ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЭЛНИ БИРЛАШТИРГАН НАВРЎЗ


26.03.2024

ЭЛНИ  БИРЛАШТИРГАН  НАВРЎЗ

Ўтган аср 80-йиллар ўрталари. Қайта қуриш, ошкоралик ва демократия  баҳонаси билан биз – миллий журналистлар халқимиз бошига тушган, етилиб келаётган  муаммоларни дадил кўтариб чиқа бошлаган эдик. Юқоридагилар эса, қандай йўл тутишни билмай, бошлари айланиб қолган эди.

“Наврўз”ни “Навбаҳор” деб ўзгартириш керак, деган талабни қўйиб, сабабини ўзлари ҳам англамас эдилар. Баъзи маҳаллий олимлар Марказком котиби Раъно Абдуллаеванинг бошини қотириб, ислом динига алоқаси бўлмаса ҳам, “Наврўз”ни таъқиқлашди ва 1985 йилнинг март ойи охирги ҳафтасидан бошлаб, унинг ўрнига “Хотира куни” деб эълон қилдилар.

Бу партия деганлари ҳам қизиқ экан – вазиятга қараб минг турланади. Ўзи беҳурмат қилиб, ўзи қурбон қилиб, яна ўзи уларнинг номини улуғлайди. И.Усмонхўжаев жанобларининг эса парвойи фалак, бошқа томондан, катта “гирдоб” униям ютиб кетаётган эди. Ўзбекистон Министрлар совети раиси ўринбосари, Давлат план қўмитаси раиси Ислом Каримовнинг – вазиятни яхшилаш, иқтисод ва  тармоқлар ишини тўғри йўлга солиш режаларини катта раҳбар тушунмаса ҳам, уни тинглаётганида, ўз хатолари, республика ҳукуматининг бу соҳадаги камчиликлари очилиб кетаётганлигини  сезар эди. Шу боис уни Қашқадарё область партия комитетининг биринчи секретари  этиб, энг оғир аҳволда бўлган чекка ҳудудга жўнатиб юборишга тўғри келди.

“Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувини суратга олиш учун Қашқадарёга бордик. Аввал обком идорасига бориб, Ислом Абдуғаниевич Каримов билан учрашиб, сўнг бугунги режаларимизни белгилаб оладиган бўлдик. Суриштирсак, Ислом Абдуғаниевич аллақачон далага чиқиб кетган экан. Область пахтакорларининг тажриба алмашиш бўйича районлараро йиғилиши Нишон районида ўтказиларкан. Тўғри ўша ёққа бордик.

Нишон тумани марказига яқин жойлашган жамоа хўжалигининг дала шийпонига область қишлоқ хўжаликлари раҳбарлари, пахтакорлар, вилоят фахрийларидан иборат 500-600 чамаси одам йиғилган. Биз борган пайт мажлисга йиғилганлар, шийпон майдонидаги қатор терилган  стулларни бўш қолдириб, шошиб боғ томон юра бошлашди. У ерда меҳмонлар шарафига дастурхон ёзилган экан. Бундай анжуман пайтида ким меҳмон-у, ким мезбон – билиб бўлмайди. Мен машинадан тушиб, Ислом Абдуғаниевич қаерда ўтирибди, деб сўрамоқчи бўлиб, боғдаги ошхона томон шошиб кетаётганларга қараб юрдим.

Баъзилар икки уч киши бўлишиб, у ер-бу ерда кимнидир кутаётгандек, суҳбатлашиб турардилар. Бу салобатли  одамларнинг, каттаконларнинг қай биридан область раҳбари қаердалигини сўрасам экан, деб турибман. У кишини ўзим кўрган эмасман, бир оғиз мана бу одамлардан сўрасам, осмон узилиб ерга тушмас.

Уларнинг ичида, энг орқада қолган бир хушбичим киши томон юрдим. У ҳам мен томонга қараб  юриб кела бошлади. Шу одам оддийроқ кўринади, юзида самимийлик ва оддийлик бор. Этик кийиб олган, кулранг-костюм шим, оқ кўйлакда, аммо галстук тақмаган, бошида шляпаси ҳам йўқ, ҳа, шу одамдан бемалол обком қаердалар, деб сўрасам бўлади, деб кўнглимдан ўтказдим. Менга қараб юраркан, унинг ҳам юзига табассум югурди. Мен дадиллашиб, ёнига етиб бордим.

– Кечирасиз, менга Ислом Абдуғаниевич керак эдилар, у киши қаерда эканликларини билмоқчи эдим, – дедим мен.

– Мен ҳозир сизни учраштираман, қани марҳамат, – деб ҳалиги одам мени қўлтиқлаб, боғ томон етаклай бошлади, – аммо сизни яхши танийман. Кўрсатувларингизни мириқиб томоша қиламиз. “Взгляд” каби ҳаддидан оширмайсиз ҳам, меъёрида, яхши чиқасиз.

– Раҳмат, телевидение одамни машҳур қилиб юборар экан, – дедим мамнунлик билан. Иккаламиз катта бир мажлислар залига ўхшаган хонага кириб бордик. Ўтирганлар бизни кўриб, ўринларидан туришди, ҳатто баъзилар қарсак чалиб юборишди. Ўтиб борарканмиз, мендек оддий бир мухбирни шарафлаётган элимдан айланай, дея хаёлимдан ўтказиб, ичкарига, аниқроғи минбарга ўхшаган баландроқ супа томонга юрдик. Мухбир аҳлини ҳам анойи деманг, сезиб қолдимки, менинг ҳамроҳим – Қашқадарё область партия комитетининг биринчи секретари Ислом Абдуғаниевич Каримов эди.

– Сизлар бу йигитни танияпсизларми? – сўради у. Йиғилганлар “Танияпмиз, хуш келибсиз, “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” дея, назаримда, йўқотган нарсаларини топиб олгандек, чин кўнгилдан қутлашарди.

– Ҳурматли ўртоқлар! Бугун сизнинг ҳузурингизга Ўзбекистон  телевидениесининг энг яхши мухбири ташриф буюрди. Ўртоқ мухбир, бу анжуманда райкомлардан тортиб, илғор хўжаликларнинг раҳбарларигача бор. Улар – сизнинг ихтиёрингизда, барча саволларингизга жавоб беришади. Яхшилаб дўппосланг, – деди.

Мажлисга йиғилганлар қарсак чалиб юбордилар.

– Ассалому алайкум, азиз дўстлар! Қашқадарё воҳасининг азаматлари. Биз ижодий гуруҳнинг мақсади – саҳоватли ва меҳри қуёш халқимизнинг “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари”ни кўрсатишдан иборат. Қуёшли юрт одамларининг қалби ҳам қуёшдек ҳароратли бўларкан. Буни биз, мана шу тупроққа қадам қўйган  онларимиздан тасаввур қилдик...

Шундай дея, салом-алик, ўзаро танишув ва бир пиёла чойдан сўнг, биз Ислом Абдуғаниевич билан бирга боғ ўртасида ҳозирланган алоҳида жойга чиқдик.

– Режаларингиз қандай?

– Режам ҳам, томошабинлардан тушган хатлар асосида шу область ҳаётини ёритмоқчиман, – дедим мен.

– Яхши, – деди Ислом Абдуғаниевич, – Йиллар давомида юзага келган муаммоларни бирданига ечиб бўлмаслиги аниқ, областга келганимдан бери кўп ишларни тартибга солдик. Бу ернинг халқи меҳнаткаш, ўта бир сўзли, ориятли. Уларни бир мақсад сари бирлаштириб, пахтачиликда ҳам, ижтимоий  соҳада ҳам ижобий силжишларга эришдик. Тўғрисини айтсам, агар раҳбар ҳалол бўлмаса, унинг қўл остидагилар ҳам баттар бўлиб кетади, гапи  ўтмайди, одамлар унга ишонмайди. Мақсадим – қанча муаммолар бўлмасин, қанча қийинчилик бўлмасин,  Қашқадарёликларни ўз кучига ишонтириш орқали уни енгиш. Энг муҳими, кейинги йилларда одамларнинг руҳи тушиб кетганлигини ўзингиз яхши биласиз. Уларни келаётган янги кунга, янгиликларга ишонтириш муҳим, деб биламан.

– Ислом Абдуғаниевич, – деб юзландим, – “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви турли вилоятлардан тайёрланиб, ҳар бири маълум бир ахлоқий ва инсоний ҳис-туйғулар асосига қурилади. Қашқадарё ҳақидаги  лавҳаларимни – сиз ўртага ташлаган – “умид” тушунчаси билан бир мақсадга йўналтиришни кўзлаб қолдим.

– Бу энди сизнинг ижодий ёндашувингиз масаласи, – деди Ислом Абдуғаниевич. – аммо сиз журналистларга ҳам ҳайронман. Дунёда  йўқ гапларни айтасизлар-у, бугунги кунда одамларни ташвишга солаётган муаммоларни  кўрмайсизлар. Мана сиз, мард бўлиб, ҳозирги кунларда ҳам халқимиз ҳақиқий қатағонга дуч бўлганини очиб ташлай оласизми? “Пахта иши” дегани бу – кўриниб турган адолатсизлик, қатағон эмасми?  Миллионлаб пахтакорларимиз эрта баҳордан то қишгача, аниқроғи йил бўйи лой чангаллаб  меҳнат қилсалар-у, кейин унинг фойдасини кўрувчилар, ана шу меҳнаткаш ва заҳматкаш одамларнинг юзига қора суртсалар, хўрласалар, қамасалар.  “Холвани ҳоким, калтакни етим ейди”, деган мақолни халқимиз бекорга чиқармаган. Мард бўлиб, шулар ҳақида гапиринглар! Шуларни кўрсата оласизми?

– Ҳа, кўрсата оламан, менга аниқ маълумотлар керак!

– Яхши, мана бир неча кун олдин, ана шундай жабр ва зулм чеккан одамлардан бир гуруҳини озод қилдик.

– Ислом Абдуғаниевич, – дедим мен унинг диққатини ўзимга тортиб, менинг ҳам сизга бир илтимосим бор. Бу кўрсатувда ҳеч қачон катта раҳбарлар қатнашмаган. Агар ўзингиз қатнашсангиз, нур устига нур бўларди. Ахир, сиз ҳозиргина  айтган масала, “пахта иши” масаласини мен айтганим бошқа. Ҳозир мухбирлар хаёлига келган нарсани гапираверади, дея, таъсири бўлмаслиги мумкин. Сиз гапирсангиз, бу воқеа бўлади, бу ҳақиқий аниқ гап, иш, чора бўлади.

– Яхши, аммо мен рус тилида яхши гапираман, ўзбекчада бироз фикримни етказа олмай қолишим мумкин. Яна бир гап, мен ҳеч қачон телевизорга чиқиб гапирмаганман. Қандай бўларкин?

– Зўр бўлади, оддий ва самимий  бўлади, тайёргарликсиз чиқиш эса, ҳақиқатни  яна ҳам намоён қилади. Асосан иккита масала кўрсатувнинг асосини белгилайди, – дедим мен, – Жовуз қишлоғини кўчириш масаласи билан “Пахта иши” масаласи.

Эртаси куни, Чироқчида ва Жовуз қишлоғида тасвирга олиш ишларини якунлаб, Ислом Каримов билан камера қаршисида ғоят самимий суҳбат қурдик. У бироз ҳаяжонланар, гўё имтиҳон топшираётган одамдек, ўта масъулият билан суҳбатлашар эди. Пешонасидан чиқаётган тер, ҳаяжонданми, ёки ҳароратнинг иссиқлигиданми, буни билолмас эдим. Хонада кондиционер ишлаётган бўлса ҳам, махсус ёриткич қўйилгани учун, барибир ўта иссиқлик ҳарорати кўтарилиб кетган эди.

– Ҳа, биз келажакка умид билан қарашимиз керак. Халқимизни “пахта иши” каби қатағонлардан ҳимоя қилишимиз, уни ўзининг куч-қудратига ишонтиришимиз зарур. Энди янги кун, янги умидлар бошланиши керак. Бу, албатта сиз билан бизнинг ҳаракатимизга, адолатни тиклашимизга, эзгу ишлар сари одамларни сафарбар қилишимизга боғлиқ. Уларнинг  руҳини кўтаришимизга боғлиқ. Янги кун ёруғ бўлиши лозим, – деди у суҳбат якунида.

– Раҳмат. Фикрларингизни жуда чиройли ифода қилдингиз. Мен ҳозирги тасвирларимдан  хурсандман. Бизнинг кўрсатувимизда обкомлар чиқишмаган. Сизга кўп раҳмат.

– Сизларнинг ишингиз ҳам оғир экан, – деди Ислом Абдуғаниевич, – бир кўрсатув тайёрлаш учун бир ҳафтадан буён оворасизлар.

– Менинг назаримда бу сафарги кўрсатувим ҳар доимгидан ҳам яхши чиқади, – дедим мен, – унинг юки ва салмоғи баланд бўлди. Кўп муаммолар жойларнинг ўзида ҳал бўлди. Бу муваффақият. Энг асосийси, бу сафар янги гап айтадиган бўлдим. Бу ўз навбатида “пахта иши” бўйича бутунлай бошқа, ўзбек халқининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, янги муносабатларни очиб беради. Энди кўрсатувни кесиб юбормай, ҳаммасини кўрсатишса, бас.

– Менинг назаримда, ҳаммаси яхши бўлади.

– Ислом Абдуғаниевич, сизга ўзимнинг шахсий саволим бор, – дедим мен. У диққатини менга қаратди, – Сизнинг бугунги гапларингиз ўзбек халқининг  асл фарзанди, одидй инсон гапларими, ёки обкомнинг биринчи секретари айтган, раҳбар одамнинг дунёқарашими?

– Қандай тушунсангиз, тушунаверинг, бу – чин дилдан айтилган дил сўзларимдир, – деди у бир оз ўй суриб туриб.

– Унда менинг хаёлимга лоп этиб, бир гап, келди, – дедим мен, бир оз хавотирланиб, лекин ўз фикримга негадир иккиланмас эдим. – Республикага мана  шундай, сиздек раҳбар керак! Шундагина қаддимизни тиклаб оламиз.

– Бу нима деганингиз, тушунмадим.

– Сиз тез кунларда Ўзбекистон раҳбари этиб сайланасиз, иншооллоҳ!

– Ие, бу гапни қаердан олдингиз, – сўради Ислом Абдуғаниевич, – менга яқинроқ келиб, кўзларимга тик қараб.

– Бугунги суҳбатимиз, дилимга ана шундай башоратнинг келишига сабаб бўлди.

– Мен, мухбирлар фақат танқид қилгани келишади, деб ўйласам, сиз самимий дўст, ичингиз  тоза йигит экансиз-ку. Биз энди бир умрлик дўст бўлдик. Келинг, бир қучоқлашиб қўяйлик!

Шундай қилиб, у билан хайрлашдик...

...1989 йил 23 июнда Қашқадарё партия комитетининг  биринчи котиби, эллик бир ёшли Ислом Абдуғаниевич  Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетинниг биринчи котиби этиб сайланди.

Мен ниҳоятда хурсандман. Воқеалар ва одамлар ҳаракатининг силсиласига қараб, мухбир-журналист сифатида қилган башоратим ҳақиқатга айланди. Чунки у киши билан учрашганимда, одамларга нисбатан самимий, ўз ишининг устаси, иқтисодчи-муҳандис, сиёсатчи сифатида вазиятларга қараб  олдиндан башорат қила оладиган, ҳаракатчан, сезгир ва ташкилотчи одам эканлигини  англаган эдим. Ўз қарашлари ва интилишларини ҳимоя қилишга қодир, шу билан биргаликда олдига қўйган мақсадлари сари дадил кураша оладиган одам кўз олдимга келган эди. Адолатсизлик, манманлик, кўзбўямачилик, айёрлик, бошқаларни хўрлаш каби – номақбул фазилат эгаларига нисбатан шафқатсиз, бир бора кўнгли қолган одам билан бошқа мулоқот қилмайдиган, аммо кечиримли кимса эканини ҳам сезгандим. Кўп ишларни оқсоқоллар билан, мутахассислар билан, ишнинг кўзини биладиган одамлар билан маслаҳатлашиб амалга оширадиган, аммо  кўпроқ дадил тажрибалар ўтказишдан қўрқмайдиган, аниқроғи, ўз билганидан қолмайдиган фазилатлари ҳам йўқ эмас...

1990 йил бошида янги телевизион режам юзасидан, тўғри Ўзбекистон раҳбари И.Каримовга мурожаат ёздим. Унда 1990 йилнинг 21 март Наврўз куни Ўзбекистон телевидениесида бир сутка, яъни 24 соат давом этадиган “Наврўз” узлуксиз кўрсатуви ўтказиш, кўрсатув давомида “Меҳр-шафқат”  хайрия тадбири орқали йиғилган маблағларни қариялар, кўп болали оналар, ногиронлар, етим-есирлар, беморлар, камбағал оилалар ва болаларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишларига йўналтириш каби мақсадларни кўзда тутаётганимизни баён қилдим. Маънавий жиҳатдан эса, ўзбек халқининг миллий қадриятларини қайта тиклаш, “Наврўз” удумлари ёрдамида эзгу анъаналарни жамлаб, одамлар руҳини кўтариш, Республикада яшаётган юздан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳамжиҳатлиги ҳамда дўстлигини мустаҳкамлаш, жамият барқарорлигини, тинчлик-осойишталикни сақлаш, пировард натижада Республика аҳолисини бир ёқадан бош чиқариб, эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириш ишларига ҳисса қўшиш эканлигини таъкидладим.

Ислом Абдуғаниевич хатни ўқиб, “Қўллаб-қувватлансин!” деб имзо қўйибдилар. Бу масала юзасидан Ўзбекистон Министрлар Советининг фармойиши чиқади. Суратга олиш жараёнлари икки вазифани бажарди. Биринчиси – “Наврўз” узлуксиз кўрсатуви учун телевизион лавҳаларни суратга олиш бўлса, иккинчиси, шу баҳона  жойлардаги раҳбарлар, жамоалар ва фуқаролар билан ҳайрия маблағлари йиғиш режаларини аниқ белгилаб  олиш бўлди. Икки ой давомида, айтиш жоиз бўлса, Республикамизнинг барча  вилоятларида бўлиб, ана шу режаларни бажаришга  ўз ҳиссамни қўшдим.

1990 йил 21 март. Ёмғир савалаб туришига қарамай, телемарказ биноси олдига келсам, ҳамкасбларим байрамга алоҳида меҳр ва иштиёқ билан тайёргарлик кўришганини сездим. Мели Маҳкамов бино безаклари бежирим ва ўзига чорловчи бўлишини таъминламоқда. Муҳаррир Тамара Тошбоева этнографик дасталарни ташқарида бўладиган томошаларга мослаштириш билан банд. Таниқли адиб, менинг устозларимдан бири Элбек Мусаев ҳам ижодий гуруҳга ўз маслаҳатларини беряпти. Унинг ёнида жонкуяр, меҳрибон ва истеъдодли журналист Баҳодир Муҳаммедов безак усталари билан бирга ўзиям ишлаяпти. Режиссер Қўзивой Ҳакимов йигирмадан ортиқ олача тўн кийган карнай сурнайчиларни қатор териб, телемарафонга келувчи меҳмонларга атаб солинган пояндоз ёнига қатор териб, нималарнидир тушунтирмоқда.

Хуллас, бутун бир улкан жамоа жуда кўтарингки руҳ билан катта имтиҳонга тайёрланаётгандек эди.

Ҳаммамиз узлуксиз кўрсатув жонли тарзда, тўғридан-тўғри олиб бориладиган энг катта студияга кириб бордик. Белгиланганидек, студия миллий кўринишларда безалган. Меҳмонлар учун ўзбек чойхонаси мисоли сўрилар қўйилган, деворлари палаклар билан келинлар уйига ўхшатиб безалган. Ўртада саҳна, унинг олд томонида сунъий бодомлар “гуллаб” турибди. Ўнг томонда ўн икки стол бўлиб, уларга бевосита Республиканинг барча шаҳар ва қишлоқлари билан боғланиш учун телефонлар қўйилган, миллий либосдаги қизлар хизматга шай бўлиб турибди.

Ҳа, айтгандек, студияга кириш остонасида Марказий банкнинг хазинахонаси жойлаштирилган бўлиб, келган меҳмонлар маблағ ўтказишни ихтиёр қилсалар, шу ернинг ўзида банк маблағларини қабул қилиши мумкин. Телемарказ бош инженери Озодбек Раҳимов, яқинда олиб келинган янги компьютер қурилмасини шахсан ўзи назоратига  олиб, ёнида ўтирибди. Тушган хайрия маблағлари ҳақидаги маълумотни, сўралган пайтда айтиш имконияти ҳозирланган. Телемарказ директори А.Тўлагановнинг фикр-хаёли телевизион жиҳозлар 24 соат кўрсатувларга бардош берармикан, деган ўй билан банд, чунки бундай воқеа ҳеч қачон бўлган эмас эди.

Ҳамма қатнашувчи эркин фикр билдириши – узлуксиз кўрсатувнинг мазмун ва шаклини белгилайди. Буни қилкўприкдан ўтишга қиёслаш мумкин. Ҳатто телевидение сухандонларига ҳам матн берилгани йўқ, улар ҳам менинг фикримга қараб, воқеаларни боғлаб боришлари лозим. Мирзоҳид Раҳимов, Раҳматилла Мирзаев, Раъно Толипова, Дилором Умаровалар ҳам ўзларича тайёргарлик кўришган. Бошқарув хонасида ҳам Мели Маҳкамов атрофига  телестудиянинг энг яхши режиссёрлари бириктирилган.

Соат 9–00. Ниҳоят, телемарафон бошланди. Бутун Республикада биринчи марта оммавий нишонланаётган байрамнинг маркази – ушбу ижодий макон эди. Шаҳар ва қишлоқлардан вакиллар студияга етиб келишарди. Вақт нуқтаи назаридан, 24 соат – Республиканинг энг жанубий  нуқтаси ҳисобланган Термиздан ҳам, шимолий нуқтаси  Қорақалпоғистону Хоразмдан ҳам улгуриб келишлари учун кифоя эди. Истаган одам телефон орқали фикр билдириши, ўз хайрия маблағларини жойлардаги почта ва банк бўлимлари орқали юбориб, шошилинч хат юбориши мумкин эди.

Юзлаб одамлар студияни тўлдириб, сўзлаш нияти билан ўтирар эдилар. Ҳар бир одам, энг аввало, ўзининг дарду армонлари ҳақида сўз бошласа-да, якуни – миллат ғами, эл-юрт ташвиши, Ватан равнақи йўлидаги фикр ва мулоҳазалар билан якунланар, келажак учун қилинаётган буюртмаларга ўхшарди. Гўёки Республиканинг янги раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримовга қилинаётган илтимос, буюртмага ўхшар эди. Ниҳоят,  эл дардини яхши идрок қиладиган, мард, жасоратли, меҳрибон, қаттиққўл, улуғ аждодимиз – Амир Темурдек сўзи ва қиличи кескир эл фарзанди Янги кунни бошлаб бераётганига ишонч эди бу. Эл-юрт, миллат, Республикада яшайдиган барча халқлар бир ёқадан бош чиқариб, ёруғ кунлар илинжида бирлашаётганга, аниқроғи, овоз бераётганга ўхшарди.

“Ахборот” муҳарририяти ҳам Республиканинг турли бурчакларидан хабарлар бериб туришди. Қардош, қўшни республика телевидениелари “Наврўз”га бағишлаб, ярим соатдан ўз кўрсатувларини инъом қилган эдилар. Айёмни нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиё – буюк ўзгаришлар ва уйғониш палласи, миллатларнинг ўз қаддини кўтараётганликлари палласи  сифатида нишонладилар.

 “Наврўз” узлуксиз кўрсатуви бир сутка давом этди. Бутун Ўзбекистон янги кунни бедор кутиб олди. Бу – ҳақиқий ўзликни англаш бонги бўлди. Шаҳар ва қишлоқларда, хонадонларда байрам шукуҳи давом этди. Халқ илк марта ҳақиқий байрам қилди. Маънавий жиҳатдан, ёки сиёсий жиҳатдан баҳо берадиган бўлсак, Ўзбекистон халқи – том маънода руҳан озодлик кунини кутиб олаётганга ўхшарди. Янги кунни ўз овози ва ҳайқириғи билан қўлга киритаётганларидан дарак берарди.

...Соат тўққиз. Узлуксиз “Наврўз” хайрия кўрсатуви учун ажратилган вақт ниҳоясига етди. Аммо одамлар энди ғафлат уйқусидан уйғонганга ўхшарди. Эрталабдан кела бошлаган меҳмонлар “Пахтакор” метроси майдонига йиғилиб, телемарказга кириш ишитёқида навбат кутиб туришибди. Кўрсатувни яна бир соат давом эттиришга тўғри келди. Телемарказ техник муҳандислари телевизион дастгоҳлар ишдан чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирдилар. Кўрсатув йигирма беш соат давом этгач, тўхтатишга қарор қилинди.

Студиядан ташқарига чиққанимизда ҳамма кўзда ёш билан мени қутларди. Бу – телевидение тарихида ҳар бир ижодий ва техник ходимларнинг бетакрор ютуғи бўлиб муҳрланган эди. Шу пайт раисимиз мени четроққа  чақириб, зудлик билан Марказкомга етиб боришимни айтди. Ташқарида унинг хизмат машинаси кутиб турарди.

Қабулхонада мени раҳбарнинг ўша пайтдаги матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов кутиб олиб, олтинчи қаватга, Ислом Каримов қабулхонасига олиб кирди. Руҳимда бироз қўрқув, шу билан бирга, Ислом Абдуғаниевич, кўрсатувимизга қандай мугосабат билдирар  эканлар, деган ҳадик бор эди.

– Ассалому алайкум, Ислом ака, Наврўз муборак!

– Ва алайкум ассалом, келинглар. Ўзингизга ҳам муборак! – деб Ислом ака мени маҳкам қучоқлаб, бир кўтарди-да, ерга туширди. – Ҳақиқий байрам бўлди. Сизлар халқимизнинг руҳини кўтардингиз.

– Раҳмат, – дедим мен.

– Рўйхат тайёрланглар, – деди Ислом Абдуғаниевич ёрдамчиларига, – Наврўзда ишлаганларнинг ҳаммасига ҳукумат мукофотлари бериш керак.

– Раҳмат. Ислом Абдуғаниевич, халқимиз ҳам Сиздек фарзанди борлиги билан фахрланади. Наврўзимизга йўл бериб, халқни бирлаштирдингиз.

– Сизга ўхшаган ёрдамчиларим  бор экан, ҳамжиҳат ва меҳри дарё халқимиз бор экан, биз, албатта маррага етамиз. Менинг номимдан барча ҳамкасбларингизни қутланг! Уларга менинг саломимни етказинг.

1990 йил 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг биринчи ва иккинчи рақамли фармонлари эълон қилинди. Биринчи рақамли фармон “Кўп болали оналарга бериладиган имтиёзлар тўғрисида”, иккинчи фармон эса – Наврўз умумхалқ  байрами якунлари тўғрисида” эди.

Иккинчи фармон 2 қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида – “Наврўз” узлуксиз кўрсатувини юқори савияда ўтказишдаги фидокорона меҳнатлари учун маданият ва санъат намоёндаларига давлат мукофотлари берилиши акс этган эди. Улар орасида мен, Элбек Мусаев, Мели Маҳкамовлар – санъат арбоби, Абдулҳошим Исмоилов – халқ артисти унвонига, Тамара Маҳкамова, Нуриддин Ҳайдаров ва яна бир неча санъаткор – хизмат кўрсатган артист, бошқалар ҳам Ўзбекистон Республикасининг турли мукофотларига сазовор бўлган эдилар.

Фармоннинг иккинчи қисмида эса, ўша йилдан бошлаб, 21 март  Наврўз – умумхалқ байрами этиб белгилангани, Ўзбекистон тарихида илк бор халқимизнинг энг қадимий ва гўзал анъанаси давлат сиёсати даражасига кўтарилгани акс этди. Бу эса Президент Ислом Каримов томонидан қилган ҳақиқий жасорат эди. Бутун Совет Иттифоқи сиёсий бошбошдоқликлар гирдобига ғарқ бўлиб, бошқа республикаларда фуқаролар уруши юз бераётган, Иттифоқдош оила бузилиш ёқасига келиб қолган, сиёсатдонлар ҳамда кўпчиликнинг қайта қуришдан ҳафсаласи пир бўлиб, кўнгилга байрам сиғмай, тушкунлик ғами босиб турган бир пайтда, Ўзбекистонда янги умумхалқ байрами дунёга келди. Наврўз қуёши кўнгилларга Янги кун олиб кирди. Ўзбекистон аҳолиси дини, миллати, эътиқоди қандай бўлишидан қатъий назар, Наврўзни – омонлик ва умид, дўстлик ва тинчлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик байрами сифатида қабул қилди. Бу – Биринчи Президент Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб, аниқ ҳисоб-китоблар билан, ҳаракатлардан кутилаётган натижаларни олдиндан била оладиган сиёсатчи эканлигини кўрсатди. Бутун халқ унинг атрофида бирлашди.

Мен ҳам ана шундай хайрли ишга ҳисса қўшганлигимдан, эл-юрт корига яраганимдан хурсандман!

Дадахон ЁҚУБОВ,

Ўзбекистон Республикаси

санъат арбоби, журналист

(Муаллифнинг “Бугунги кунлар”

асаридан қисқартириб олинди)