ОДДИЙЛИКДАГИ БУЮКЛИК
2000 йил августи. Намхуш куз тонги. Шаҳидлар хотираси майдонида ер-кўкка одам ёғилган. Саҳарлаб осмонда қора булут тўпланиб майдон тепасида бургутдек бир айланди-да кенг самонинг бағрида калавадай чувалиб сўнг тарқаб кетди. Руҳлар жунбушга келди, деди ёнимдаги онахонлардан бири. Майдон ўртасида ўрнатилган мармартош салобатли кўринади.
Майдоннинг паст томонидаги кўприклардан туранақатор бўлиб тумонот одам хотира ёдгорлиги гирдига тўпландилар.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ёнларида Мутаваккил Бурхонов ва икки киши ҳамроҳлигида Ёдгорлик саҳнига чиқишди. Юртбошимизнинг бир қадар маҳзун, бир қадар оташин нутқи юракларга ҳаяжон солди. Бир пайт аёллар орасидан баланд бўйли қора мағиздан келган аёл зинадан кўтарила бошлади. Унинг журъатидан бироз безовталаниб шаҳар хотин-қизлар сарвари Фарида Абдураҳимова аёл томон кела бошлаганида сезгир Юртбошимиз табассум билан зинадан тушиб аёл пешвозига тушдилар ва унинг елкаларига қўлларини қўйиб зинадан кўтарилиб саҳнага олиб чиқдилар.
У сиполик билан оҳиста сўз бошлади:
Бувим Жосият биби кечалари отамни йўқлаб “бемозорим” деб йиғлардилар. Отамизнинг хокини қучиб тавоф қиладиган қабри йўқ эди. Аллоҳга шукур, мана энди падаримиз қабрини зиёрат қилиб йиғлайдиган, гул қўядиган зиёратгоҳ барпо этилди. Мана бундан буён Абдулла Қодирийнинг фарзандлари, набиралари тавоф қиладиган саждагоҳ яратилди. Минглаб шаҳидлар, қатағон қурбонлари шарафига эҳтиром рамзидир бу. Аждодлар ва авлодлар номидан юртимизнинг доно фарзандига раҳматлар айтаман...
Майдон ларзага келди. Бу мушфиқ аёл буюк Қодирийнинг қизи Аниса Абдуллаева эди.
Ўшанда Ислом Каримовнинг халқимизнинг буюк тарихига, унутилмас сиймоларига меҳрини ва оддий инсонларга эътиборини, самимиятини кўриб ҳайратга тушганман.
Қанча безовта руҳларнинг армонларини ҳайқириғига сингдирган Бўзсув ва қанча кафансиз кўмилганларнинг фарёдидан титраб ётган жарликлар озгина таскин топгандай. Бу майдонда ”Шаҳидлар хотираси” мозийхонаси ташкил этилди. Қирчинида ўққа учган юрт ўғлонларининг азиз сиймолари, эгасига етмаган номалари, оҳлари битилган дафтарлар бунда келувчиларни тарихнинг изтиробли сирларидан огоҳ этади, инсонни улуғлашга, халқ хотирасини қадрлашга даъват этади. Бугунги фаровон маъмур, тинч осойишта кунларимиз учун не-не азиз инсонлар кундага бош қўйганидан хабардор қилади ёш наслларни.
Ана шундай савобли хайрли ишларнинг бошида турган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов буюклик чўққисида нур сочиб туради . Бу нур юракларимизда, хотирамизда абадий порлаб туражак.
ОНА ТУРКИСТОНЧА ЙИҒЛАГАН ЙЎҚДИР
— Истиқлол ҳавосига, озодликка, эркинликка тўйиш мумкинми ўзи?
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.КАРИМОВ сўзларидан.
Кийикнинг кўзидан бошқа айби йўқ,
Маним жайрон элим, кўзларингда ўқ.
Дардинг-ку кўксингда ёниб турган чўғ,
Озодлик деб сен-ча йиғлаган кимдир?
Оёқ остиндаги туфроқ бўлдинг-а,
«Босмачи» бўлдинг-а, «қулоқ»бўлдинг-а,
Қирғинларда боши улоқ бўлдинг-а?
Эрк деб сен-ча бағрин тиғлаган кимдир?
Ўзлигингни қамаб «Ёрилтош»ларга,
Айландинг қаноат, фил бардошларга,
Ҳасратингни айтиб гулга, тошларга,
Жигари-бағрини доғлаган кимдир?
Кафансиз кўмилган, мозори ғорат,
Йиғлаб-йиғлолмаган, озори ғорат,
Умр деган савдо бозори ғорат,
Селу себор бўлиб йиғлаган кимдир?
Ўз уйидан ногоҳ чиққанда илон,
Беклари тирқираб тўзғиса тўрт ён,
Ожиз қўйчивондек гарангсиб ёмон,
Етмиш йил ўликдай ухлаган кимдир?
Қандаладай сўриб куч-мадорини,
Бир юҳо топтади номус-орини,
Унутиб Аллоҳдай азиз ёрини,
Узлатда сенчалик йиғлаган кимдир?
Харсанглар мум бўлди Қадр кечангда,
Илоҳий зум бўлди Қадр кечангда,
Ким билди, ким билди Қадр кечангда:
Нон эмас, нур сўраб йиғлаган кимдир?
Руҳингдаги майин шаббодалардан,
Кўзингдаги озод ифодалардан,
Ғойибу тирик бор ғамбодалардан
Сўйласам, сенчалик йиғлаган кимдир?
Қодирийнинг маҳзун кўзлари айтсин,
Носирийнинг пари сўзлари айтсин,
Аждодларнинг улуғ қарзлари айтсин:
Она Туркистон-ча йиғлаган йўқдир,
Озодлик деб онча йиғлаган — йўқдир!
1993.