган. Яъни, ўчоқдаги ўт билан уруш ўтини, хўрозлар уруши билан одамлар орасидаги урушни бир-бирига параллел қўйиб тасвирлайди. Бундан ташқари шеърда “уруш оловини ёқиш”, “қарғишга учраш”, “вайрон бўлиш” сингари иборалар ҳам қўлланган. Булар ҳам ўз ўрнида шеърнинг бадиийлигини оширади, унинг ўқувчи учун эмоционал таъсирчанлигини кучайтиради.

Мустақилликнинг энг катта ютуғи – Ўзбекистон билан дунё халқлари дўстлигининг мустаҳкамланиши бўлди. Бу эса мустақил давлатимизнинг бош сиёсати эди. Шу сабабли ҳам атоқли шоир И.Юсупов халқимизнинг туғишган халқлар билан тотувлик, иноқлиқ ва дўстлик масаласини куйлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Масалан, “Туғишганлик” шеърида қуйдаги қаторларга эътибор берсак:

                                              Сувимни дарёдош этган,

                                              Элимни дўст-қардош этган,

                                              Туркманга нағмалаш этган

                                              «Ғардаши» кўб туғишганлик.

 

                                              Қозоқларга той сўйдирган,

                                              Қирғизларга қўй сўйдирган,

                                              Ўтов тикиб, бош қўйдирган-

                                              Ҳимматли сўз туғишганлик.

Шоир бу шеърида туркий тилли халқлар билан тубимиз бир туғишган эканимизни, уларнинг қувончи биз учун катта байрам, уларнинг қайғуси- биз учун оғир дард эканлигини куйлайди. Шеърда «ғардаш» сўзининг қўлланилиши ҳам ўзига маълум бир поетик вазифани юклайди. Агар «ғардаш» сўзининг ўрнига  ўзимизнинг  тубкиликли «оғайни» сўзини  қўлланганида шеърда бундай бадиий таъсирчанликка эришилмай қоларди. Бундан ташқари  миллий урф-одатларимиз бўлган “меҳмон кутиш” удумини “ўтов тикиб, бош қўйиш” метонимияси орқали ихчамлаштирган.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ И.Каримовнинг қорақалпоқ халқига кўрсатган ғамхўрлиги кўпчиликнинг ёдида. 1993 йили БМТнинг 48-сессиясида Орол муаммосини бутун дунё учун муаммо эканлигин, у ердаги халқларга ёрдам кераклигини биринчилардан бўлиб кўтариб чиққан эди. Мана шундай жонкуярлиги билан И.Каримов қорақалпоқ халқининг ҳам қалбидан чуқур ўрин олган. Шундан бўлса керак оқкўнгил халқимизнинг содда одамлари “Ислом Каримов қоралқалпоқ бўлса керак”- деб ҳам қувонган эди. Бунга ўзбек ва қорақалпоқ халқининг оға-инилик муносабатлар асос бўлиб, биз буни шоирнинг ушбу қаторларида кўришимизга бўлади.                            

                                             Ўзбекни ўз оғам этган,

                                             Улкан бахт инъом этган,

                                             Бир қозонда ош дамлаган

                                             Меҳри иссиқ тугишганлик.       

Шоир ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг оға-ини, туғишганлик муносабатларини биринчи мисолида ўзбек  халқини ўзининг оғасига ўхшатишида “оға” метафорасини берса, кейинги мисолдаги “бир қозонда ош дамлатиш”и бирдамликнинг рамзи сифатида олган. Ёки, шоирнинг

                                              «Оғам борда елкам томда» дегандек,

                                              Буюк Тошкент унинг ғамхўр оғаси  

-деган қаторларида халқ оғзаки ижоди намуналаридаги «Оғам борда елкам томда» мақоли орқали бу икки халқнинг туғишганлигини қорақалпоқ халқининг миллий характерига хос бўлган белгилар билан очиб берган.

Хулоса қилиб айтганда биз И.Каримовнинг Ўзбекистон халқларига қилган фидоийлиги, дунё халқларига кўрсатган туғишганлик-одамийлик хизматларини ва қорақалпоқ халқига бўлган оғалик ғамхўрлигини мангу улуғлаш зарур эканлигини тушунамиз. Шу сабабли ҳам буни ўз вақтида пайқаган И.Юсупов унга атаб “Президент” шеърини ёзган.

И.Каримовнинг узоқни кўзлайдиган, доно юртбоши бўлганлигининг яна бир кўринишини, унинг халқининг фақат бугунини эмас, балки  келажагини ўйлаб, ўзидан кейин ҳам элимизга одил ва доно, ишончли ва лойиқ инсонни тайёрлаб, халқнинг тақдирини ишончли қўлга топшириб кетганлигидан ҳам кўрса бўлади.

Ҳақиқатдан ҳам Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг давлатимизда Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг номини абадийлаштирш учун қилаётган ҳаракатлари ва у инсоннинг руҳига мангу эсдалик ўрнатиши у инсонга бўлган чексиз ҳурмат ва садоқатнинг тимсоли бўлди. Шунинг натижаси бўлса керак, муҳтарам юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев қисқа вақт ичидаёқ халқнинг чексиз ишонч ва меҳрига эришиб, халқнинг юрагидан теран жой эгаллаб улгурди.

Шунинг учун ҳам И.Юсупов:

                                             Сизни ким чиқарса баланд минбарга,

                                             Унинг ўрни бўлар ҳамиша тўрда.

                                              Ўзингиз   озодлик  истаган  элда,

                                             Мустақил Ватанинг ёд этар сизди. 

-деб келтиради. Якуний хулоса ўрнида айтганда, И.Юсупов шеъриятида И.А.Каримов образини яратишдаги ғоявий-мавзувий, бадиий эстетик ва эмоционал таъсирчанлик ўсиб келаётган ёш авлоднинг комил инсон бўлиб улғайишига хизмат қилади.                 

 

Айимбетова Замира

Қорақалпоқ Давлат университети магистранти