– Давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган қомуснома – бу Конституциядир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бу эътирофи бугун Асосий қонунимизга берилган оддий таъриф эмас, балки Ўзбекистоннинг келажаги, жаҳон миқёсида тутган ўрни мустаҳкамланиб боришига оид башорати каби жаранглайди.
Дарҳақиқат, давлат ўз ҳуқуқий ҳужжати – Конституцияси билан дунё саҳнига қадам қўяди. Шу жиҳатдан ҳар томонлама мукаммал ва халқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб берадиган Асосий қонунимизнинг яратилиши халқимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлиши билан бирга, улуғ мақсадлар сари собит қадам ташлашида мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида қайд этганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунасидир.
Шу ўринда Конституциямизнинг яратилиши тарихига бир назар ташласак. 90-йиллар халқимиз учун қандай оғир синовлар даври бўлгани бугун сир эмас. Лекин шундай мураккаб бир даврда халқимизнинг асрий орзуси бўлган мустақиллик сари, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва мустаҳкамлаш йўлида дадил қадамлар қўйилган.
1990 йил 20 июнь куни Мустақиллик декларациясини қабул қилиш жараёнида Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш таклифи илгари сурилди. Шу мақсадда Конституция комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассисларни ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди.
Адлия вазирлиги бу борада ишчи орган этиб белгиланди. Ўша вақтда мазкур ташкилот раҳбаридан бири сифатида Конституциянинг дунёга келиши билан боғлиқ кўпчилик жараёнларда вазирлик ходимлари билан бирга иштирок этганмиз.
Конституция – қонунларга асос бўлувчи, давлатнинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи муҳим ҳужжатлиги боис уни яратиш осон кечмаган. Боз устига ўша даврда бизда қонунчилик билан шуғулланувчи институтлар бўлмаган, алоҳида тажриба ҳали шаклланмаган эди.
Шу боисдан ҳар томонлама етук, академик билимларни эгаллаган олимлар, амалиётчилар тажрибаси асқотган, десак хато бўлмайди. Ўша вақтда кўзга кўринган, йирик ҳуқуқшунос олимлар Шавкат Ўразаев, Анвар Аъзамхўжаев, Ҳожиакбар Раҳмонқулов ва бошқалар бутун тажрибаси, салоҳиятини ишга солган ҳолда илк лойиҳани таёрлашда жонбозлик кўрсатган.
Жаҳон тажрибасини, демократия ва энг ривожланган мамлакатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни синчиклаб ўрганиш билан бир қаторда миллий давлатчилигимизнинг кўп асрлик тарихи, халқимизнинг ўзига хослигига алоҳида эътибор қаратилган ҳолда комиссия томонидан икки йилдан ортиқ вақт мобайнида Конституция лойиҳаси тайёрланди.
Мазкур лойиҳа ҳамда ривожланган давлатлар конституциялари нормалари ёнма-ён ўрин олган катта тарх Биринчи Президентимиз ҳузурида тақдим қилинар эди. Синчиклаб ўрганиш ва бошқа давлатлар тажрибасига назар солган ҳолда, у киши ҳар сафар ўз қўли билан лойиҳага ўзгартиришлар киритарди, фикрларини билдирарди. Шу яхлит лойиҳа қайта-қайта ишланди. Ниҳоят, Конституция лойиҳаси 1992 йил 8 сентябрда умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди.
Муҳокама жараёнида халқимиз фаол иштирок этди. Адлия вазирлиги олимлар, депутатлар ва мутахассислар иштирокида лойиҳада акс этган тамойиллар мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига тушунтириб борди.
Конституция лойиҳаси муҳокама жараёнида билдирилган таклифлар асосида янада такомиллаштирилди. Муҳими, бу унинг кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтишини таъминлади.
1992 йил 8 декабрь куни Бош қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами, деб эълон қилинди.
Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.
Конституция яратилиши ва қабул қилингунигача бўлган барча жараёнларда Биринчи Президентимизнинг доимий эътибори, фикр-мулоҳазалари, талабчанлиги алоҳида ўрин тутди. Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида қайд этганидек, Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи, деб эътироф этиш учун барча асосларга эгамиз.