Мулк деб аталмиш неъмат барча макон ва замонларда кишиларни ўзига оҳанрабодек тортиб келган. Унинг хусусий қўлларда мавжудлиги, салмоғи, ҳажми ва қиймати жамият аъзоларининг ижтимоий мавқеини белгилаб келган.
Зеро, мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, бир сўз билан айтганда, мулкдорлик бойликнинг ўзига хос эталони бўлиб келган ва сир эмас, айни замонамизда ҳам шундай бўлиб қолмоқда. Сўз хусусий мулкдорлик хусусида кетмоқда.
Ўзбекистон собиқ Иттифоқ тузуми таркибида бўлган йиллар тажрибаси шуни кўрсатдики, мулкни ҳаддан ташқари марказлаштириш ва жамиятнинг барча муаммоларини давлат зиммасига юклаш ҳамда давлатнинг нималарга қодирлигини четдан туриб кузатиш охир-оқибат иқтисодий таназзулга олиб келди. Зеро, “қайта қуриш”гача бўлган даврда давлатнинг қўлида мавжуд моддий неъматларнинг 90 фоиздан кўпроғининг тўпланиб қолиши иқтисодий муносабатларнинг турғунлашувига сабаб бўлганлиги аччиқ ҳақиқат.
Бундан ташқари, мулкнинг давлат ихтиёрида марказлашуви хўжасизликка, унинг талон-тарож қилинишига, кўпайтириш ўрнига – ўзлаштиришга учради. Шу билан бирга, мулкка нисбатан қатъий белгиланган “меники”, “ўзганики” тушунчаларининг йўқотилиши ва унинг ўрнига “бизники”, ”ҳамманики”, демак, “меники” ёки “ҳамманики, шунинг учун ҳам меники эмас”, деган қарашларнинг пайдо бўлиши мулкчилик муносабатлари тубдан издан чиқишига олиб келди.
Бу ҳолатлар мулкни давлат қўлида бундай даражада (собиқ Иттифоқда бўлгани каби) тўпланишининг иқтисодиёт учун, кишиларнинг мулкка бўлган муносабатлари учун салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, иқтисодий ривожланишнинг тўхтаб қолишига, турғун бўлишига ҳам олиб келди. Ҳа, кишилар мулкдан сунъий равишда “бегоналаштирилди”.
1963 йилнинг 23 мартида тасдиқланган ва 1964 йилнинг 1 январидан амалга киритилган “Ўзбекистон ССР Гражданлик кодекси”нинг 119-моддасига кўра, “гражданларнинг шахсий мулкида чорва моллари ва паррандалар боқиш нормаси халқ депутатлари шаҳар, посёлка, қишлоқ, овул Советлари, совхозлар бошқа давлат қишлоқ хўжалик корхоналари, колхозлар ёки бошқа қишлоқ хўжалик кооперативлари аъзоларининг умумий йиғилишлари томонидан белгиланади”. Кодекснинг 120-моддаси “гражданнинг шахсий мулкида битта уй (ёки уйнинг бир қисми) бўлиши мумкин. Бирга истиқомат қилувчи эр-хотин билан уларнинг вояга етмаган болалари тасарруфида – улардан бирининг шахсий мулки тарзида ёки уларнинг умумий мулки тарзида фақат битта уй бўлиши мумкин...
Ушбу меъёр “кўрсатилган гражданларга тегишли уй-жойнинг ёки унинг қисми (қисмлари)нинг максимум ҳажми, турар-жой майдони тўқсон квадрат метрдан ошмаслиги лозим”лигини нормалайди. 121-моддаси эса, “агар гражданнинг шахсий мулкида ёки бирга турувчи эр ва хотин ҳамда уларнинг вояга етмаган болалари ихтиёрида қонун йўл қўйган асослар бўйича уй-жой биттадан ортиқ бўлиб қолса, уй эгаси ўз хоҳиши билан ана шу уй-жойлардан бирини ўз эгалигида қолдиришга ҳақлидир. Бошқа уй-жойи (уйлари) ни уй эгаси ана шу уй-жой (уйлар) га эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб бир йил давомида сотиши, ҳадя қилиши ёки бошқа усул билан бировга ўтказиши лозим.
Башарти... Уй-жой эгаси белгиланган муддат ичида ортиқча уй-жойини, қайси шаклда бўлмасин, бировга ўтказиш ҳуқуқидан фойдаланмаса, бу уй-жой – халқ депутатлари район, шаҳар, шаҳардаги район Совети ижроия комитетининг қарори билан, Ўзбекистон ССР Гражданлик-процессуал кодекси асосида суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда мажбурий суратда сотилиши лозим бўлади. Бу уй-жойни сотишдан тушган сумма, мажбурий суратда сотиш билан боғлиқ бўлган харажатлар қоплангандан кейин, шу уйнинг собиқ эгасига топширилади. Агар харидор топилмаганлиги сабабли уй-жойни мажбурий тартибда сотиш иложи бўлмаса, бу уй-жой халқ депутатлари район, шаҳар, шаҳардаги район Совети ижроия комитетининг қарорига мувофиқ бепул тарзда давлат мулкига ўтказилиб, халқ депутатлари маҳаллий Совети фондига қўшилади” (курсивлар бизники – М.Б.). Энг аянчли ва кулгилиси, ушбу Кодекснинг 106-моддаси “Социалистик ва шахсий мулк”ка бағишланади-ю, амалда норманинг диспозициясида “шахсий мулк” ҳақида айтишга арзирли норма белгиланмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ республикамизда мулк ислоҳоти ўтказиш зарурияти юзага келди.
Республикамизда мулкий ислоҳотлар ўтган асрнинг 80-йиллари охирлариданоқ бошланди. 1989 йилнинг 24 июнь куни республика ҳукумати мажлисида Ислом Каримовнинг “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замонинг ўзи йўл қўймайди”, дея қатъий баёноти ўлароқ, хиёл ўтмай, 1989 йил 15 августда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети, Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг “Колхозчилар, совхозларнинг ишчилари, гражданларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларини ва якка тартибда уй-жой қурилишини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинишига олиб келди.
Унда юқоридаги ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқароларга шароитдан келиб чиқиб, 0,25 гектаргача томорқа участкаси ажратиш ҳақида норма белгиланган эди. Эҳтимол, фуқароларимизда (ер мисолида) мулкка нисбатан эгаменлик туйғуси ўша палладан бошланган бўлса, ажаб эмас. Муҳими ва фавқулодда аҳамиятлиси, бу қарорнинг собиқ Иттифоқ ҳали ҳукм суриб турган пайтда қабул қилинганлигидир.
Кейинчалик, 1990 йил 31 октябрда – “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”, 1991 йил 31 августда – “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”, 1991 йил 19 ноябрда – “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.
“Мулкчилик тўғрисида”ги Қонунда республикада биринчи марта мулкий ҳуқуқ тан олинди (!) ва қонун билан муҳофаза этиладиган категория эканлиги, мулкдор ўзига тегишли мол-мулкка – ўз ихтиёрига кўра эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши белгиланди. Ушбу қонун ўша давр, тарих ва мафкуравий жиҳатдан ўта прогрессив аҳамиятга эга эди. Бошроғда айтилганидек, мулкнинг кенг шакллари эътироф этилди. Мулкдор ўз мулкидан қонун билан таъқиқланмаган ҳар қандай хўжалик ёки бошқа фаолиятни амалга оширадиган бўлди.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Конституциявий қонунга кўра, “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг моддий асоси унинг мулкидир. Республика ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, сув ва ўрмонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ва бошқа ресурслар, республиканинг маънавий бойликлари Ўзбекистон Республикасининг миллий бойлиги, мулки ҳисобланади... Ўзбекистон Республикасининг мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш республика қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади”.
Айтиш мумкинки, ушбу омиллар мулкни давлат тасарруфидан чиқаришнинг ҳуқуқий замини бўлди. Сўнгроқ, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунда бу жараённинг ҳуқуқий асослари, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни амалга оширишнинг механизмлари, усул ва воситалари мустаҳкамланди.
Дарҳақиқат, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали мулкчилик муносабатларидаги монополияга барҳам бериш ва иқтисодиётда кўп укладли соғлом рақобатга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга эришиш – энг асосий вазифалардан бири эди. Манбаларда қайд этилганидек, Ўзбекистонда хусусийлаштириш, давлат тасарруфидан чиқариш ишларининг кенг кўламда амалга оширилиши, мулкий плюрализм, аралаш иқтисодиётга йўл очиш чет эл инвесторларини иқтисодиётимизга чорлайдиган асосий омиллар бўлди.
Воқеалар ривожи тезлашди, жадаллашди: навбатдаги босқичда мустақил давлат – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Унда “ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга ҳақли” экани, “бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши”, “хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида” экани белгиланди.
Дарҳақиқат, Ислом Каримовнинг ўз даврида қайд этган “…биз шуни теран англаб олишимиз керакки, бозор ва бозор муносабатларини мулк эгалари пайдо бўлмасдан тасаввур қилиш мумкин эмас. Бозор, иқтисодий эркинлик ўзига хос кишилар – мулк эгаларисиз амал қилолмайди”, деган фикрларини эслаш ўринли.
Катта ислоҳотлар йўли босиб ўтилди. Тажриба тўпланди. Кўникмалар ҳосил бўлди. Сабоқлар чиқарилди. Айниқса, мамлакатимизда “Ҳаракатлар стратегияси” даврида мулкий плюрализм кенг қулоч ёйди. Халқаро рейтингларда инвестициявий жозибадорлик индексимиз ошди. Буларнинг барчаси – Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ташкилий, ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар, ўзгаришларнинг натижаси, дейиш мумкин.
Масаланинг ўқ илдизи – ерга нисбатан хусусий мулкчиликни жорий қилиш билан боғлиқ паллага келди. Ҳа, ерга эгалик масаласи – аҳолисининг аксарияти қишлоқда яшайдиган, ерни севадиган юрт учун ўзак масалалардан бири. Бироқ мамлакатимизда экин экиладиган ерларнинг сезиларли қисми суғориладиган ерлар бўлиб, улар давлат ирригация тизимига муҳтождир. Ернинг олди-сотди қилиниши, бўлиб ташланиши муштарак ирригация тизимининг бузилишига олиб келар, бундан ташқари, ер – уни ўз мақсадлари йўлида аёвсиз фойдаланувчи, фақат манфаат изловчи шахслар қўлида тўпланиши хавфи ҳам бор эди. Шунинг учун ўтган йиллар мобайнида ерни давлат мулки сифатида сақлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаб келинди.
Бугунги кунда вазият мамлакатимизда ўтказилаётган кенг қамровли ислоҳотларга монанд тубдан ўзгарди. Ерга нисбатан хусусий мулкчиликнинг белгиланиши – ривожланган бозор шароитининг зарурий шартларидан бири сифатида амалга оширилиши мумкин бўлган шароитга кириб бормоқдамиз. Бу ҳолатни ривожланган мамлакатлар (АҚШ, Германия, Франция, Япония, Хитой) амалиётида яққол кузатиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида қайд этилганидек, “эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Конституцияда алоҳида ўрин эгаллаши керак”.
Шундай бўлди ҳам. Умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги мамлакат Конституциясида “Ер – қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда – хусусий мулк бўлиши мумкин”лиги нормаланди.
Давлат раҳбарининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан, мамлакатимиздаги барча тармоқлар кесимида функционал вазифалар аниқ белгилаб олинди.
Навбат – амалий ишларга.
Миродилжон БАРАТОВ,
ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи,
юридик фанлар доктори, профессор