ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Бахтли болаликнинг болажонлари


01.06.2018

Бутун дунё бўйлаб қарийб 70 йилдан буён 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида кенг нишонланади.

 

Урушдан сўнг болалар саломатлигини ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш дунё ҳамжамияти олдидаги энг долзарб вазифалардан бирига айланди. 1949 йили Париж шаҳрида Халқаро аёллар демократик федерациясининг конгрессида болалар ҳуқуқларини камситишга қарши курашиш дунёнинг ҳар бир аҳолиси олдида турган бирламчи вазифалардан бири эканлиги таъкидланади ва йилнинг бир кунини айнан шу мавзуга бағишлашга келишиб олинди. Шу тариқа 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши 61 мамлакатни, ер шари аҳолисининг 80 фоизини яъни 1,7 млрд. инсонни ўз гирдобига тортди. Энг кўп жабрланувчилар бегуноҳ болалар эди. Урушдан кейинги даврда ҳам кўплаб мамлакатларда болалар очарчиликдан, юқумли касалликларнинг тарқалишидан, одам савдоси – қулликдан азият чекиб келаётган эди.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунининг моҳияти унинг байроғида ўз ифодасини топган. Байроқда яшил фонда ер шари, бешта турли рангдаги болакай ва уларнинг оёқчалари ҳосил этган юлдузча тасвирланган. Бунда яшил ранг – тириклик, тараққиёт тимсоли. Ер шари барчамизнинг умумий уйимиз эканини англатади. Унинг кўк рангдалиги тинчлик ифодасидир. Турфа рангдаги болакайлар беш қитъадаги барча ирққа мансуб миллат ва элатларнинг тенглиги рамзи бўлса, уларнинг оёқчалари ҳосил этган юлдузча болалар бахт-саодати учун якдилликка даъватдир. 

Мамлакатимизда болалар келажагимиз ворислари, миллатимиз давомчилари сифатида эъзозланади. Ўзбек халқи азалдан болажон халқ. Халқимиз қайси дин, қайси миллат фарзанди бўлишидан қатъи назар, меҳр бериб, бошини силайди. Биргина мисол: Иккинчи жаҳон уруши йилларида уй-жойи вайрон бўлиб, ота-онасидан етим қолган, яқинларидан ажралган икки юз мингдан ортиқ болаларни Ўзбекистон бағрига олди. Ватанига, ўзбек хонадонларида ўз уйларига эга бўлди. Халқимиз “Сен етим эмассан” деб, ўзининг бир бурда нонини ҳам ана шу болалар билан баҳам кўрди. Ўша вақтда 14 нафар етим болаларни тарбиялаб, авайлаб вояга етказган Шомаҳмудовлар оиласи бутун ўзбек халқининг бағрикенглиги ва олижаноблиги рамзидир. Унга қўйилган ҳайкал асрлар оша фарзандларимизни ана шу руҳда тарбиялашга хизмат қилади.

Мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, манфаатлари муҳофаза қилинган. Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид бешта халқаро конвенцияга қўшилган. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Конституциямиз ва бошқа қатор қонунлар асосида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари таъминланмоқда. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни камолга етказишга хизмат қилмоқда. 

Ушбу қонунда мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Улар орасида боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш алоҳида ўрин тутади.

Бола ҳуқуқи унинг туғилишидан аввал пайдо бўлади. Шу боис мамлакатимизда болаларнинг, аввало, соғлом туғилишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Чақалоқлар дунёга келган кундан бошлаб тиббий назоратга олинмоқда. Уларни турли касалликлардан, соғлом камол топишига хавф соладиган таъсирлардан асрашга катта эътибор берилмоқда. Шу боис мамлакатимизда гўдаклар ўлими тобора камаймоқда. Бу нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам қайд этилиб келинмоқда. 

БМТнинг жаҳон мамлакатлари фаровонлиги даражасини ўрганувчи маркази — The World Happiness Report 20 март Бутунжаҳон Бахтиёрлик куни олдидан “Бахт индекси”ни эълон қилди. Унда дунёнинг 156 давлати аҳолисининг ҳаётига баҳо берилган. Ҳисоботга кўра, МДҲ мамлакатлари орасида ўзбекистонликлар биринчи ўринда экани маълум бўлди. Юртимиз жаҳондаги энг бахтли 50 мамлакатдан бири сифатида эътироф этилди ва 44-ўринни эгаллади.

“Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

Истиқлол йилларида кўплаб замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган диагностика, перинатал ва скрининг марказлари, янги туғруқхоналар барпо этилди.

1993 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг Фармони билан давлат мукофоти – I, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда болалар спортига катта эътибор қаратилди. “Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси”нинг ташкил этилиши республикамизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топишида жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни беқиёсдир. Шу боис, мамлакатимизда спорт, хусусан болалар спортини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, ота-она қарамоғидан маҳрум, етим болаларга давлатимиз томонидан доимий эътибор қаратилмоқда. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасида қайд этилганидек, “ижтимоий ёрдам уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир болага тайинланади”. Худди шу моддада етим болаларга ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим бериш ҳамда уларни таъминлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилиши қайд этилган. 

Бундай инсонпарварлик тамойилларининг ҳаётимизга кенг жорий этилишида давлат органлари билан бирга жамоат ташкилотлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Sen yolg`iz emassan” республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази каби ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар эътироф ва эътиборга сазовор. 

Мамлакатимиз ҳар соҳада жадал ривожланиб борар экан, янги-янги талаблар юзага келиши табиий. Мана шу янги талабларни бажара оладиган замонавий билимларга эга, матонатли авлод улғайиб келаётгани кўзимизни қувонтиради.

 

Бунёд Абдуллаев

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти

Ислом Каримов номидаги  илмий-маърифий Ёдгорлик мажмуаси

Етакчи илмий ходими