Мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотираси қалбимизда мангу яшайди
Бир йил бўлаяпти юртимизни ларзага солган ўша машъум кунга, Биринчи Президентимиз, буюк давлат арбоби, халқимизнинг суюкли фарзанди Ислом Каримовдан жудо бўлганимизга. Бу улуғ зотнинг бутун ҳаёт йўли, ҳатто у билан видолашув кунлари кўрган-кечирганларимиз бизга ҳаёт ҳақиқатларидан ўчмас сабоқ берди, умр мазмуни ҳақидаги қарашларимизни тўзғитиб юборди...
Инсон зоти борки, бошидан ўтган, билади, яқин кишисини йўқотиш қанчалик оғир мусибатлигини. Бундай пайтда «Яратганнинг иродаси, бандалик», деймиз, сабр тилаймиз. Сўнг ой ўтиб, йил ўтиб, тақдирга тан берамиз, кўникамиз...
Юрт эгасидан, халқ отасидан жудо бўлиш мусибатнинг мусибати экан, ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган жудолик экан. Ҳали-ҳамон бу жудолик билан келиша олмаймиз, ҳали-ҳамон юрагимизни армон ўртайди. Ислом Каримов ёдга олинса, унинг фазилатлари ҳақида гап кетса, беихтиёр кўзимиз ёшга тўлади. Ўша саросимали, изтиробга тўла кунлар, воқеалар худди кечагидек кўз ўнгимиздан ўта бошлайди.
...Ислом Каримов шифохонада ҳушсиз ётганмиш, деган совуқ хабардан одамлар карахт бўлиб қолди. Уч кечаю уч кундуз таҳликали ўтди, Яратгандан Юртбошимизга омонлик тилаб ёлвордик.
Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўраётгандик. Каттаю кичик бу тантанада Ислом Каримовни кўришни, чорак аср давомида эришган ютуқларимиз ҳақидаги қувончга тўла сўзларини, табрикларини эшитишни ҳаяжонланиб кутаётганди. Юртни қарамликдан қутқазган, кўксини қалқон қилиб, халқни турли таҳдидлардан ҳимоя этган, ўт-оловлардан, бало-қазолардан эсон-омон олиб ўтган, Ўзбекистонни дунёга танитган, ўзбек халқининг обрўсини жойига қўйган инсон бу тўйга ўзи бош бўлиши керак эди...
Узоқ Бразилияда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида матонат ва жасорат кўрсатиб, Ўзбекистон фарзандлари кимлигини дунёга кўз-кўз қилиб, халқимиз ва Президентимизни хурсанд этган спортчиларимиз ҳам ҳаяжон билан бугун-эрта Оқсаройда бўладиган учрашувни кутишаётганди. Халқимизнинг Юртбошимиз билан боғлиқ яна қанча-қанча орзулари бор эди...
Минг афсус... Айтишга ҳамон тил бормайди... Бунга ишониш қийин эди. Одамлар «Наҳотки...» дея бир-биридан қайта-қайта сўрарди. Кейин, кейин ҳамманинг қалби қайғуга ботди...
Ўша куни эрталаб халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Ориповга қўнғироқ қилдим, ҳамдардлик билдирмоқчи бўлдим, овозим қалтираб кетди...
— Осмон қулаб тушди... Ўзбекистон қуёшини йўқотди... Кўзимдан ёш тўхтамайди, — деди Абдулла ака.
У ўксиб-ўксиб, чуқур-чуқур нафас олиб гапирарди: — Бу улуғ инсонни халқимиз бахтига Худо юборганди... У олов ичида яшади, бир кун ҳам тинч ухламади. Бизни қўриқлади, бизни ўйлади... Меҳнатининг роҳатини кўрмади, шу армон бўлиб қолди...
Бу ўкинчли сўзларни кўпчилик айтди. Лекин Ислом Каримовнинг феъли, принциплари бошқача эди, ўзигагина хос эди, дам олишга ўрганмаганди. У кутилмаган ноёб фикрлари, ташаббуслари, қарорлари билан нафақат бизни, балки бошқа кўплаб давлатлар раҳбарларини, арбобларини ҳам ҳайратга соларди. Унинг бу ёруғ оламдан кетиши ҳам мутлақо кутилмаган тарзда бўлди, бирданига кетди, тик туриб, курашганича кетди, мардона кетди.
«Эрталаб уйда эдим... аввалига ишонмадим, — дейди бир ҳамкасбимиз. Кейин бирданига кўнглим тўлиб кетди... Болаларимдан тортиниб, бошқа хонага ўтиб, йиғлаб-йиғлаб чиқсам, аёлим билан ўн икки яшар неварам ҳам йиғлаётган экан. Уларга қўшилиб, яна йиғладим...»
«Билмадим, тушунтириш қийин, ўша куни ўзимни қўлга ололмадим, ишга бормадим, кун бўйи йиғладим», дейди Авазбек исмли иқтисодчи олим дўстимиз.
Бухоролик Фарҳод деган қурувчи укамиз айтади: «Оёқ-қўлим бўшашиб, нима қиларимни билмай, гангиб қолдим, тўртинчи синфда ўқийдиган қизчам «Дада, Президентимиз бизни яхши кўрардилар-ку, нега кетдилар?» деди. Унинг кўзлари ёшга тўлиб турганини кўриб, ўзимни тўхтатолмадим...»
Таниқли шоир Зикрилла Неъмат ўша куннинг эртаси таҳририятимизга «Сиз мангу ҳаётсиз» сарлавҳали шеърини олиб келган эди. Шеър шундай бошланади:
Бу кун тонг отмади, мени ғам отди,
Қайғу денгизига ғам-алам отди.
Ўттиз икки миллион хокисор халқим
Юрагига мотам ханжари ботди.
Ушбу тонг ёш кўрдим олам кўзида,
Рафиқам кўзида, болам кўзида.
Бир алам, бир қайғу, бир титроқ кўрдим,
Ҳар бир юртдошимнинг ғамгин сўзида...
Бундай изтиробли туйғулар барчамизнинг дилимизда ҳукмрон эди. Ўша кунлари бутун Республикамизда тез тиббий ёрдам марказлари тиним билмади. Бу жудолик дардини кўтариш осон бўлмади. Айниқса, Биринчи Президентимиздан кўп рўшноликлар кўрган қарияларимиз қадди букилиб қолди...
Бу жудолик пойтахтимиз Тошкент аҳли учун бошқалардан кўра оғирроқ кечди. Улар айрилиқнинг тоғдек юкини кўтариш билан бирга, юраклари узилгудек бўлиб, қадрдон, азиз инсон тобутини Самарқандга кузатишди. Ўша изтиробли манзаралар ҳамон кўз ўнгимизда турибди. Таниш-нотаниш одамлар бир-бирини бағрига босиб ҳамдардлик билдирарди...
Мусибат халқни бирлаштиради, жипслаштиради, деган қадим ҳикматни инкор этиш қийин, албатта. Аммо аслида бирлашмаган халқ бирданига бирлашиб кетармикин, аслида меҳр-оқибатсиз халқ бирданига меҳр-оқибатли бўлиб қолармикин?..
Эҳтимол, мусибат халқнинг феъли, маданияти, ақл-идрокини намоён қилар? Юрт бошига синов тушганда, халқ қалбида осойишта ётган самимий туйғулар қалқиб юзага чиқар?..
Биринчи Президентимиз тобути аэропортга олиб ўтиладиган кўчалар чети тун ярмидан бошлаб Тошкент аҳли билан тўлиб тошди. Ҳеч ким билмас эди: тобут қай соатда олиб ўтилишини. Улар қўлларида гул, кўзларида ёш, юракларида чексиз алам-изтироб билан видолашув онларини кутишди... Улар Ислом Каримовни охирги марта кўриб қолиш учун, хайрлашиш учун эрталаб соат саккизгача оёқда тик туришди. Бу видолашув юртнинг чинакам отаси билан, садоқатнинг, адолатнинг, жасоратнинг, ватанпарварликнинг, озодликнинг тимсоли билан видолашув эди. «Оналаримиз, боболаримиз ва бувиларимизнинг умрини берсин, болаларимизнинг бахтини берсин», деб бир умр курашган инсон билан видолашув эди. «Қанийди, қулочим етса, барчангизни бағримга босардим», дея кўнглидаги меҳрини ҳаяжонланиб, такрор ва такрор изҳор этиб келган азиз Юртбоши билан видолашув эди. Умрининг сўнгги дамларида «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!», дея ўз Ватанига чексиз меҳр-муҳаббатини изҳор этган, бу муқаддас сўзларни, фикрни онгу шууримизга сингдирган, она юртини, шу содда, бағрикенг, меҳнаткаш халқини жонидан азиз билган Йўлбошчи билан видолашув эди.
Минг-минглаб одамлар тобут йўлига гуллар сочишди, гуллардан пояндоз ёйишди, кўзда тўла ёш, юрак тўла изтироб билан қайта-қайта таъзим қилиб, «Раҳмат сизга, ҳаммаси учун раҳмат», дея ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди...
Миллат халоскори, таянчи-суянчи, фахр-ифтихори бўлган улуғ Юртбошимизни ўз бағрига олган самолёт уввос солиб Тошкентдан кўтарилди... Гўё азим Тошкентнинг юрагини узиб, ердан кўтарилди...
Тарихнинг кўп оғир синовларига бардош берган, тақдирнинг кўпдан-кўп дарду қисматларидан сочи оқарган мўйсафид Самарқанд бундан олти юз йил илгари бўлганидек зил-замбил қайғу билан, осмони фалакни тутган мотам сукути билан ўзининг яна бир буюк фарзанди тобутини кутиб олди... Самарқанд аэропортидан Регистон майдонигача йўлнинг икки чети одамлар билан тўлган эди. Бу йўл ҳам гулларга кўмилди, бу йўлдан юриш жуда оғир бўлди.
Минглаб одамлар кўзда ёш билан мўлтираб туришарди. Азамат йигитларнинг елкаси титраб йиғлаётгани, мунис қизлар, аёллар кўзидан шашқатор ёш оқаётгани, мўйсафид кишилар бош эгиб, унсиз йиғлаётганини кўрган ҳар қандай бағритош одамнинг ҳам дош бериши қийин эди.
Биринчи Президентимиз, Мустақиллигимизнинг асосчиси Ислом Каримов Самарқанднинг муқаддас гўшаларидан бири – Ҳазрати Хизр мажмуасида дафн этилди. Қадим Самарқандда муқаддас зиёратгоҳлар яна биттага кўпайди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 25 январда «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида» ги қарорни қабул қилди. Ҳазрати Хизр мажмуасида Ислом Каримов мақбарасини бунёд этишга киришилди. Саноқли кунлардан сўнг бу зиёратгоҳнинг очилиш маросимини ўтказиш кўзда тутилган.
Бошимизга тушган бу мусибатли кунларда кўрган-билганларимиз ҳар биримизни бир муҳим савол устида ўйлашга даъват этади: Ислом Каримов халқимизнинг бундай чексиз ҳурмати, меҳр-муҳаббатига ниманинг ҳисобидан сазовор бўлди?
Бу аслида жўн савол эмас, мураккаб савол, залворли савол, чуқур ўйлаб, асослашни талаб этадиган савол. Унинг жавоби ҳам ўнлаб китобларга сиғмайди. Шу боис жавоблар уммони томон ишора қилиш билан чекланишга тўғри келади.
Ислом Каримов 1989 йили халқимиз қарамликнинг жабри-зулмини тортиб, ҳуқуқи, шаъни оёқ-ости бўлиб, ижтимоий-иқтисодий муаммолар қалашиб ётган оғир бир шароитда Ўзбекистонга раҳбар бўлди. Бунинг устига, собиқ марказ топшириғи билан «Пахта иши», «Ўзбек иши» деган туҳматдан иборат айбловлар билан минг-минглаб одамлар асоссиз тергов қилинаётган, қамоққа ташланган, совет ҳукуматининг шафқатсиз қатағон сиёсати авж олган эди. Эзилган, хўрланган халқ ҳимояга, халоскорга муҳтож эди.
Газеталар тахламларини варақлаган киши Ислом Каримов бу бедодликка, ҳақсизликка қарши қандай қатъият ва довюраклик билан кураш олиб борганига гувоҳи бўлади. У 1989 йил 23 июнда республикамиз раҳбари этиб сайланган бўлса, эртаси куни Ўзбекистон ССР Министрлар Советида катта мажлис ўтказиб, очиқ ва аччиқ нутқ сўзлади. «Биз бундан буён эскича яшай олмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди», деб қатъий айтди. Бу сўзлар унинг катта мақсади, улуғ ниятлари борлигини билдирарди. Эртаси куни Фарғонага йўл олиб, ташқи кучлар уюштирган қонли воқеалар оловини ўчиришга киришди. Халқимизга қилинаётган туҳматларга қарши турди. «Ўзбек халқининг виждони пок. Фарғона воқеалари ўзбек халқининг иродаси билан содир бўлмади», дея миллатимиз шаънини ҳимоя этди, фикрини асослади.
Кейин халқимиз тинка-мадорини қуритган пахта яккаҳокимлигига қарши кураш бошлади. Пахта етиштириш плани 700 минг тоннага камайтирилди. 1989-1990 йилларда бир ярим миллиондан кўпроқ оилага қўшимча ер ажратилди. 700 минг оилага янги томорқа ерлари берилди. Бу хавфли қарор эди, йил сайин пахта планини оширишни, пахта майдонларини кўпайтиришни талаб этиб келаётган КПСС Марказий Комитети манфаатига зид қарор эди. Тўғриси, ўша замонда бундай ҳаракатга кимдир журъат этиши ақлга тўғри келмасди. Икки-уч оила бир тор ҳовлида тиқилиб яшаб келаётган, томорқа ёки уй қуриш учун бир парча ер олиш ўлимдан қийин бўлган бир даврда Ислом Каримовнинг бу қарори халқимизни ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон аҳолиси ўрта ҳисобда гўшт ва сут маҳсулотлари, тухумни собиқ иттифоқ аҳолисига нисбатан икки баравар кам истеъмол қилиши, оналар ва болалар ўлими бўйича биринчи ўринда туришини ҳисобга олиб, хулоса чиқарадиган бўлсак, бу қарорнинг аҳамияти янада ошади. Халқимизнинг оғир меҳнати эвазига етиштирилиб, сув текинга собиқ марказга топширилиб келинган пахтамизга муносиб ҳақ тўланишини ҳам Ислом Каримов очиқ талаб қилиб чиққан эди.
Қисқа вақт ичида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди, Наврўз халқимизга қайтарилди, диний байрамлар тикланди, улуғ аждодларимиз номлари оқланди. Уларнинг бебаҳо мероси ўрганишга киришилди. Биринчи Президентимиз бир умр бизни аждодларимиздан фахрланишга, ғурурланишга, уларга муносиб бўлишга даъват этиб келди. У қишлоқ одамлари турмушини фаровонлаштирди. Бизни кийинтираётган, боқаётган қишлоқ меҳнаткашлари муносиб ҳаёт кечириши керак, дея кўп қайғурди.
У Тошкентга алоҳида эътибор ва меҳр билан қарарди. 1990 йил 20 июнь куни Тошкент шаҳар фаоллари йиғилишида сўзлаган нутқида «Тошкентни юксак тараққиёт ва маданият шаҳрига айлантиришимиз керак», деган вазифани қўйди. Аввало, шаҳар кўркини бузадиган, экологиясига зарар етказадиган саноат корхоналари, омборхоналарни шаҳар ташқарисига олиб чиқиш тўғрисида кўрсатма берди. Шаҳарни ҳар томонлама обод қилиш дастури ишлаб чиқилди. Айниқса, Эски шаҳарнинг ачинарли аҳволи, одамлар ҳаёт таъминотининг энг оддий шароитидан ҳам бенасиблигини айтиб, аҳволни зудлик билан тузатиш кераклигини уқтирди. Мустақиллик йилларида Тошкент бутунлай янги қиёфага эга бўлди. Ҳар бир бино, йўл, кўприк лойиҳаси Биринчи Президентимизнинг шахсан ташаббуси билан яратилди ва шахсан ўзи бунёдкорлик ишларини назорат қилди, таклифлар берди. Нафақат Тошкентда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тарихий бунёдкорликлар амалга оширилди...
Биринчи Президентимизнинг яна бир ўзига хос фазилати шунда эдики, кўзлари ёниб турган ёшларимиз билан учрашганда, уларнинг ютуқларини кўрганда, чин дилдан қувонарди. Қайси анжуман бўлмасин, албатта ёшлар ҳақида алоҳида тўхталиб, уларга «Азиз фарзандларим, бўш келманглар, марра бизники!», дерди. «Ўзбекистоннинг барча болалари менинг фарзандларим!» дерди тўлқинланиб. Ўтган йигирма беш йилда баркамол авлод тарбияси йўлида қилинган эзгу ишларни санаб, адоғига етиб бўлмайди.
Халқимиз Ислом Каримовдек Президенти борлигидан фахрланарди, эртанги кундан, фарзандлари тақдиридан кўнгли тўқ эди. Дарвоқе, Ислом Каримов оддий Президент эмасди. У ўта зийрак, доно Президент эди. Жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёр қараб, уларнинг сабабларини чуқур ўрганиб, оқибатларини олдиндан англарди. Шу боис у халқимизни кўп бор ўт-оловлардан, фалокатлардан, муқаррар урушлардан асради, қўни-қўшниларни ҳам асради, минтақамиздаги минг-минглаб одамлар ҳаётини сақлаб қолди. Оламда тинчликни асрашга муносиб ҳисса қўшди. Унинг халқаро террорчилик ҳаракатларига қарши ҳамжиҳатликда курашиш ҳақидаги таклифларини кечикиб бўлса-да, дунё тан олди. Афғонистон масаласидаги узоқ йиллик турли тортишувларни у ягона тўғри йўлга йўналтирди. Афғонистон муаммосини ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмаслиги, жафокаш афғон халқининг миллий қадриятларини ҳурмат қилиш, бу юртга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатиш зарурлигини айтди ва бу масалада биринчи бўлиб амалий ишга киришди. Кейинчалик катта-катта давлатлар раҳбарлари ҳам Ислом Каримовга тан бера бошлашди.
Видолашув маросимида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов чуқур изтироб билан айтган сўзларини эслайлик: «У ўз мамлакатини жуда қаттиқ севарди, у жуда буюк қалб эгаси эди, у ҳақиқий инсон ва буюк давлат арбоби эди... Биз уни жуда яхши кўрардик...».
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ислом Каримов хотирасини ёд этиш учун Самарқандга келганида, Ислом Каримов Ўзбекистон учун, ўз халқининг фаровонлиги учун улкан ишлар қилгани, энг мураккаб пайтларда ҳам тинчлик ва барқарорликни таъминлаганини, буларнинг барчаси мамлакат тараққиётига хизмат қилганини таъкидлади.
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов улуғ давлат арбоби, дунё миқёсидаги лидер бўлгани, халқаро анжуманларда у ҳар доим ҳал қилувчи ўрин тутганини эътироф этди.
Дунёнинг кўплаб давлат раҳбарлари, сиёсат арбоблари ҳам халқимизга таъзия изҳор этаркан, Биринчи Президентимизнинг истеъдоди, халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини қайта-қайта эътироф этишди.
Хорижий оммавий ахборот воситаларида билдирилган фикрларнинг саноғига етиш қийин эди. Қирғизистон Республикаси миллий фанлар академияси Президенти Абдуғани Эркебаевнинг «Слово Киргизистана» газетасида чоп этилган мақоласида яна бир ҳақиқат эътироф этилди: «Қардош ўзбек халқи билан биргаликда биз ҳам ушбу буюк давлат арбоби билан видолашмоқдамиз. У нафақат ўз мамлакати, балки биз, қирғизистонликлар учун ҳам жуда кўп иш қилган. Ислом Каримовнинг мамлакатимиз жанубида қонли тўқнашувлар юз берган пайтдаги буюк хизматларини эслашнинг ўзи кифоя. Бунинг учун ундан миннатдор бўлишимиз лозим».
Россиянинг «Независимая газета» сида эксперт Зураб Тодуа шундай фикр билдиради: «Ислом Каримов... кўплаб муаммолар гирдобида қолган Ўзбекистонни қабул қилиб олиб, уни изчил ривожланаётган, тинч ва барқарор давлатга айлантирди... Қийинчиликларни енгиб ўтиш ва муаммоларни ҳал этишда шахсий тажрибаси ва билими, ўткир заковати, вазминлик билан иш тутиши, мардлиги ва мушкул пайтларда намоён бўладиган қатъияти қўл келди».
Ҳиндистоннинг «Hindi» газетаси: «Ислом Каримов кучли ва мустақил давлат барпо этишга муваффақ бўлди. Мамлакатда ва умуман, минтақада тинчлик ҳамда барқарорлик таъминланганлиги Ўзбекистон Биринчи Президентининг хизматларидандир».
Дунёнинг кўплаб давлатлари раҳбарлари ҳам Ислом Каримовни донишманд, мустақил сиёсат йўлидан борган, ўз халқининг ҳақиқий Йўлбошчиси бўлганини эътироф этишди. Ислом Каримов вафоти муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳи биноси ёнидаги байроғи, шунингдек, барча аъзо давлатлар байроқлари туширилди. БМТнинг Женева ва Рим шаҳарларида жойлашган бўлимларида ҳам ана шундай тадбирлар ўтказилди. БМТ Бош Ассамблеясининг сентябрь ойи охирида ўтган 71-сессияси мажлиси Ислом Каримов хотирасини ёдга олиб, ҳурмат бажо келтириш билан бошланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бундай муносабат унинг дунё миқёсида обрў-эътибори ниҳоятда юксак бўлганини билдиради.
Ислом Каримов билан видолашув кезларида дунёнинг кўпгина сиёсатчилари Ўзбекистоннинг бундан кейинги ҳаёти тўғрисида турли башоратларни билдира бошлашди. Ҳатто низолар чиқиб, тартибсизликлар бошланишини кутганлар ҳам бўлди. Бироқ ана шу оғир, мураккаб кунларда халқимиз ўзининг асл фазилатларини намоён этди. Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун Самарқандга келган Белорусь Президенти Александр Лукашенко айтган гап ҳам бунинг исботидир. «Ислом Каримов вафотидан кейинги синовли кунларда Ўзбекистон халқи донолигини, юксак маданияти ҳамда ҳамжиҳатлигини яна бир бор намойиш этди», деди у.
Бутун дунё диққат-эътибори Ўзбекистонга қаратилиб, энди нима бўларкин, Ўзбекистон қайси йўлдан юраркин, кимга яқинлашиб, кимдан узоқлашаркин, деб турган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2016 йил 8 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма йиғилишида сўзлаган нутқида шундай деди: «Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган букилмас ирода, фидойилик, мардлик ва ватанпарварлик, инсонийлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолади».
Аслида ана шу фикр барча саволларга жавоб эди. Шавкат Мирзиёев ички ва ташқи сиёсатда ҳам, иқтисодиётда ҳам, барча-барча соҳада Биринчи Президентимиз олиб борган ислоҳотларни изчил давом эттириб, янги босқичга кўтариш устувор вазифа бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади.
Бугун орадан бир йил ўтиб, юрак-юракдан тан олаяпмиз: Ислом Каримовнинг буюк хизматларидан яна бири шундаки, Ўзбекистон деган улуғ юрт юкини елкасига дадил оладиган, имони бутун, садоқатли шогирдларни ҳам тарбиялаб кетган экан.
Йиллар ўтади, асрлар ўтади, авлодлар алмашади. Бироқ халқимиз мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентимизнинг жасоратли ҳаёти ва фаолиятини, мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги тарихий хизматларини, эл-юртга кўрсатган беқиёс муҳаббатини, ҳаётимиз шиорига айланган васиятларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ҳам, эртага ҳам унинг суратига — самимий боқиб турган сиймосига, ўткир нигоҳига соғинч билан қайта-қайта тикиламиз. У бизга ҳамон меҳр билан қараб турганини ҳис этамиз, худдики, ҳол-аҳвол сўраётгандек, ҳаётингиздан розимисиз, деб сўраётгандек бўлади. Бизнинг дилимиздан эса «Ҳаётимиздан розимиз, Сиздан мингдан-минг розимиз», деган сўзлар ўтади.
Сафар ОСТОНОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.