ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Элга садоқат билан меҳнат қилишни ўргандик


01.02.2018

Қашқадарё вилояти қадимда Жанубий Суғд, Жанубий Турон дея номланган бўлиб, деҳқончилик ва чорвачилик учун қулай иқлим ва сув шароитига эга бўлган.

Зарафшон ва Амударё дарёлари оралиғида жойлашган серҳосил заминга эга бўлиб, бой тарихга ва ривожланган маданият, ўзига хос гўзал табиатга эга воҳа ҳисобланади. Мен шундай гўзал заминда туғилиб вояга етган бахтиёр инсонлардан бириман.

Шу юртда туғилиб, ўсиб, меҳнат қилган, қишлоқ хўжалигига оз бўлса-да ҳисса қўшган инсонларданман. Вилоятимиздаги Китоб туманида “Селхоз техника” идорасида бош муҳандис ва раҳбар, Китоб туман ижроком раиси вазифасида ишлаб юрган пайтларим вилоятимизда оғир кунлар бошланган пайтлар эди. Раҳбарлар қўнимсизлиги, қама-қама авжга чиққанди. Вилоятдаги раҳбарлар мени Қашқадарё вилояти агросаноат уюшмаси раиси ўринбосарлигига лозим кўришганидан бир оз юрагим орқага тортди. Лекин, ўзимдаги тўғри кўнгиллик ва ғайрат менда ишлашга истак уйғотди, ишлаш керак деган ҳиссиётни юрагимга солди.

1986 йил Қашқадарёда чинакам қурғоқчилик йили бўлди. 185 минг гектар лалми буғдой нес-нобуд бўлди, комбайнлар умуман ишламади деса ҳам бўлади. Вилоятимиз раҳбарларини икки оёқлари бир этикка тиқилган пайтлар. Қишловга хашак етмади, ушоқ молларни Бухорога ўтказишга мажбур бўлдик. Россияга зарур техника ва ишчиларни жўнатиб 2200 вагон хашак не машаққатлар билан олиб келинди.

Бахтимиз бутун экан. Вилоятимизга марказдан Ислом Каримовдек узоқни кўра оладиган, зийрак ва ишбилармон раҳбарни биринчи котибликка юборишди. Қишлоқ хўжалиги депсиган, чорва моллари, иқтисодиёт қурғоқчилик туфайли оқсаган вилоятни оёққа турғизиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас эди. Айримлар норози ҳам бўлишди, лекин у кишидаги ғайратни кўрганлар мум тишлаб қолишди.

Ислом Абдуғаниевич иш фаолиятларини дасталб қишлоқ хўжалигини оёққа турғазишдан бошладилар. У киши билан ёнма-ён ишлаш нафақат менда, барча соҳа раҳбарларида эртанги кунга ишонч ҳиссини уйғотар эди. 1987 йил учун экилган лалми буғдой ҳам қурғоқчилик туфайли далада қолиб кетган эди. Барча ҳосил омон қолишини тилаб тавалло қилар эди. Биринчи котибнинг қадами қутлуғ келди. Худонинг қудратини қаранг, уч кун Қашқадарёда ёмғир ёғиб, лалми буғдой ниш урди.

Қиру адирар ям-яшил либос кийди. Ана, раҳбарнинг қутлуғ қадами. Халқ чинакамига у кишининг ёнларига жипслашди. 1987 йил ҳосили мўл бўлди.

105 минг тонна буғдой режаси бажарилиб, давлатга 175 минг тонна буғдой топширилди. Ана қувонч, ана мўлчилик. Умуман иқтисодиёт, саноат ҳам, чорва ҳам, ем-хашак ҳам ўз изига тушди. Ислом Каримов ишни қишлоқ хўжалик ходимларини рағбатлантириш ва техникларини саранжомлашдан бошладилар.

Қишлоқ хўжалигини оёққа турғизишга қодир хўжалик раислари ва совхоз директорлари ”Пахта иши” юзасидан айримлари қамоқда қолганлари эса уйда юрак ҳовучлаб ўтирар эди. Маҳаллий ёш кадрларга ишониб колхоз ва савхозларга раҳбар этиб тайинлаб, тажрибали раисларни уларга маслаҳатчи этиб тайинладилар. Қишоқ хўжалигида ишлашга лойиқ 220 нафар раислар ёшларга қанот бўлди, вилоят қишлоқ хўжалиги оёққа турди. Ҳосил мўл бўлиб, деҳқонинг кўкрагига шамол тегди.

Шунга бир мисол. Қашқадарё заминида халқ орасида обрў-эътиборга эга инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Усмон Юсупов туманидаги 21-Тошкент совхозига халқ оқсоқоли Чўли бобонинг ўғли Иброҳим Чўллиевни директор лавозимига тайинлашди. Савхоз депсинишдан қутулиб илғорлар сафига қўшилди.

Эсимда, Ислом ака бир куни мени ёнларига чақириб:

— Турсунпўлат, сизни анчадан бери биламан. Қишлоқ хўжалигидаги ҳақиқий аҳволни ўнглаш учун нима қилишимиз керак, фақат рост гапиринг. Айрим раҳбарлар мавжуд аҳволни яширганликлари учун йиғим-терим пайтида ҳосилдорлик юқори бўлмаяпти, - деб куюнчаклик билан гапириб қолдилар.

- Ислом Абдуғаниевич, аввало меҳнаткашлар учун қулай замонавий шароитларни яратишимиз ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаб, иложи бўлса, янгисини сотиб олиб, уларни ўз эгаларига топширсак, кўзлаган мақсадимизга эришамиз. Акс ҳолда ўша эскича ишлаш ва фикрлаш давом этаверади, - деб жавоб бердим.

У киши қишлоқ хўжалигини оёққа турғазиш учун раҳбарларга маслаҳат солиб, унинг салмоғи қандай бўлишини чамалаб, доимо мен билан ўртоқлашардилар. Шу аснода вилоят агросаноат уюушмаси ”Агропром”дан мени вилоят партия кометити қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи вазифасига ишга тайинлашди. Маслаҳат ва ёндашувларимиз самара бераётганидан хурсанд бўлар эдим, лекин ҳадик ҳам бор эди.

Бу қўл билан меҳнат қилмай оғиз кўпиртираётганларни ён-атрофимга кўпайишига олиб келишини билар эдим. Лекин, софдиллик, собитқадамлик ва виждон олдидаги поклик мени янада куч-ғайрат билан ишлашга ундар эди. Буни аллақачон пайқаган Ислом Абдуғаниевич нафақат қишлоқ хўжалиги, бошқа ижтимоий масалаларда ҳам бақамти ишлашга чорлар эдилар. Маҳаллий кадрлар бўлса-да, айрим раҳбарларнинг эътиборсизлиги туфайли 1500 та пахта териш машиналарига Тошкент вилоятидан механизаторлар жалб этилди. Йиғим-терим якунида барча машиналарни ҳашарга келган

механизатролар ишга яроқсиз аҳволга келтиришганини кўриб юрагим ачишиб кетди.

Маҳаллий кадрлар ўзимизники. Уларни қайта ўқитиб, ишга жалб этишни биринчи раҳбарга маслаҳат қилдим. У киши қўллаб-қувватладилар. Кўпчилик механизаторларни “Тошсельмаш” заводига хизмат сафарига жўнатиб, техника билан қандай “тиллашиш”, уларни техник соз аҳволга келтириш юзасидан ўқитиб етук мутахассис даражасига етказиб, иш билан таъминладик. Сал ўтмай бу ўз самарасини берди. Пахта териш машиналаримизнинг барчаси, 3750 та машиналар 1988 йил ҳосилини юқори навларга териб, давлатга топширишди. Шунингдек, у киши билан ташкил этган маслаҳат кенгашимиз, бошқа вилоятларда самара бермаган “Пахтакорлар совети” яхши натижа берди. Ер тайёрлаш чигит экиш, бошқа бир қатор агротехник тадбирлар натижасида юқори ҳосил олиниб, вилоят илғорликни қўлдан бой бермай келарди.

Ислом Абдуғаниевич билан ёнма-ён,елкама елка ишлаб, кўплаб хайрли ва савобли ишларни амалга оширганлигимизни ҳали-ҳануз воҳа аҳли миннатдорлик билан эслайдилар.

Шаҳрисабз туманидаги Амир Темур ва Ғани Бобоёров жамоа хўжалиги ишчи хизматчилари учун қурилган кооператив уйлар айниқса деҳқонларга мос келди. Уйларда ҳаммомдан тортиб, тандирларгача қурилиб, аҳоли учун қулай қилиб қурилгани барчанинг ҳавасини келтирди.

У киши халқнинг, айниқса, қишлоқ хўжалиги ходимларининг аҳволидан хабар олиш, уларнинг оғирини енгил қилишда туну кун тиним билмай ишлардилар. Оддийлик, ҳақиқатгўйлик ва мардлик хусусиятлари у кишининг безаги эди. Бизлар анча вақт у киши билан бақамти меҳнат қилиб, кўп хайрли ишларни ўргандик. Элга садоқат билан меҳнат қилишни ўргандик.

Иш фаолиятим даврида бир қатор бошқарма ва вазирликларда юртимизнинг равнақи, қишлоқ хўжалигини юксалтириш учун меҳнат қилдим. Барчасида Ислом Каримовдек устоз ва меҳрибон инсоннинг ўргатган ишлари ва йўл-йўриқларини ўзимга шиор қилиб олдим. Ҳар дамда у кишига муносиб шогирд бўлганимдан фахрланиб юраман. Бугунги кунда у кишининг қилган меҳнатлари, юртимизнинг ривожи йўлидаги барча оламшумул фаолиятлари юксак эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимизнинг хотирасини абадийлаштириш учун 2017 ийл 27 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори, халқимизнинг буюк фарзанди, мустақиллигимизнинг асосчиси Ислом Каримовнинг хотирасига юксак эҳтиром намунаси, дейиш мумкун.

Қашқадарё вилоятида Ислом Каримов кўпчилик ҳолатларда махсус хонада эмас, ходимлар билан навбатда туриб умумий залда бўлим бошлиқлари билан бир столда ўтириб овқатланганини гувоҳи бўлганман. “Пахта иши” билан қамалганларни озод қилиш, уларнинг пок номларини тиклаш учун қилган ишларининг ўзи катта бир жасоратдир.

Бир куни пахта далаларини айланиб, Баҳористон туманидан биринчи котиб билан “Волга” Газ 3102 машинасида шитоб билан келяпмиз. Менинг ҳам, у кишининг ҳам қорнимиз оч. Касби туманида бир жойда чой ташкиллаштирилган экан. У киши овқатланишга бурилмай,машинани Жийнов хўжалигига ҳайдашни буюрдилар. Ўша ерда сўлим боғ бор эди. Ҳайдовчига юкхонадаги колбасани нонга қўшиб олиб келишни айтдим. Дарахтлар соясида уч киши шу камтаргина овқатни еб олганимизни яхши эслайман. У кишининг қанчалик камтарин бўлганликлари мени лол қолдирган. Чироқчи туманидаги машҳур Умакай қишлоғида бир фуқоронинг уйида бўлаётган ҳашар устидан чиққанмиз. У киши билан ҳашарга ёрдамлашиб, аҳолини хол-аҳволини атрофлича ўрганиб, бир пиёла чой устида ёрдам берганликлари бизга анча дарс бўлган.

 

Турсунпўлат Каримов,

меҳнат фахрийси