“Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Амир Темур
шахси яна Ватан ва миллат тимсолига айланди.
Амир Темур бизнинг шаън-шавкатимиз, ғурур-ифтихоримиздир.
Амир Темур – халқимиз даҳосининг тимсоли, маънавий қудратимиз рамзи”
Ислом Каримов
Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилиниши нафақат сиёсий эркинлик, балки миллий ва маънавий тикланиш учун ҳам имконият яратди. Мустақиллик шарофати ила миллий қадриятлар қайта тикланди, Ўрта Осиё ҳудудидан етишиб чиққан, жаҳон илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг илмий мероси ўрганила бошланди. Ўзбек давлатчилиги тарихида муносиб ўрин эгаллаган Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур сингари буюк аждодларимиз фаолиятини кенг ўрганиш, номларини абадийлаштиришга эътибор қаратилди.
Жумладан, марказлашган давлат асосчиси, буюк саркарда, илм-маърифат ҳомийси Амир Темур номининг қайта тикланиши, йирик шаҳарларда маҳобатли ҳайкалларининг ўрнатилиши, ЮНЕСКО миқёсида юбилей саналарининг халқаро даражада нишонланиши, Темур ва темурийлар даври тарихи, маданияти кенг тадқиқ этилиши, бир сўз билан айтганда, ўзлигимизни англаш имконияти миллий мустақиллик билан боғлиқ. Унитилаёзган тарихимизнинг тикланиши, халқимизнинг фахри, ғурурига айланган, жахон тарихида муносиб ўринга эга бўлган Амир Темурдек аждодларимизнинг ўз юрти, халқи равнақи учун олиб борган фаолияти ёшларимиз учун чинакам ибрат намунасидир.
Маълумки, Мовароуннаҳрда илм-маърифат соҳасидаги ижобий анъаналар қарийб бир ярим аср давомида, яъни мўғуллар ҳукмронлиги даврида таназзулга юз тутди. Ана шундай бир шароитда тарих саҳнасига чиққан Амир Темур Мовароуннаҳрни яна бир бор савдо-иқтисодий, ҳунармандчилик, илмий-адабий муҳит тараққий этган марказга айлантирди. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Амир Темурни буюк шахс сифатида баҳолар экан, қуйидаги фикрларни билдирган эди: “...Амир Темур аввало қудратли давлат қурган. Давлат қудратли бўлмаса, бетакрор маънавий мерос ҳам, обидалар ҳам, тарихий ёдгорликлар ҳам бўлмас эди. Ўзбекистоннинг бугунги озодлигини мустаҳкамлаш даврида Амир Темур биз учун буюк давлат асосчиси сифатида қадрлидир. У давлат пойдеворини қурган, давлатнинг ҳуқуқий асосини барпо этган. Унинг давлатчилик борасидаги фикрлари нафақат ўз даври, балки келгуси авлод учун ҳам катта аҳамият касб этади”.
Маълумки, советлар бошқаруви даврида Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш у ёқда турсин, ҳатто унинг номини тилга олиш ҳам мутлақо тақиқлаб қўйилган эди. Бу мавзуда яратилган баъзи бир илмий-бадиий асарларда Амир Темур сиймоси тарихий ҳақиқатга зид равишда бирёқлама, асосан қорабўёқларда акс эттирилар эди. Истиқлолга эришганимиздан кейин бу масалада ҳам тарихий адолат қарор топди.
Муқаддас юртимиз заминида яшаб ўтган кўплаб улуғ сиймолар қатори Амир Темурнинг номи, шаъну шавкати ва мероси ҳам қайта тикланиб, бу буюк зот ҳақидаги асл ҳақиқат холис ва ҳаққоний ёритилмоқда, тадқиқотлар олиб борилмоқда, китоблар ёзилмоқда. Зеро, Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш–тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.
Амир Темурнинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлар ҳақида билдирган фикрлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш ва тадбир асосида амалга ошириш, ҳар бир масалада узоқни кўзлаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. У ўзининг Самарқанддаги саройига илм-фаннинг турли соҳалари бўйича иқтидорли олиму шоирларни чақириб олди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш ўринлики, Амир Темурнинг ўзида ҳам илмга иштиёқ зўр бўлганлиги учун у тарихни, фиқҳ ва ҳарбий илмни яхши ўрганган ҳамда меъморчилик, фалсафа, табобат, айниқса, юлдузшуносликка қизиқар, шунингдек, шеърият ва мусиқани ёқтирган ҳамда ўзи ҳам шеърлар ёзган. Амир Темур ўз она тили – турк тилидан ташқари форс ва араб тилларида бемалол сўзлашган, ёшлигидан қуръонни ёд олган, ислом дини билан боғлиқ илмларни пухта ўзлаштирган.
Ўтган йиллар давомида Амир Темур номи билан бирга темурийлар даври меъморий ёдгорликларини таъмирлаш, қайта тиклаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда Самарқанд худди Амир Темур давридагидек дунёнинг маданий марказига айланди, десак, хато бўлмайди. Бугунги кунга келиб. Самарқандда халқаро даражадаги турли сиёсий, маданий тадбирлар, анжуманлар ўтаётгани фикримизнинг далилидир.
Шу маънода, АҚШлик олим, сиёсат арбоби “Буюк шахмат тахтаси” китобининг муаллифи Збигнев Бжезинский “Бу мамлакатнинг (Ўзбекистоннинг) янги сиёсий элитаси янги давлатни соҳибқирон Амир Темур ўрта асрларда барпо этган улкан империянинг бевосита вориси деб эълон қилди. Амир Темур давлатининг пойтахти Самарқанд дини ислом, илму нужум ва санъатни ўрганиш бобида машҳур минтақавий марказга айланган эди”, деб таъкидлаб ўтган.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Амир Темурнинг давлатчилик тажрибасига юксак баҳо бериб, “Буюк стратег, моҳир сиёсатчи, эскирган ижтимоий муносабатларнинг қатъий ислоҳотчиси, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва маданиятнинг ҳомийси бўлган Амир Темур қонунлар ва урф-одатларга асосланган давлатни барпо этди” деб алоҳида таъкидлаганди.
Амир Темур нафақат ўзбек давлатчилиги, балки жаҳон халқлари тарихидан ҳам муносиб ўрин эгаллаган йирик давлат арбоби, тенгсиз саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси, бунёдкор шахс сифатида инсоният цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган.
Соҳибқироннинг давлатчилик ғоялари, адолатга асосланган кучли бошқарув тизими, маърифатпарварлик сиёсати қарийиб етти асрдан буён ўз аҳамиятни йўқотмай келмоқда.
2026 йил 5 февралда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарорни имзолади. Ушбу Қарорда Амир Темур таваллудини республика бўйлаб кенг нишонланиши, фақатгина тарихий юбилей сифатида эмас, балки миллий ўзликни англаш, бой маънавий меросни чуқур ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган муҳим жараён сифатида қаралмоқда.
Шунингдек, Қарорнинг асосий мақсади буюк аждодимиз асос солган Иккинчи Уйғониш даврининг миллий ва умуминсоний моҳияти, ёш авлодни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ташкилий-амалий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни янги сифат босқичига кўтаришдан иборат.
Шу билан бир қаторда 2026 йилдан бошлаб, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказиш белгиланди. Бу каби тадбирлар, давра суҳбатлари, илмий учрашувлар турли ёш тоифасидаги республика фуқароларини Амир Темур шахсига оид қизиқарли маълумотлар билан таништириш, унинг давлат бошқаруви, ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий фаолиятини яқиндан англаш имконини беради.
Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг мазкур Қарори нафақат тарихчилар, балки бутун жамиятимиз зиёлилари, халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Мазкур қарор ва у билан режалаштирилган тадбирлар соҳибқирон Амир Темур шахсиятига бўлган чуқур эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Ҳамро Раҳмонов,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),
катта илмий ходим