“Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Адолат ҳар бир ишда
ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!” деган чуқур маъноли сўзлари
ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур”.
Шавкат Мирзиёев
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида бўлиб ўтган “Aмир Темурнинг жаҳон ҳарбий санъати ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги халқаро илмий-назарий конференция нафақат тарихий хотирани ёдга олиш, балки уни замонавий тафаккур призмасида қайта англашга хизмат қилган муҳим илмий майдонга айланди. Буюк саркарда Aмир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган ушбу нуфузли анжуман турли мамлакатлардан ташриф буюрган темуршунос олимлар, тадқиқотчилар, ҳарбий мутахассислар ва дипломатик корпус вакилларини бирлаштирди.
Қутлов сўзлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Улуғбек Шерматов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Хасанов ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси вакили Биляна Милошевич, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Карттунен, Германиялик ҳарбий атташе Франк Гиесен каби нуфузли меҳмонлар чиқиш қилиб, Амир Темур меросининг бугунги кундаги аҳамияти, унинг жаҳон ҳарбий санъати ва давлатчилик тарихидаги ўрни ҳақида атрофлича фикр билдирдилар.
Конференцияда илгари сурилган масалалар доираси кенг ва кўп қиррали бўлиб, унда Aмир Темурнинг ҳарбий стратегияси, дипломатик алоқалари, давлат бошқаруви ва иқтисодий ислоҳотлари чуқур илмий таҳлил қилинди. Aйниқса, “Aмир Темур мероси – миллий армиянинг маънавий таянчи” мавзуси бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганини яна бир бор исботлади. Зеро, Соҳибқирон мероси фақат тарихий феномен эмас, балки замонавий ҳарбий тафаккур учун ҳам муҳим назарий асосдир.
Aнжуманда камина ҳам “Aмир Темур ҳайкалларига – уч ижодий муносабат” мавзусидаги маъруза билан иштирок этдим. Унда ҳайкалтарош Илҳом Жабборов томонидан яратилган Aмир Темур сиймосининг бадиий талқини таҳлил этилди. Маърузада уч босқичли ёндашув – тарихий ҳақиқат, бадиий талқин ва ижтимоий онгга таъсир механизми орқали ҳайкалнинг мураккаб семантик тузилиши очиб берилди.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги Aмир Темур ҳайкали мисолида буюклик сиймосининг композицион ечими алоҳида эътироф этилди. От устидаги саркарда образи - бу фақатгина тарихий сиймо эмас, балки куч, ирода ва адолат тимсоли сифатида талқин этилади. Бу борада Ислом Каримов томонидан 1993 йил 31 август ҳайкал очилиш маросимида: “Мамлакатимизнинг марказида, қадимий ва гўзал пойтахтимиз–жонажон Тошкентимиз ўртасида қад кўтарган улуғ бобомиз сиймоси халқимизга фахр ва ғурур бахш этмоғи муқаррар! Бу сиймо мард, танти, ҳалол ва ғайратли халқимизни бирлаштиришда, жипслаштиришда, имон–оқибатли бўлишда, қудратли келажагимизни қуришда бизга янги–янги куч қувват ва шижоат бағишлайди” дея айтган гаплари мазкур ҳайкалнинг ғоявий марказини белгилаб берди. Қўлини олдинга чўзган Соҳибқирон тимсоли эса омонлик ва ҳамжиҳатликка чорлов сифатида талқин қилинади.
Шунингдек, Шаҳрисабздаги ҳайкал мисолида ҳам мустақиллик даври ҳайкалтарошлигига хос улуғворлик ва рамзийлик тамойиллари намоён бўлади. Оқсарой қаршисида қад ростлаган мазкур ҳайкал тарих ва макон ўртасидаги узвий боғлиқликни ифода этади. Бу нафақат эстетик макон, балки миллий ўзликни англаш ва тарихий хотирани мустаҳкамлаш воситасидир.
Темурийлар меросини ўрганиш йўлида Биринчи Президентимиз томонидан амалга оширилган илмий ташаббуслар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Жумладан, Темурийлар тарихи давлат музейининг ташкил этилиши ва кейинги йилларда амалга оширилган фундаментал тадқиқотлар Соҳибқирон даврига оид ёзма манбаларни тизимли ўрганишга хизмат қилди. Бу эса Aмир Темур шахсини глобал тарих контекстида янада чуқурроқ англаш имконини бермоқда.
Тадбир доирасида намойиш этилган саҳна кўринишлари эса илмий муҳокамаларга бадиий руҳ бағишлади. Ҳарбий саҳналарда Соҳибқироннинг мардлик, қатъият ва ватанпарварлик фазилатлари жонли ифода топди. Бу чиқишлар нафақат ўтмиш сабоғи, балки бугунги бурч ва масъулият тимсолидир.
Жорий йил юртимиз бўйлаб Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги ҳар йилгидан ҳам кўтаринки руҳда ўтмоқда. 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавакат Мирзиёев Aмир Темур хиёбонига ташриф буюриб, Соҳибқирон ҳайкали пойига гулчамбар қўйиши чуқур рамзий маънога эга бўлган воқеа сифатида баҳоланади. Бу эҳтиром нафақат буюк саркарда ва давлат арбобининг тарихий меросига ҳурмат ифодаси, балки бугунги тараққиёт йўлимиз билан узвий боғлиқ маънавий ғояларни ҳам акс эттиради.
Янги Ўзбекистон шароитида бошқа соҳалар сингари тарихий аждодларимиз меросини илмий-маънавий меросини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш Учинчи Реннесанс пойдевори яратилаётган бугунги кунда муҳим аҳамият касб этади.
Aмир Темур асос солган Темурийлар даври - яъни Иккинчи Уйғониш даври - илм-фан, маданият ва бунёдкорликнинг юксак босқичи бўлган. Бугунги кунда эса мамлакатимизда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси айнан ана шу буюк тарихий илдизларга таянади. Шу маънода, Президентимизнинг ушбу ташрифи тарихий хотирани эъзозлаш орқали келажакни барпо этиш, яъни янги уйғониш даврини шакллантириш йўлидаги изчил сиёсатнинг ёрқин ифодасидир.
Манушак Арушанова,
санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)