ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Эл ғамини ўйлаган унутилмайди


07.12.2017

Яхши хислатли, эзгу амалли кишилар ҳақида ёзиш ҳамиша мароқли. Агар бу инсон ўз халқи ва гўзал Ватани учун қайғурган, жонажон юртдошлари муҳаббатига сазовор экан, улар хотирасини эслаш чандон ёқимли. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ана шундай эл ардоғидаги инсон эди... 

Барча юртдошларимиз кўтаринки руҳда Конституциямизнинг 25 йиллигини тантана қилаётган шу кунларда ҳақли равишда буюк давлат арбоби, муҳтарам Ислом Каримовнинг бу борадаги беқиёс хизматлари кўз олдимиздан ўтади. У кишининг Бош қомусимиз яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилишидаги ниҳоятда сермазмун хизмати, унутилмас қудратли жасорати бор. 

Гап шу хусусда кетар экан, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллик тантанали маросимидаги маърузасида таъкидлаган қуйидаги эътирофини яна бир бор эслаш ўринли. 

“Халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва бутун ҳаётини тубдан ўзгартирган ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичнинг концептуал аҳамиятга эга, теран фикрлари мустаҳкам замин бўлди. 

...Ҳақиқатан ҳам, 90-йиллардаги ўта оғир даврда Асосий қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичдек кенг миқёсда, стратегик фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлик қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди. 

Айнан Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати" деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди. 

...Бир сўз билан айтганда, Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи, деб эътироф этиш учун барча асосларга эгамиз". 

Ниҳоятда самимий бу эътирофдан руҳланиб, Ўзбекистон тарихи музейига йўл олдим. Мозий ва бугунги кунимиз солномаси маконининг 4-қавати. Бу ерда мустақил Ўзбекистон давлатининг ташкил топиш тарихи акс этган ноёб экспонатлар билан танишиб, қалбингизда ғурур туясиз. 

Музей бўлимлари ичида энг ҳаяжонлиси Конституциямиз қабул қилиниш тарихи намойишидир. Экспонатлар билан танишар эканман, диққатимни Конституция лойиҳаси таҳрири тортди. Бу ерда Ислом Каримов қора сиёҳли ручкада Бош қомусимиз лойиҳасига киритган тузатишлар сақланмоқда. Қоғозда акс этган бу тарихий ҳужжатни кўрган кишининг хаёлидан Бош қомусимиз қабул қилинишида Ислом Каримовнинг беқиёс меҳнати борлиги ўтиши табиий. 

Барчамиз Конституция давлатнинг асосий қонуни эканини яхши биламиз. Шу маънода, бундай муҳим ҳужжатнинг яратилишида Ислом Каримов ўзининг ҳуқуқий билим ва салоҳияти, бу борадаги жаҳон тажрибасини яхши билишини намоён эта олди. Энг асосийси, Бош қомусимизда умуминсоний жиҳатлар билан бирга, халқимизгагина хос миллий қадриятлар ва тафаккур тарзи инобатга олинган. Бу жиҳатлар Конституциямизда вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканида, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли этиб белгиланганида, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлигида ҳамда энг муҳим жиҳат, бу вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлигида ўз аксини топади. 

Алоҳида фахр билан айтиш жоизки, бу каби халқимизгагина хос қадрият бошқа бирон бир давлат Конституциясида биздагидек ҳуқуқий мукаммал мустаҳкамланмаган. Айниқса, унда мамлакатимизда юздан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қилишини инобатга олган ҳолда, бағрикенглик принципига алоҳида эътибор қаратилган. 

Зеро, қайсики давлатда диний, сиёсий, ирқий ва миллий бағрикенглик сиёсати олиб борилса, бу заминда турли низоларнинг юзага келмаслиги кафолатланади. Аммо ҳаётнинг бу оддий ҳақиқатини рўёбга чиқаришда, биринчидан, шу сиёсатни амалга ошириш учун етарли ҳуқуқий асослар яратилиши, иккинчидан, шу давлатда истиқомат қилувчи туб миллий аҳолининг ушбу сиёсат моҳиятини англаб етиши муҳим аҳамиятга эга. 

Ислом Каримов Конституциямиз қабул қилинишига бағишланган расмий йиғилишда таъкидлаганидек, Бош қомусимизда инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатланади. 

Тинч ва фаровон ҳаётимизда биз эришаётган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам асоси – Конституциямиз. Шу қутлуғ кунларда халқимиз пешонасига битган улуғ инсонларни ёдга олиш, бугунги халқчил ислоҳотларимизга ҳамнафас яшаш ҳар биримизнинг бурчимиз ва биз мана шу тўкисликка муносиб бўлмоғимиз шарт. 

 

Умид Хўжамқулов,

Тошкент молия институти ўқитувчиси,

филология фанлари номзоди.